Ўзбек рақс санъатининг фидойиси Гулчеҳрахон Фозилжонова (Қурбонова)ни хотирлаб

  Бугунги хотира саҳифамизда, Ўзбекистон халқ артисти Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” Давлат рақс ансамблининг таниқли раққосаси Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган артист Гулчеҳра Фозилжоновани ёдга оламиз…

“Баҳор” раққосалари… (ўртада Гулчеҳра Фозилжонова)

Сен ҳақда қайдадир кимдир шу дамда,

Яҳшилигинг эслаб нимадир дейди.

Демакки, ўтмагандир умиринг беҳуда,

Ҳаётингдан мамнун бўлсанг арзийди…

Ўзбек рақсини дунёга танитиш йўлида катта хизмат қилган Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева, Гавҳар Раҳимова, Розия Каримова, Қундуз Миркаримова, Маъмура Эргашева, Юлдуз Исматова, Гавҳар Матёқубова, Рушана Султонова, Дилафрўз Жабборова, Қизлархон Дўстмуҳаммедова, Малика Аҳмедова каби аёл рақс усталарининг халқ ардоғида бўлганини эътироф этамиз. Шундай юлдузлар орасида муҳтарама Мукаррама Турғунбоеванинг шогирди, рақслари гўзал, нафис ва жозибали, ёқимли ва ўзига хос, қайтарилмас хусусиятлари билан алоҳида ажралиб турадиган миллий рақсларимизнинг ижрочиси Гулчеҳрахон Фозилжонова (Қурбонова)нинг ўрни алоҳида ажралиб туради…

Гулчеҳра Фозилжонова, Тошкент, 1975 йил

Гулчеҳра Фозилжонова (Қурбонова). Ўзбек раққосаси ва балетмейстери, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Гулчеҳра Фозилжонова 1950 йилда Фарғона шаҳрида хизматчи оиласида таваллуд топган. 1969 йилда Тошкент Хореография билим юртини тугатган. 1969-1990 йилларда М.Турғунбоева номидаги Хизмат кўрсатган, Ўзбек Давлат “Баҳор” халқ рақс дастасида раққоса сифатида фаолиятини бошлайди: «Катта ўйин», «Роҳат», «Баҳор тонги», «Тановор», «Муножот», «Помир рақси», «Гулдаста», «Бухоро гўзали», «Гулноз» каби мумтоз, халқ ва замонавий ҳамда қардош халқлар рақсларини катта маҳорат билан ижро этган. Раққосанинг истеъдоди ва салоҳияти айнан ана шу даврда янада ёрқинроқ намоён бўлди. Шунингдек, Гулчеҳра замонавий лирик куйларга тушган рақслари билан ҳам машҳурдирки, унинг ижросидаги рақслар нафис ва жозибали, ёқимли ва ўзига хос, қайтарилмас хусусиятлари билан алоҳида ажралиб туради. Гулчеҳра Фозилжонова АҚШ, Канада, Хитой, Ироқ, Швеция, Норвегия, Финландия, Франция, Италия, Ангола, Мальта, Гвинея, Мозамбик, Олмония, Австрия, Польша, Болгария, Чехославакия, Венгрия, Югославия, Руминия, Лаос, Мексика, Испания, Греция, Вьетнам (жами 40 та мамлакат) каби хорижий мамлакатларда ижодий сафарларда бўлиб, ўзбек рақс санъатининг ноёб дурдоналарини намойиш этди.

Ўз фаолияти давомида, Гулчеҳра Фозилжонова элликдан ортиқ мумтоз, халқ ва жаҳон халқлари рақсларини нозик дид билан ижро этади. Ўзи ижро этган ва саҳналаштирган дилбар рақслари билан ўзбек рақс санъатининг асл ва нодир дурдоналарини фақат халқимиз ўртасида эмас, балки жаҳон узра ташвиқ қилди. Шунингдек, унинг арабча, ҳиндча, испанча, афғонча, форсча, ва бошқа халқларнинг рақслари ҳам унинг репертуаридан мустаҳкам ўрин олган. Гулчеҳра Фозилжонова истеъдодли раққоса ва балетмейстр яхши ташкилотчи сифатида кенг жамоатчиликка яқиндан танилган, эл назарига тушган ва шуҳрат қозонган инсондир. Гулчеҳра Фозилжонова 2011 йилнинг 1 февралида АҚШда вафот этган…

 

Гулчеҳра Фозилжонова ва қизи Шаҳнозахон.1974й.

Даврага тушган гўзал қиз…

1955 йил. У болалигидан гўзаллиги, иффати ва ўзбек миллий одатларимизга бўлган катта муҳаббати билан бошқа дугоналаридан ажралиб турар эди. Гулчеҳра болалигидан жуда ҳам меҳнаткаш, тиришқоқ ва серғайрат бўлиб ўсди. Ўз олдига қўйган мақсадига албатта эришарди. Онасини хизмат жойига бориб, у ерда маҳаллий ва Тошкентдан гастролга келган катта санъаткорлар Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева, Лутфихоним Саримсоқова, Саодат Қобулова, Аббос Бакиров, Таваккал Қодиров, Тўтихон Ирисметова ва бошқаларга ҳавас билан қарар эди. Балким, ёш қизалоқда миллий санаътга бўлган қизиқиш айнан ана шу дамлардан бошлангандир… Аслида Гулчеҳрахон беш-олти ёшидан бошлаб рақс билан шуғулланиб келади. Бу соҳага қизиқишига оналари Орзухон опанинг ва оталари Аҳмаджон аканинг таъсирлари катта бўлган. Улар ёш ва иқтидорли Гулчеҳрани келажакда Мукаррама Турғунбоевадек машҳур раққоса бўлишини жуда ҳам хоҳлаганлар. Ўрта мактабда ўқиб юрган пайтларда Гулчеҳра фақат аълочилар сафида эди, бўш вақтларида онасига уй ишларида ёрдам берарди, китоб ўқирди ва мактаб клубида ташкил қилинган бадиий рақс тўгарагига қатнар эди. Мактабда бирор байрам тадбирлари Гулчеҳрасиз ўтмасди. У ўзининг нафис рақслари билан ҳаммани ўзига ром қилар эди. Бундан ташқари уларнинг гуруҳи Фарғона шаҳрининг кўпгина завод-фабрикалари клубларида, маданият уйларида ўз концерт дастурлари билан чиқишарди. Хуллас, ўшанда Гулчеҳранинг рақсини кўрганлар унинг келажакда албатта Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева, Гавҳархонимнинг изидан бориб катта санъаткор бўлишига ишонишарди.

