Асир сичқонча ва банданинг ризқи

Домла Ҳиндистоний ҳикоя қиладилар:

«Хаттотлик билан шуғулланиб турардим. Устозимга «Саҳиҳи Бухорий»ни кўчириб турсам,  хонадондагилар бугун ейишга ҳам ҳеч нарса қолмаганини айтишди. Менинг ҳам қўлимда ҳеч нима йўқ. Бугун энди сабр қиласизлар, эртага Аллоҳ бир йўлга бошлар, деб маъюсланиб, ёза бошладим. Бир маҳал ковакдан кичкина сичқон чиқиб, китобимнинг устида уёқдан буёққа ўтаверди. Менинг кўнглимни ҳадеб паришон қилавергач, косани олиб, сичқончанинг устига тўнкариб қўйдим. Бир пайт боласини қидиргандай она сичқон чиқиб, коса атрофини искай бошлади. Коса остидан «чи-чи»лаган овоз эшитилди, гўёки она-бола тиллашишди. Она сичқон ковакка кириб кетиб, кейин бир мисқоллик олтинни тишлаб чиқди-да, косанинг олдига қўйди. Косанинг олдида айланиб, «чи-чи»лаб турди-да, яна ковакка кириб кетди. Кейин иккинчи олтинни олиб чиқди. Мен қараб турибман. Сичқон ташиган олтинлар 14 тага етди. Сўнг «энди олтин тамом бўлди, мана ҳамёни» дегандай чарм катмонни судраб чиқди. Билдимки, унинг бисотида ҳеч нарса қолмабди. Косани кўтардим, она-бола сичқонлар инига кириб кетди.

Мана шу сичқонлар билан-да, менинг ризқимни Аллоҳ етказган эди…»

SHARE