АҚШда қандай солиқлар тўланади?

Маълумки, солиқ тўлаш ҳар бир фуқаронинг конституциявий бурчларидан ҳисобланади. Бугунги кунда солиқ турлари кўпайиб, уни тўлаш ва расмийлаштириш жараёнлари бирмунча такомиллашди. Айниқса, бошқа бир мамлакатга ишлаш ёки яшаш келганда, ушбу мамлакатнинг солиқ қонунчилиги ҳақида батафсил ахборотга эга бўлиш айни заруратдир. “Ватандош” газетасига ҳам интернет орқали кўплаб ҳамюртларимиздан мурожаат бўлмоқда. Биз ушбу саволларга жавоб беришни сўраб, АҚШ солиқлар бош бошқармасининг имтиёзли лицензиясига эга  мутахассис Зокир Алиевга мурожаат қилдик.


— Солиқлар бош бошқармаси, яъни IRS нима иш билан шуғулланади?

— IRS — солиқлар бош бошқармаси давлат номидан барча солиқлар йиғилиши ва тўланишини назорат қиладиган давлат органи бўлиб, федарал давлат номидан иш олиб боради. Шуни алоҳида айтиш керакки, АҚШ давлат бюджети даромадининг қарийб ярми бевосита жисмоний шахслар томонидан тўланадиган даромад солиғи ҳисобланади. АҚШ солиқ қонунчилигида даромад солиғи ижтимоий аҳамиятга эга эканлиги назарда тутилган. Яъни қонун шахслар солиқ тўлашини мажбурият сифатида белгилаш билан бир қаторда, уларни солиқ тўлашга рағбатлантиради ҳам. Масалан, молиявий йил тугагач, даромадлар ҳисоб-китоб қилингандан сўнг, белгиланган миқдордан кам даромад топган фуқаролар ва уларнинг оилалари ортиқча тўланган солиқни нақд пул кўринишида қайтариб олишишлари мумкин.

— Америкада солиқларнинг тайёрланиши қачон бошланади?

— Қонунларда белгиланган вақт мобайнида барча фуқаролар ўз солиқларини тайёрлаши, йиллик солиқ ҳисоботларини топширишлари керак. Ҳар йили апрель ойининг 15-куни ушбу муддатнинг охири ҳисобланади. Агар бу дам олиш кунларига тўғри келиб қолса, ўша кунлар миқдорида узайтирилиши мумкин.

— Солиқ қонунчилиги вақти-вақти билан ўзгартирилиши мумкинми?

— Яқинда АҚШ бўйлаб ўтказилган миллий солиқ анжуманида иштирок этдик. Ушбу тадбирда АҚШ солиқ қонунчилигида катта ўзгаришлар юз бергани ҳақида батафсил ахборот берилди. Бу солиқ маъмурчилиги билан бевосита боғлиқдир. Хусусан, солиқ тизимида ишламоқчи бўлганлар махсус имтиҳондан ўтиши, илгари солиқ тизимида ишлаган ва қандайдир жиддий хатоларга йўл қўйган бўлса, бундай фаолият билан шуғулланиш уларга рад қилиниши ҳам мумкин. Солиқ сиёсати АҚШ ҳукумати молия сиёсатининг таркибий қисми ҳисобланиб, ҳукумат ўз шарт-шароитларидан келиб чиқиб, унга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиши мумкин. Баъзан ўрта даромадли шахслар учун солиқ кўпайтирилса, баъзи ҳолларда бой аҳоли учун даромад солиғи оширилади. Бу ҳукуматнинг молиявий сиёсати натижасидир.

— АҚШ фуқаролигини олмоқчи бўлганлар солиқларни тўлаган бўлиши керакми?

— Жуда ўринли савол. Чунки кўпчилик бизга мана шу савол билан мурожаат қилишади. Фуқаролик учун мурожаат қилинганида, охирги уч йилдаги солиқ декларациялари кўрсатилиши керак. Шунинг учун фуқароликка мурожаат қилганлар бу даврдаги солиқларни тўлаган бўлишлари керак. Шу ўринда яна бир гап. Агар АҚШда яшаётган ҳамюртларимиз ўтган йил учун солиқ декларациясини тўлдиришмаган бўлса, қисқа муддат ичида уни амалга ошириш мақсадга мувофиқдир. Негаки, федерал давлат солиқ органлари ходимларидан олинган маълумотларга кўра, солиқ декларациясини топширишни кечиктирган ёки ўз вақтида жўнатмаганларга нисбатан жарималар 100 баробаргача оширилган.

— Ҳамюртимиздан бири “фақат шахслар даромад солиғи тўлайдими? Фирмалар-чи?”, деб сўрабди. Сизлар фирмаларни солиққа тайёрлашга ҳам ёрдам берасизларми?

— Ҳа, фирмалар ҳам йил давомида кўрган даромадига қараб солиқ тўлайдилар. Биз нафақат жисмоний ёки юридик шахсларга, балки нодавлат нотижорат ташкилотларига (NGO) ҳам солиқ бўйича федерал ва штатлар учун зарур бўладиган ҳужжатларни тайёрлашга ёрдам берамиз.

SHARE