“Баҳор” ансамбли биносидаги пано, Тошкент 1980 йил.

1960 йил. Рақсга тушиш Гулчеҳранинг жону дили эди… Гулчеҳрахоннинг ўзи ҳам ўша даврдаёқ келажакда албатта Мукаррама Турғунбоевага ўхшаган яхши раққоса бўлишни орзу қиларди. Аммо бунинг учун унда ҳали тажриба ҳам, назарий билимлар ҳам мавжуд эмас эди. Шунинг учун мактабда ўқиб юрган кезлари рақс сирларини ўргатувчи бирорта олийгоҳга ўқишга кириш унинг ниятига айланади. Ўз навбатида ўша йиллар Гулчеҳранинг ота-онаси унда рақс санъатига бўлган қизиқишини кўриб, фарзандининг танлаган йўлига ғов бўлмасдан, аксинча, ҳаммасини тўғри тушуниб уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашади. Гулчеҳра учун ўша даврда уйдагиларнинг айнан шундай йўл тутиши жуда ҳам керак эди…

1962 йил. Гулчеҳрахон, 1962 йилда бешинчи синфда ўқиб юрган кезларида миллий рақс ижрочилиги бўйича Фарғона шаҳар маданият бўлими томонидан ташкил қилинган кўрик-танловда илк бор иштирок этиб, совринли ўринлардан бирини эгаллайди. Кейинчалик ушбу кўрик-танлов шаҳарда истеъдодли раққосаларни аниқлаш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларнинг ижоди билан санъат ихлосмандларини янада кенг таништиришда муҳим аҳамият касб этган эди. Шундан сўнг, у ўзбек миллий рақс санъати билан жиддий шуғулланиб йилдан-йилга ўз маҳоратини ошира бошлайди.

Халқ суйган буюк раққоса, Мукаррама Турғунбоева. Гулчеҳра Фозилжонованинг катта устози.

Буюк раққосанинг шогирди.

1965 йил. Миллий рақс санъатимизнинг моҳир намоёндаси Мукаррама Турғунбоева юртимизда санъатнинг барча йўналишлари каби миллий рақс санъатини изчил равнақ топтириш, бу борадаги бой анъана ва усулларни тиклаш, “Устоз-шогирд” анъаналарини янада ривожлантириш юзасидан жуда ҳам катта ишларни амалга оширган буюк инсон эдилар. Мукаррама опа, қаерга бормасин, у ерда ёш иқтидор соҳибларини тинмай қидирар эди. 1965 йилнинг ёзида “Баҳор ансамбли” Фарғона шаҳрига гастролга боради. Улар боғ ичидаги ёзги саҳнада концерт беришади. Концертдан кейин Гулчеҳранинг онаси Орзухон опа Мукаррама Турғунбоева билан бир оз суҳбатлашиб қизини орзусини уларга айтиб беради. Шунда Мукаррама опа Гулчеҳрани синаб кўриш мақсадида уни саҳнага таклиф қилади… Ҳурматли опахон Гулчеҳрани бир кўришдаёқ унинг иқтидор соҳибаси эканига амин бўлдилар… Мукаррама Турғунбоева Орзухон опага Гулчеҳрани ўзи билан Тошкентга олиб кетишга рухсат сўрайди. Уни ўзига шогирд қилиб, олдин машҳур Хореография билим юртида ўқитишни, кейин эса ўзи раҳбарлик қилаётган “Баҳор” ансамблига олишини айтадилар. Шундай қилиб, Гулчеҳрахон Тошкентга келиб қолади. Билим юртида у кўпгина бўлажак юлдузлар Маъмура Эргашева, Ўғилой Муҳаммедова, Зиёда Мадраҳимова, Флорида Ҳисамутдинова, Гулнора Жўраевалар билан бир гуруҳда таҳсил олиб, улар билан дўстлашади. Бу дўстлик абадий бўлиб, умрини оҳиригача давом этади… Билим юртида уларга машҳур раққоса Қундуз Миркаримова сабоқ беради. Гулчеҳра таътил ва бўш пайтларини “Баҳор” ансамблида ўтказиб, ўз тажрибасини ортириб боради.

Гулчеҳра Фозилжонова ва унинг биринчи устози Қундуз Миркаримова.

1969 йил. Гулчеҳра рақсга тушиш, рақсни саҳналаштиришнинг мураккаб ва нозик сир-асрорини устозлари Мукаррама Турғунбоева, Қундуз Миркаримова, Розия Каримова, Гавҳар Раҳимова, Наталья Губскаялардан ўрганиб боради. Раққосанинг ўша дамларда ижро этган, саҳналаштирган рақслари баъзан нозик ва майинлиги, баъзан шўх, эркин ва кескин ҳаракатлари, катта жозибаси ҳамда эстетик таъсирчанлиги билан ажралиб туради.Талабалик йиллари у “Баҳор” ансамбли билан биргаликда бутун собиқ иттифоқни айланиб чиқишга улгуради. Гулчехра туғма санъаткор ва балетмейстр эди. Ёш бўлишига қарамай, у жуда ҳам иқтидорли эди. 1969 йилнинг ёз ойида Гулчеҳрахон Фозилжонова Тошкент Хореография билим юртини имтиёзли битиргач, бир гуруҳ дугоналари билан “Баҳор” давлат рақс ансамблига қабул қилинади.

