Барак Обама: “Ўқувчиларни тестга тайёрламайлик”

Кеча АҚШ Конгрессида президент Барак Обама мамлакатдаги вазият хусусида маъруза қилди. Парламентда қилган бу галги маърузасида иқтисодий инқироз, ишсизлик, АҚШнинг дунёдаги етакчилиги ва бошқа жиддий масалалар қамраб олинди. Таҳлилчилар Обаманинг маърузасини сайловолди платформасига ҳам қиёслашмоқда. Қуйида ушбу маърузанинг асосий жиҳатларини келтириб ўтамиз.

Кириш

Бугун АҚШ сўнгги 9 йилда илк маротаба Ироқда ҳарбий ҳаракат олиб бормаяпти. АҚШ “Ал-Қоида” етакчиси Усама бин Ладин ва унинг асосий қўмондонларини жисмонан йўқ қилишга муваффақ бўлди.

Иқтисодий муаммолар ва тикланиш

2008 йилда АҚШ ипотека бозори бутунлай издан чиқди. Биз кўчмас мулк объектлари тўлаш қобилиятига эга бўлмаган, энг ёмони, бу ҳақда тасаввурга эга бўлмаган одамларга сотилганининг гувоҳи бўлдик. Банклар шу орқали жуда катта таваккалга бориб, улкан даромад ва мукофотлар ишлашди. Давлат ваколатли органлари эса бундай хатти-ҳаракатни чеклаш ёки олдини олишга қодир эмас эди.

Бу нотўғри ва ўта масъулиятсизлик эди. Чунки бу иқтисодиётни инқирозга етаклади, миллионлаб кишиларни ишсиз қолдирди, заҳматкаш америкаликлар елкасига ортиқча қарзни юклашди. Мен президент бўлиб сайланганимга қадар 4 миллион иш ўрнини йўқотдик, инқирозга қарши чораларимиз самара бергунча яна 4 миллион киши ишсиз қолди. Сўнгги 22 ой давомида бизнесс 3 миллиондан ортиқ иш ўринларини яратди.

Биз ўтган йили давлат бюджети дефицитини 2 триллионга қиқартиришга келишиб олдик, Уолл Стритнинг масъулиятини оширадиган ҳамда яқинда бўлиб ўтган инқироз каби молиявий таназзулларнинг олдини оладиган янги тартиблар жорий этдик.

Америка ишлаб чиқарувчилари

Мен ҳокимиятга келганимда, АҚШ автомобиль саноати банкротлик ёқасида эди. Биз бунга йўл қўймадик, ўз ёрдамимизни таклиф қилдик. Эвазига эса бундан кейин янада масъулиятли бўлишни талаб қилдик. Бугун General Motors дунё биринчилигига яна қайтиб келди.

Корпоратив солиқ ислоҳоти

Биз солиқ қонунчилигимизни ўзгартиришимиз керак. Ҳозирда ўз иш ўринларини ва даромадларини хорижда топаётган компаниялар солиқ имтиёзига эга. Лекин АҚШда туриб ишлаётган компаниялар эса дунёдаги энг юқори солиқларни тўламоқда. Шунинг учун бир қатор чораларни кўриш керак бўлади:
Биринчиси, агар бизнес иш ўринларини қисқартириш йўлидан борса, унга солиқ имтиёзлари берилмаслиги керак;
Иккинчиси, четда даромад топадиган ва ишчи ёллайдиган ҳар қандай компания солиқ тўлаши керак. Фақат шу ерда, Америкада ишга ёлласагина, имтиёз бериш керак!
Учинчиси, америкалик ишлаб чиқарувчиларга кўпроқ солиқ имтиёзи берилиши керак. Юқори технология маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун эса бундай имтиёз икки баробар кўпайтирилиши лозим. Ушбу қонунларни шу бугун жўнатинг, ҳозироқ имзо чекишга тайёрман!

Ташқи савдода адолат

Биз Америка бизнеси учун ўз маҳсулотларини дунё бўйлаб сотишини янада осонлаштириш йўлидан борамиз. 2 йил олдин сўнгги беш йил давомида АҚШ экспортини икки баравар оширишни мақсад қилгандим. Биз мана шу мақсадни рўёбга чиқариш йўлида собиққадамлик билан бораяпмиз.