Оила унинг қалқони эди…

Гулчеҳра Фозилжонова ва унинг фрзандлари Шаҳнозахон ва Азамат. Тошкент, 1977 йил
Гулчеҳра Фозилжонова ва унинг фрзандлари Шаҳнозахон ва Азамат. Нью-Йорк, 2010 йил

1969 йилнинг кузида Гулчеҳра Қурбонова Муроджон Фозилжоновга турмушга чиқади. М.Фозилжонов 1963 йилдан бошлаб “Шодлик” ансамбилида доирачи бўлиб эл-юртга танилиб хизмат қиларди. 1965 йилда унинг иқтидорини ҳисобга олган Мукаррама Турғунбоева уни “Баҳор” ансамблига таклиф қилади. Гулчеҳрахон ва Муроджонлар шу ерда танишиб дўстлашишади. Улар чорак асрга яқин бахтли умр кўришиб, икки фарзандли бўлишади. Гулчеҳра икки фарзандини ҳеч кимга ишонмай, доимо ёнида олиб юрарди, ҳатто катта гастролларга борганда ҳам болаларини ўзи билан олиб кетишга ҳаракат қиларди. Унинг дугоналарининг айтишларича, у учун оила ва фарзандлари доимо биринчи ўринда турган. Фарзандларига бўлган бундай муносабат ҳаётининг сўнгги дақиқаларигача давом этди… Катта санъаткорлар даврасида улғайган қизлари Шаҳнозахон ҳам Хореография билим юртини битириб, кейинчалик онасига ўхшаган Ўзбекистоннинг етук раққосаларидан бирига айланади. Хореография билим юртини битиргач,

Шаҳнозахон икки йил давомида “Баҳор” ансамбли таркибида фаолият олиб борди. Мукаррама Турғунбоеванинг хотирасига бағишланган Республика рақс кўрик-танловининг биринчи лауреатларидан бири бўлади. Ўғли Азамат Тошкент Давлат университетини битириб, бугунги кунда тадбиркорлик соҳасида иш юритмоқда. Гулчеҳра Фозилжонованинг 5 нафар невараси бор: Шаҳнозахоннинг фарзандлари: Жасур Бек, Жаҳонгир Бек ва қизи Нодирабегим Бек. Азаматнинг фарзандлари: Самандар ва Сардор.

Раққоса ва конферансье.

1970 йил. Гулчеҳра Фозилжонованинг солист сифатида саҳнага чиқиб, алоҳида бир ўзи ўйнаган биринчи номери “Роҳат” рақси бўлган. У рақсни Мукаррама Турғунбоева махсус Гулчеҳра Фозилжонова учун саҳналаштирган эдилар. Бундан кейин “Помирча рақс”, “Бухоро гўзали” ва бошқа рақслар ижро этилади. Гулчеҳра Фозилжонова устозлари Мукаррама Турғунбоева ва Қундуз Миркаримовалар томонидан саҳналаштирилган “Муножот” ва “Мустаҳзод” миллий мумтоз рақсларни ўзига хослиги ва жозибаси билан ижро этган эди. Гулчеҳра Фозилжонова раққосаликдан бошқа, яна жуда ҳам кучли конферансье бўлганлар. Ўша йиллари, гастролларда концерт номерларини ўзбекча ва русча эълон қилишда Гулчеҳра Фозилжоновага етадигани йўқ эди.

Гулчеҳра Фозилжонова дугоналари даврасида. Тошкент, 1983 йил.

1973 йил. Гулчеҳра Фозилжонова, Маъмура Эргашева, Ўғилой Муҳаммедова, Гулнора Жўраева ва Муроджон Фозиловлар “Баҳор” ансамбли вакиллари сифатида 1973 йилда Берлинда бўлиб ўтган Жаҳон ёшлари ва студентларининг X фестивалида иштирок этиб, мазкур анжуман лауреатлари бўлиб қайтишди.

1979 йил. Шу йилнинг январь-апрель ойларида Гулчеҳра Фозилжонова бир гуруҳ “Баҳор” ансамбли аъзолари билан (Маъмура Эргашева, Ўғилой Муҳаммедова, Гулнора Жўраева ва доирачи Қаҳрамон Дадаев) АҚШга бориб, машҳур маэстро Михаил Годенко раҳбарлигидаги Красноярскнинг машҳур “Сибир” давлат рақс ансамбли билан биргаликда гастролда бўлишган. Тўрт ой давомида АҚШнинг 49 та штатида бўлишиб, ўзбек мумтоз рақсларини намойиш этишди. Ундан сўнг, Канадага бориб у ерда ҳам концерт бериб қайтишади. Гулчеҳрахон ўшанда Америкалик ўзбеклар билан танишиб кўришади.

Гулчеҳра Фозилжонова (ўнгда) ва Маъмура Эргашева устозларии Кундуз Миркаримова билан.

1980 йил.Гулчеҳра Фозилжонова “баҳорчи” қизлар билан биргаликда Москвада бўлиб ўтган ёзги Олимпиада ўйинларида ташкил этилган собиқ иттифоқ маданияти уйида жуда кўплаб концертларда иштирок этиб келди.

1981 йил. Таниқли балетмейстр, Ўзбекистон Халқ артисти, “Баҳор” ансамблининг раҳбари Қундуз Миркаримова Буюк мутафаккир, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 540 йиллигига бағишлаб, шоирнинг “Хамса” асари асосида адабий-мусиқий композицияни саҳналаштиради. Унда ўзбек заминида етишиб чиққан 5 та шоирамизнинг сиймолари ҳам гавдаланади. Шоиралардан бири Увайсий роли Гулчеҳра Фозилжонова томонидан юқори савияда, маромига етказилиб ижро этилади. Қолган тўрт шоираларни Maъмура Эргашева, Гулнора Жўраева, Ўғилой Муҳаммедова ва Зиёда Мадраҳимовалар аъло даражада ижро этишади.

(чапдан) Флорида Хисамутдинова, Ўғилой Муҳаммедова, Гулчеҳра Фозилжонова ва Маъмура Эргашева. Тошкент 2000 йил.

1981 йил. Гулчеҳрахон Фозилжонова ва унинг яқин дугоналари Насиба Мадраҳимова, Маъмура Эргашева ва Гулнора Жўраеваларга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони берилади.

1984-1988 йиллар. Гулчеҳра Фозилжонова “Баҳор” ансамбли таркибида Африка ва Осиё қитъасининг қатор давлатларида гастролларда бўлиб қайтади.

1986 йил. “Баҳор” ансамбли Европанинг қатор мамлакатларида гастролларда бўлиб қайтади. Улар Франция, Германия ва Австрия давлатларига бориб, ўзбек миллий маданиятини тарғиб қилишади, шунда Гулчеҳра Фозилжонова кўпгина концерт номерларида муваффақиятли иштирок этади.

Гулчеҳра Фозилжонова Увайси ролини ижро этмоқда.
Г.Фозилжонова, АҚШ, 1997 йил.

1991 йил.Гулчеҳра Фозилжонова, “Баҳор” ансамблида фаолиятини тўхтатиб, Ўзбекистоннинг яна бир таниқли “Лазги” рақс ансамблига бош балетмейстр-раҳбар ўринбосари лавозимига ўтади.

1993 йил.Гулчеҳра Фозилжонованинг қизи Шаҳнозахон АҚШда ватандошимиз, Шермуҳаммадбек лашкарбошининг невараси Ойдин Бекга турмушга чиқади.

2000 йил. Шу йилдан бошлаб, Гулчеҳра Фозилжонова АҚШга вақтинча яшаш учун кўчиб ўтиб, у ерда ҳам ўзбек миллий санъатини тарғиботчиси сифатида фаолият юритади. Америкалик ўзбеклар жамиятида ўтказиладиган барча тадбирларда фаол иштирок этиб, уларга ёрдам бериб турди.

2010 йилнинг 11-декабри.  Шу куни Гулчеҳрахон ҳамма баҳорчи қизларни ўзининг 60 йиллик тавалуд кунига таклиф қилади. Тошкентнинг “Садаф” ресторанида Гулчеҳрахоннинг оиласи томонидан катта дастурхон ёзилади, ҳамма айтилган қариндошлар, қудалар, яқин дўстлар ва баҳорчи қизлар етиб келишади. Шу куни Гулчеҳрахон ҳаммани ўз бағрига босиб, гоҳ йиғлаб, гоҳ кулиб барчалари билан кўришади. Кечада Гулчеҳрахонни ҳамма табриклаб, ўз эзгу ниятларини билдиришди. Лекин Гулчеҳрахон даврага чиқиб ўзбек классик рақсларини ижро эта бошлаганида, ҳамма ўша баҳорчи қиз Гулчеҳрани кўра бошлади. Ўтирганларнинг кайфияти кўтарилиб, уни рақсларини завқ билан томоша қила бошлашди…. Аммо нимагадир айрим пайтларда Гулчеҳрахоннинг кўзларида ёш ялт этарди, ўтирганлар буни севинч ёшлари деб қабул қилишиб, уни узоқ олқишлашиб дуо қилишарди… Аммо ўша пайт меҳмонга келганларнинг кўпчилиги Гулчеҳрахон билан сўнгги марта кўришиб турганликларини ҳатто ҳаёлларига ҳам келтира олмас эдилар… Гулчеҳрахон эса ҳамон ўртадан кетмасди… Гулчеҳрахон учун, оиласи ва дўстлари даврасидаги шу кунги хурсандчилик узоқ чўзилди…

Нью-Жерсидаги (АҚШ) мархум туркистонликларнинг оромгохи.

 

ХОТИРАЛАР:

Қундуз Миркаримова

Қундуз Миркаримова -Ўзбекистон Халқ артисти. Мен санъат соҳасида мана 68 йилдан бери ишлайман… Шу давр ичида жуда ҳам кўп санъаткорларни кўрдим. Аммо, Гулчеҳрахон ўзига ярашган ташқи ва ички гўзаллиги ва хушбичимлиги билан бошқалардан фарқ қилар эди. Гулчеҳра Фозилжонова 1965 йилда Тошкент Хореография билим юртида таҳсил олган. Мен унинг биринчи устози бўлганман. Шунақа чиройли раққоса бўлганки, ҳамма уни бир кўришдаёқ яхши кўриб қоларди… Ўша вақтда, ҳурматли устозимиз Мукаррама Турғунбоева шахсан ўзлари мазкур билим юртига келиб, “Баҳор” ансамбли учун иқтидорли қизларни танлаб олардилар… Бир куни Мукаррама опа, дарсимга келиб Гулчеҳрахонни дарс вақтида кузатиб, бу қизни албатта “Баҳор”га оламан, ҳеч кимга бермагин уни, деб менга тайинлаб кетдилар. Кейинчалик ҳам, Мукаррама опа билим юртига ташриф буюрганларида қизларимиз ҳақида, айниқса, Гулчеҳрахон ҳақида жуда ҳам илиқ сўзларни айтар эдилар. Мен буларни эшитиб шогирдларимдан хурсанд бўлар эдим. Мен шогирдим Гулчеҳрахон билан фахрланаман.

“Баҳор” ансамбли таркибида 80 та санъаткор бор эди. Улардан 60 га яқини раққоса қизлар эди. Ўтган асрнинг 70 ва 80- йилларида “Баҳор” ансамбли Москвада, Тошкентда ўтадиган барча умумдавлат анжуманлари қатнашчилари учун концертлар уюштирар эди. Ундан ташқари чет элдан келган меҳмонларга ҳам алохида концерт тадбирлари уюштириларди. Уларнинг барчасида Гулчеҳрахон фаол иштирок этар эди. Гулчеҳрахон рақсга тушаётганда янграётган куйнинг, қўшиқнинг маъносини тўлиқ англаган ҳолда, таронанинг мазмун-моҳиятини ўзининг ҳаракатларида акс эттириб, томошабинга етказиб бериш қоблиятига эга эди. Анча тажрибага эга бўлганидан сўнг, концертларда Гулчеҳрахон ижро этган рақслардаги ҳар бир ҳаракат ўз маъносига эга эканлиги намоён бўлар эди. Бундан ташқари, Гулчеҳранинг рақс ижро этаётганида ҳаракатларини унинг кийган либослари ҳам тўлдириб турарди ва уни янада гўзалроқ қилар эди. Бизда қадимдан тўрт хил йўналишда рақс мактаби шаклланиб келган, яъни Хоразм, Фарғона-Тошкент, Самарқанд-Бухоро ва Қашқадарё-Сурхондарё рақс мактаблари. Бу санъат мактаблари, уларнинг ўзига хосликлари ҳақида илмий тадқиқотлар ҳам олиб борилган, қўлланма китоблар ҳам чоп этилган. Гулчеҳрахон эса кўпроқ Фарғона-Тошкент мактабига мансублигини намойиш қилган холда, истеъдодли раққоса сифатида кучли ирода билан ўз соҳасига содиқ қолиб, концертларда бир-бирини такрорламас юзлаб чиройли рақслар гулдастасини яратди.

АҚШ, америкалик ўзбек аёллари даврасида. 2006 йил.