Ишчиларнинг малакасини ошириш

Мен кўплаб бизнесменлардан АҚШда ишчиларни ёллашга тайёр эканлигини, аммо малакали кадрлар етишмаслиги ҳақида муаммоларни кўп эшитяпман. Биз буни ҳал қилишимиз керак. Бугун миллионлаб америкаликлар ишсиз, лекин уларнинг касби-кори бўйича меҳнат бозорида талаб йўқ. Шунинг учун иш излаётган ва ишчи қидириаётганлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, керак бўлса, ишсиз фуқароларни касб йўналишини қайта такомиллаштириш чораларини кўришимиз керак. Бугун 2 миллиондан ортиқ америкаликни ишга жойлаштириш учун қайта касбга тайёрлаш керак бўлади.

Таълим

Америка халқи таълимга жами харажатларининг 1 фоиздан каминигина йўналтирар экан. Бу янада кўпроқ бўлиши керак. Ўқитувчиларни турли томондан сиққандан ёки қўллаб-қувватлагандан кўра, мактабларга шароит яратиб берайлик. Мактаблар яхши ўқитувчиларни ўзида сақлаб қолиши, энг яхшиларини мукофотлаши учун етарли ресурс яратиб берайлик. Ўқувчиларни тестга эмас, балки янгилик яратишга ўргатайлик.
Ўқувчилар дарсларни қолдирмасликлари керак. Бу уларнинг ҳаётда тўғри йўлдан кетишининг муҳим омили. Шу боис мен ҳар бир штат ўқувчи 18 ёшга тўлгунга қадар мактабга тўлиқ қатнашишини талаб қилишини таклиф қиламан.

Ҳаммабоп олий таълим

Олий таълим дабдаба эмас, балки ҳар бир Америка оиласи ўзига эп кўриши мумкин бўлган иқтисодий талабдир.
Мен лабораторияларимизда ишламоқчи, янги бизнесни йўлга қўймоқчи, мамлакатимизни ҳимоя қилмоқчи бўлганларни депортация қилишни бекор қилишга чорлайман. Зеро, улар шу мамлакатда вояга етиб, шу мамлакатда таълим олганлар. Бу ҳақдаги қонунни қабул қилиб, менга жўнатинг, бугуноқ имзолашга тайёрман!

Кўчмас мулк бозори ва ипотека

АҚШ кўчмас мулк бозоридаги инқироздан сўнг ҳали-бери бу тармоқда янгиланиш бўлмади. Шу боис мен масъулиятли ипотека кредити олганларнинг қарзларини тарихий паст ставкада қайта молиялаш орқали уларга йилигига 3000 доллар миқдорида маблағни тежаб қолиш таклифини бермоқчиман.

Корпоратив ва молиявий назорат

Мен Уолл-Стрит ўрнатган қоидалар билан яшаган даврга қайтишни истамайман. Йирик банк ва инвестиция институтларига аҳолининг депозитларини катта хавфга қўйиб, қарз беришларига йўл қўймаймиз. Биз банкротга учраган компанияларни яна бир марта қутқариб қолмоқчи эмасмиз.

Ипотека ёки бошқа кредит берувчиларга ҳам шу талаб: қарзни қайтариш имконига эга бўлмаган истеъмолчиларга осонлик билан кредит бериш даврлари ортда қолди.

Мен Бош прокурордан федерал ва етакчи штатлар прокурорлардан иборат махсус бўлим тузиш кераклигини топширдим. Улар ипотека инқирозига олиб борадиган ўта хавфли ипотека кредитлари ва бошқа ноқонуний қарзлар бўйича текширувларни кенгайтириши керак.

“Баффет қоидаси”

Биз 2 триллион долларлик давлат бюджети тақчиллигини қисқартиришга келишиб олдик. Лекин афсуски, 2 фоиз бой америкаликларга солиқ имтиёзи берганимиз туфайли қарийб 1 триллион доллар маблағ йўқотаяпмиз. Бугун Уоррен Баффет ўз котибасидан паст ставкада солиқ тўлайди. Бу ижтимоий адолат принципларига зиддир. Шунинг учун агар сиз йилига 1 миллион доллар топадиган бўлсангиз, ҳеч қанақа солиқ имтиёзларига эга бўлмаслигингиз керак.