1978 йилнинг охирида устозим, Мукаррама опамларнинг вафотидан сўнг, “Баҳор” ансамблига мени раҳбар этиб тайинлашади. Мен биринчи навбатда уларнинг ҳотирасига бағишлаб 40 минутлик “Хотира” рақсини тайёрладим. Бу рақслар орқали, мен устозимни бутун характерларини, илгари ўзбек мумтоз рақсларини юракдан чиқариб ижро этишларини, уларнинг мимикалари ва ҳаракатларини, шогирдларига нисбатан меҳрибончиликларини шу рақслар орқали ифода этишга ҳаракат қилдим. Гулчеҳраҳон ўшанда унга ажратилган мазкур рақс компазициясининг муҳим қисмини аъло даражада ижро этган эди. Гулчеҳрахон билим юртини битиргач, Мукаррама опанинг тарбиясини олганлиги, унинг ижро этган рақсларида шундоқ кўриниб турарди. “Баҳор” ансамбли ўшанда анча оёққа турган пайт эди ва мен кўпчилик ўзимнинг шогирдларим билан Мукаррама Тургунбоева бошлаб берган ишни давом эттирдим. Гулчеҳрахон ва у билан битирган барча қизлар 80-йилларда анча тажрибали бўлиб қолишган эди. Гулчеҳрахонни ижро этган рақсларини кўриб ўзимнинг ёшлигим эсимга тушиб кетар эди…

Насиба Мадрахимова

Насиба Мадрахимова -Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган артист. Гулчеҳрахон билан биз битта шаҳарданмиз, бир-биримизни жуда ҳам яхши биламиз, Фарғонада яшаганимизда борди-келди қилиб турардик. Ота-оналаримиз бир-бирларини яхши билишарди. Ҳар йили ёз ойларида Мукаррама опа “Баҳор” ансамбли билан Ўзбекистон бўйлаб гастролларга борардилар. 1965 йилда Фарғонада гастролда бўлганимизда, сочларини майда қилиб ўраган, қошлари камон, бошига дўппи кийган Гулчеҳрахон онаси Орзухон опа билан концерт зали атрофида юрарди. Орзухон опа Фарғона театрида техник лавозимларида ишлардилар. Отаси Аҳмаджон ака эса театр қошида тузилган ансамблда доира чалиб турардилар. Умуман, Гулчеҳра болалигидан ота-онаси ёнида улғайиб мусиқа, рақс, опералар таъсирида улғайди. Кичкиналигидан ўзбек рақс санъатига қизиқа бошлайди… Шунда мен уни олдимга чақириб гапга солдим, ўшанда ёш қиз келажакда Мукаррама Турғунбоевага ўхшаб раққоса бўлиш истаги борлигини менга айтди. Ўшанда мен унга, бу жуда ҳам оғир касблигини, унинг учун Тошкентга бориб махсус билим юртини битириш кераклигини айтган эдим. Гулчеҳрахон ўшанда ҳамма қийинчиликларга чидашга тайёр эканлигини айтади. Шу пайт Мукаррама опа ёнимиздан ўта туриб, бу гўзал қизга кўзи тушиб қолади ва у ҳақда қизиқиб қоладилар.

Мен опага бор гапни айтдим, шунда опа Гулчеҳрада хоҳиш бўлса, Тошентдаги хореография билим юртига бориб ўқишлигини айтади ва кечқурун онаси билан келиб кетишларини айтадилар… Орзухон опа Мукаррама Турғунбоева билан суҳбатлашиб бўлганидан сўнг, Гулчеҳрахон Тошкентга келиб Хореография билим юртига ўқишга киради. Орзухон опа ва Аҳмаджон ака маҳалламизда жуда ҳурматли инсонлар эди. Гулчеҳрахон буюк шоиримиз Алишер Навоий таърифлаган ўзбек аёли рамзи -қошлари, чиройли кўзлари, муомаласини буюк рассомларимиз Гулчеҳранинг сиймосидан олган бўлса керак, деб ўйлайман… Гулчеҳрахон шунчалик гўзал эдики, халқ уни тез қабул этиб, ўз меҳрига олди. Мукаррама опадан ҳар доим бундай 40 та баҳорчи қизларни қаердан танлаб олганликлари ҳусусида доимо сўрашаркан… Шуларнинг ичида, Гулчеҳра алоҳида ажралиб турар эди. Гулчеҳранинг битта яхши одати бўлар эди, репетиция пайтида залга кириши билан доимо хохолаб кулиб, ҳаммани кайфиятини кўтарар эди… шу дамлар ҳалигача кўз олдимдан кетмайди. Биз учун Гулчеҳра ҳамиша тирик.

Г.Фозилжонова қизи Шахнозаҳоннинг оиласи даврасида. АҚШ, 2009 йил.
Маъмура Эргашева

Маъмура Эргашева -Ўзбекистон халқ артисти.Болалигимда, ёз ойларида онам (Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган артист Тўтихон Ирисметова. таҳ.) мени ўзлари билан турли гастролларга олиб кетардилар. Бир йили мен Фарғонадаги ёзги театрда сочлари майда ўралган, чиройли бир қиз билан танишиб қолдим…

унинг исми Гулчеҳрахон экан. Эсимда, Гулчеҳра болалигида ўзбек рақсига катта меҳр қўйган эди ва келажакда албатта раққоса бўлишини орзу қилар эди. Тақдирни қарангки, биз Гулчеҳрахон билан хореография билим юртига бир йилда кириб, бирга таълим олдик. 1969 йилдан бошлаб “Баҳор” ансамблида бирга 20 йил фаолият юритдик. Гулчеҳранинг раққосалик соҳасини айтсам, унинг ўзига хос ва бетакрор йўналиши бор эди. Менга уни Мукаррама опа саҳналаштирган “Роҳат” рақсини ижро этиши жуда ёқар эди. Оммавий рақсларда ҳам Гулчеҳрахон бошқалардан ажралиб турар эди. Гулчеҳрахон ўзига ишонган, оптимист, жуда ҳам чидамли, сабр-тоқатли, камтарин, гўзал инсон эди. Дўстига жуда ҳам вафодор, садоқатли эди. Раққосани ишини қанчалик машаққатли эканлиги кўпчиликка маълум. Лекин, Гулчеҳрахон икки фарзандни вояга етказиб, жуда ҳам яхши тарбия берди. Шаҳнозахон онасини йўлини танлаб, мана узоқ Америкада бўлишига қарамасдан, ўша ерда туриб ўзбек миллий рақс ва маданиятини тарғиб қилмоқда. Ўғли Азамат ҳам жуда тарбияли йигит бўлиб ўсиб, олийгоҳларни битириб бугунги кунда тадбиркорлик соҳасида фаолият юритяпти.

Ўғилой Муҳаммедова

Ўғилой Муҳаммедова -Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист. Бизнинг Мукаррама муҳтарама опамиз барчамизни бир-биримизга меҳрибон қилиб ўстирганлар. Биттамиз опа бўлсак, иккинчимиз сингил бўлганмиз. Ҳар биттамизга айтар эдилар: “шу сендан битта кўйлак кўп кийдими, демак, бу сенинг опанг”-дердилар. Ҳамма билади, мен Гулчеҳранинг энг яқин дўстиман…у ҳар тарафлама гўзал инсон эди. Қўли очиқ, меҳмондўст, меҳрибон инсон эди. Раққоса сифатида у ўзи биринчи ижро этган рақсини бировлар ижро этса ҳеч қачон қизғанмасди. Бошқаларга ҳар доим ширин сўзлик билан самимий “комплимент” қилишни яхши кўрар эди.

Гулчеҳрахонни профессионал томонларини гапирадиган бўлсам, менимча унинг Увайсий ролини берилиб ижро этишини бир сўз билан таърифлаш қийин. Постановкани устозимиз Қундуз Миркаримова саҳналаштирган, мен ўшанда Зебунисони, Маъмурахон эса Нодибегимни ижро этганмиз. Бундан ташқари, Гулчеҳрахон билим юртида ўқиб юрган кезлари “Помирча рақс”ни ижро этганида ҳамма қойил қолган, манимча, бу рақсни Гулчеҳрадай бошқа ҳеч ким ижро этолмади… Унинг бўй-басти, қўлларининг узунлиги ва нозик ҳаракатлари ва бош кийимлари ўзига ярашарди. 1969 йилда Гулчеҳра ўз кучи, хусни, ҳаракати, меҳнатсеварлиги ва назарий билимларни пухта эгаллаганлиги сабабли Мукаррама опани назарига тушган ва у битирувчи қизлар орасида биринчилар қатори “Баҳор” ансамблига қабул қилинди. Гулчеҳрахон ўшанда “Баҳор”да анча танилиб қолган, тажрибали раққосалар Раъно Низамова, Валентина Романова, Равшаной Шарипова, Тамара Юнусовалар гуруҳидан жой эгаллайди. Биз ёш раққосаларга айнан ўшаларнинг тажрибалари етишмаётган эди ва биз улардан ўзимиз учун кўп нарса ўргандик. Гулчеҳранинг биринчи рақсларидан “Баҳор”даги биринчи яккахон рақсларидан бири, бу “Пахта” композициясида Ўрта Осиё давлатларининг Ўзбекистон Республикасини рақсда акс эттирган эди, мен эса Қозоғистон Республикасини акс эттирдим. Мана шу тариқа биз катта саҳнага кириб кела бошладик. Мукаррама Турғунбоева даврида, Гулчеҳрахон “Баҳор” ансамблининг кичик (5-6 раққоса) гуруҳлари таркибида АҚШ, Германия, Лаос, Мозамбик ва бошқа жуда ҳам кўп чет эл мамлакатларига бориб келди.

Г.Фозилжонова, АҚШ, 2010 йил.

Қундуз опа ҳам Гулчеҳрахонни ўз қизларидай кўриб, жуда ҳам яхши кўрар эди. “Увайсийдан кейин” Қундуз опа Гулчеҳрахон учун “Ёр истаб” рақсини саҳналаштиради. Ундан кейин Қундуз опа Гулчеҳра учун Бахтиёр Алиев мусиқаси асосида “Бухоро гўзали” рақсини қўяди. Йил сайин тажрибаси ошаётган Гулчеҳра “Муножот” рақсини ҳам маромига етказиб ижро этади. Хайрулла Лутфуллаев ижро этган ялла қўшиқларига Гулчеҳра Фозилжонова рақсга тушганда, ҳамма рақоссаларнинг ҳаваси келар эди. Чунки тажрибали раққосаларнинг ҳаммаси ҳам яллага унчалик ўйнай олмас эдилар. Йиллар ўтган сари Гулчеҳрахон яккахон сифатида бир неча рақсларни ижро этди. Улардан кўзга ташланганлари  “Роҳат”, “Шарқ юлдузлари”, “Хоразмча рақс” ва бошқалар. Айниқса “Хоразмча рақс”да Хоразм гўзалини ижро этишини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак.

Зиёда Мадрахимова.

Зиёда Мадраҳимова -Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист. Маълумки, “Баҳор” ансамблининг концерти “Баҳор” вальси билан бошланарди. Шу қаторда, мен ҳам Гулчеҳрахонга ўхшаб конферансье бўлганман. Мукаррама опа четдан конферансьеларни чақирмасдан, ўзларини шогирдларини чиқарар эдилар. Ўшанда опамиз ҳаттоки, ҳар бир рақс учун янги шеърлар ёздирдилар… Шу шеърлардан бири “Баҳор” вальси учун ёзилган. Парда очилмасдан иккала томондан, бир томондан Гулчеҳрахон, иккинчи томондан мен чиқиб келардим. Ўша ёзилган шеърни ярмини Гулчеҳра ва ярмини мен ўқиб концертни очар эдик. Мана шунда бизнинг саҳнага ўзбек миллий либосларида кириб келишимизни кўрганлар, нафақат Ўзбекистонда, ҳаттоки чет элларда ҳам лол қолишарди. Ўша чиқишларимизда Гулчеҳраҳон иккимиз ўзбек аёлининг тимсоли бўлиб чиқар эдик. Шунда Гулчеҳранинг гўзаллигига халқ жуда ҳам тан берарди. Ўшанда ҳамма бизларни бир-биримизга ўхшатишиб-“шунчалик бир-бирларингизга ўхшаб кетасизлар, эгизакмисизлар?”, деб сўрашарди. Гулчеҳрани ҳеч бир вақт хомуш кўрмаганман. Ҳар бир инсонни ичида ўзининг дарди бор, аммо Гулчеҳранинг юзида буни кўрмасдик, у жуда ҳам қаттиқ иродали, тўғри сўз, инсон эди. Ҳамиша кулиб турар эди, табассуми ҳар доим ўзи билан эди…

Флорида Хисамутдинова

Флорида Ҳисамутдинова -Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист.Ғарбий Германияда гастролда

бўлганимизда, улар биз билан жуда яхши муносабатда бўлишиб, барчамизни меҳмондорчиликка чақиришиб, ўзларининг миллий таомлари билан меҳмон қилишди. Ўшанда биз ҳам уларни ўзбек миллий таомлари билан меҳмон қилишга келишдик. Ҳамма ҳар хил таклифлар киритди, шунда Гулчеҳрахон миллий таомларимиздан бири бўлган “уйғурча чўзма лағмон” тайёрлаш таклифини киритди… Хамма ҳайрон, хорижда бўла туриб қандай қилиб 70-80 одамга лағмон тайёрласа бўларкан, деб мен ҳам кечаси билан ухлай олмай чиқдим…. Шунча зувалани ким тайёрлайди? “Кўз қўрқоқ, қўл ботир” деб, Гулчеҳрахон ҳамма ишга бош-қош бўлиб меҳмонларни кутиб олдик. Немис меҳмонларимиз ҳам, бу ўзбек қизларининг қўлидан ҳамма иш келар экан, деган маънода, четда туриб чўзма лағмонни пиширилишини катта қизиқиш билан кузатиб турдилар… Айтмоқчиманки, Гулчеҳрахон жуда меҳмондўст ва пазанда эдилар.

Г.Фозилжонова ўғли Азамат билан. АҚШ, 2008 йил.

Малоҳат Маҳмудова -Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими. Мен рақс санъати оламига биринчи қадам қўйганимда Гулчеҳра опани учратганман. Уларнинг ижро этган рақслари мен учун андозадай бўлиб, ҳар доим улардан ўрнак олишга ҳаракат қилар эдим. Концерт давомида мен саҳнадан туриб, Гулчеҳра опанинг ҳаракатларини диққат билан кузатиб турар эдим. Бир куни саҳнада “Тўйлар муборак” композицияси ижро этилиши керак эди, Гулчеҳра Фозилжонова саҳнада якка солист эди, бизлар эса умум массовкада иштирок этишимиз керак эди. Ўртага Гулчеҳра опа чиққанларида биз ёш раққосалар ундан кўзимизни олмас эдик ва унга ўхшаб рақсга тушишга интилар эдик. Концерт ва репетициялардан сўнг, Гулчеҳра опа менга ўхшаш ёшларга ширин гапириб қўлларидан келганча, ёрдам берардилар. Бизларни ёшсан деб, суриб қўймасдилар, аксинча, ўзининг тенгдоши каби камтаринлик билан суҳбатлашар эди. Гулчеҳра опа ўзининг гўзаллиги билан концертга келганларни ром қила олардилар. Биз ўшанда улардан анча ёшроқ эдик, ҳар бир концерт олдида Гулчеҳра опамизга сал бўлса ҳам ўхшаш учун грим қилар эдик, умуман Гулчеҳра опани шахсан мен устозим деб биламан. Айнан Улардан ўрганган рақсларимни ҳозир Хореография билим юртида ёшларга ўргатишга ҳаракат қиляпман.

Муҳаббат Шамаева

Муҳаббат Шамаева -Ўзбекистон Халқ артисти. Гулчеҳрахон жуда ҳам машҳур раққоса бўлган… Уни бир кўришда яхши кўриб қолганман. Жуда ҳам инсонпарвар бўлган. Суҳбатлашганингизда Гулчеҳрахоннинг интеллектуал даражаси ниҳоятда юқори бўлганлигини дарров пайқардингиз. Ўтган асрнинг 70-йилларида машҳур бўлган “Йўлларим” деган ашулани “Баҳор” ансамбли билан ҳамкорликда чет элларга Италия¸ Испания¸ Белгия¸ Афғонистон¸ Ҳиндистонга чиқиб айтганман. Ўшанда Гулчеҳрахон ўзининг нафис ҳаракатлари билан рақсга тушар эди… Бугунги кунда Шаҳнозахон онасини бир вақтлар бошлаган ишларини давом эттирмоқда… Шаҳнозахонни Америкадай катта даргоҳда ўзини йўқотиб қўймасдан, бугунги кунда ўзбек миллий санъатини тарғиб қилиб турли хил тадбирларга раҳбарлик қилишини кўриб жуда ҳурсанд бўляпман.

Ҳайрулла Лутфуллаев

Хайрулла Лутфуллаев -Ўзбекистон халқ артисти.Гулчеҳрахоним туғма

қобилиятга эга бўлган раққоса эди. Ўз ишини ниҳоятда севар эди. Ҳеч қачон қандай вазият бўлмасин, саҳнага чиқишдан бош тортмасди… Ундан ташқари унинг фарзандлари саҳнада бизнинг ёнимизда катта бўлишди. Гулчеҳрахон фарзандларига жуда ҳам меҳрибон эди. Мукаррама опамиз раҳбарлигида қиш кунлари Бухорога гастрол сафарига борганмиз. Бир очиқ жойда, ёзги кино-театрда концерт беришимиз керак эди. У жойда саҳналари ҳам йўқ экан, одамлар қиш бўлишига қарамай, “Баҳор”ни кўрамиз деб, ҳатто қор устида ҳам ўтиришган эди… Ўшанда баҳорчи қизларимиз, 10 талаб саҳнага чиқишлари учун кийимларини алмаштириш керак. Айтганимдек, у ерда кийинадиган, ечинадиган жойлари ҳам йўқ эди, унинг устига ҳаво ҳам совуқроқ эди… Қизларимизни кўпчилиги саҳнага чиқишмади… шунда Мукаррама опа Гулчеҳрага, -“чиқасанми?”, деб сўрайдилар, Гулчеҳрахон ҳам, иккиланмасдан, -“чиқаман!”, деб тезда кийимларини бир амаллаб ўзгартириб, концертга келганларни ҳурмат қилиб, совуқ ҳавога қарамасдан ўз вазифасини бажариш учун саҳнага чиқади. Шунда мен ижро этган “яллага” рақсга тушиб йиғилганларнинг

Нурхон Зулунова

олқишларига сазовор бўлган эди. Кейинчалик ҳам ёмғир-қор демасдан саҳнага чиқар эди. У ўзининг касбига жуда ҳам садоқатли ва фидойи эди. Айтмоқчиманки, Гулчеҳрахон ҳар доим ўзининг меҳнатсеварлиги билан ажралиб турар эди.

Нурхон Зулунова -Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист. Рақс санъатини битта жумла билан таърифлаш мушкул. Фақат бир нарсани айтишим мумкин, рақс – шундай оламки, унинг дунёсига кирганнинг (адашиб кириб қолганнинг эмас, албатта) чиқиб кетиши осон бўлмайди. Бунга шахсан ўзим кўп марталаб иқрор бўлганман. Ўз касбига садоқат ва фидойи бўлган санъаткорлар қаторига, мен албатта Гулчеҳрахонни киритган бўлар эдим. Гулчеҳра жуда ҳам жозибали ва дилбар аёл бўлганлар. Битта қўшиқ эсимга тушди, унинг номи “Фарғонада биттагина…” айтмоқчиманки, Гулчеҳрахон нафақат Фарғонада, балким “Баҳор”да ҳам биттагина бўлган эди… Гулчеҳрахонни, ўзбек аёлининг тимсоли, деб тан олсак бўлади.

Талъат Сайфутдинов -Ўзбекистон халқ артисти. Профессионал раққоса даражасига етиш учун аввало шу соҳа бўйича ўқиб, етарли билим-кўникма эгаллаган ва энг муҳими, уни амалда қўллаб, тажриба орттирган бўлиш лозим. Ҳаваскор номи билан ҳаваскор, ҳаракатларида аниқлик, қўшиққа, куйга мутаносиблик йўқ, фарғонача, хоразмча, бухорча, ҳатто, арабча, ҳиндча рақс ҳаракатларини ҳам биттада аралаштириб ўйнайверади… Профессионал раққоса эса ундан фарқли равишда ҳар бир ҳаракатининг номи ва унинг қайси рақс мактабига тегишли эканини билади. Шундай профессионаллардан бири, сўзсиз Гулчеҳрахон бўлганлар. Гулчеҳрахон, ҳамиша чеҳраси очиқ, меҳмондўст, ҳазилкаш, ажойиб синглимиз эдилар… Биз кўпгина чет давлатларда бирга бўлганмиз. ”Пилла”, “Катта ўйин”, “Нарзон” доира рақсларини қойилмақом ижро этар эдилар. Ўшанда, ҳам рақсга тушар эди, ҳам конференсьелик қилиб ўртани чиройли олиб борар эди. Қадди-қомати келишган, ширин сўз, ўзини санъатини севадиган ажойиб инсон эди. Гулчеҳрахон “Тановор” деган ашулани яхши кўрар эдилар, рақсини ҳам юқори маҳорат билан ижро этган эди.

Жонон Ғаниева -Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист. Гулчеҳрахон ялла рақсларини жуда ҳам чиройли ўйнар эдилар. Ҳар бир раққоса ҳам яллага рақсга тушавермайди. Қўшиқчини ҳар бир айтаётган сўзига, диққат билан аҳамият бериб, шунга ҳаракат топиб ижро этиш катта маҳорат талаб қилади, бу жуда ҳам мураккабдир. Гулчеҳрада шундай маҳорат бор эдики, дуч келган ашулага туриб, рақсга тушиб кетиши мумкин эди. Қайси инсон, шу дунёда яхши амалларни кўпроқ қилса, тириклигида инсонларни қалбидан жой олса, у одам ҳеч қачон орамиздан кетиши мумкин эмас. Руҳан инсонларнинг қалбида яшайди…

Гулчеҳра Фозилжонова ва қизи Шаҳнозахон, АҚШ, 2005 йил.

 Шаҳнозахон Бек (Гулчеҳра Фозилжонованинг қизи). Раҳматлик онам айтар эдиларки, -“менинг иккита исмим бор, “Гул” ва “Чеҳра”. Ҳар замон қараб турганларида, гулдай очилиб турар эдилар. Кулганларида эса, чеҳралари очилиб ҳаммани кулдириб хурсанд қилар эдилар. Мен ҳам санъаткор оиласида катта бўлиб кўп нарсани онамдан ўргандим деб ўйлайман… Ўзларидан қолган “Роҳат”, “Помирча ўйин”, “Хоразмча ўйин” ва ялла рақсларни менга ўргатганлар. Онам менга рақсларни қандай ҳис қилиш, сўзларини тушунтириб томошабинга етказиб беришни ўргатганлар. Онамни оламдан ўтган, деб ўйламайман, нимага десангиз, “Баҳор” қизлари Маъмура опа, Ўғилой опа, Насиба опа, Зиёда опа, Нурхон опа, Жонона опа, Холида опа, Сайёра опа… уларнинг ҳаммалари онамни ўринларини босадилар… Айтгандай, одам бир қалдирғочдай учар экан, мен бир қанотимни эмас, иккита қанотимни йўқотдим дейман, аммо уларнинг борлиги учун шу дунёда интилиб яшашга ҳаракат қиламан. Онам ҳар доим кулиб тургин дердилар”. Кулиб турсанг ҳамма ишларинг юришиб кетади”- дердилар…. 2011 йил 25 ноябрида Ўзбекистон телевидениесининг энг қизиқарли дастурларидан бири “Дийдор ширин” телекўрсатувида иштирок этишим, мен учун олам қувонч бағишлади… Шу куни онам билан яна учрашгандай бўлдим… даврада онамни ҳурматли устози Қундуз ая Миркаримова, барча дугоналари ва дўстларини кўрганимда жуда ҳам ҳаяжонландим… Мен, мазкур дастур ташкилотчиларига, кўрсатувда иштирок этган онамнинг барча дўстларига оиламиз номидан катта ташаккур билдирираман.

Гулчеҳра Фозилжонова (ўнгда) шоира Увайси ролини ижро этмоқда.

Тушди жудолик ушбу кун,

Девона бўлдим чарх уриб.

Хижрон тунининг шамиға,

Парвона бўлдим чарх уриб.

Мискин Увайсида олам,

Дилбар  дариғ этмак карам.

Бир кам жудолукдур баҳам,

Пинхона бўлдим чарх уриб…

Увайси.

Мавлон Шукурзода,

Тошкент

1 FIKR

Фикрингизни билдиринг