Чикагода Ўзбекистонлик Жамшид Мухторов қўлга олинди

АҚШ Федерал тергов бюроси Чикагодаги О’Ҳейр аэропортида ўзбекистонлик 35 яшар Жамшид Мухторовни террорчилик гуруҳларига аъзоликда айблаб қўлга олган.

The Washington Post газетасининг ёзишича, “у террорчилар билан бирга курашиш ҳамда зарур бўлса, ўз ҳаётини қурбон қилиш” мақсадида йўлга отланган чоғда ҳибсга олинган.

Расмийлар унинг АҚШ ҳудудида қандайдир террорчилик ҳужумларини уюштиришни режалаштирилганини тасдиқловчи далиллар йўқлигини айтган.

Бир неча исмлар остида ҳаракат қилган Мухторов тегишли хорижий террорчиларга моддий ёрдам кўрсатиш ва бундай кўмакни кўрсатишга ҳаракат қилганликда айбланмоқда.

Прокурорларнинг тасдиқлашича, у қароргоҳи Покистонда жойлашган Исломий Жиҳод Иттифоқи экстремистик ташкилоти сафида жангари бўлишга ҳозирланган. Шуни алоҳида қайд этиш керак, бу ташкилот Ўзбекистондаги бир қатор террористик актлар учун айбланган, шунингдек, Афғонистондаги коалиция кучларига қарши уюштирилган кўплаб ҳужумлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олган. Хусусан, ушбу ташкилот аъзолари Тошкентдаги АҚШ ва Исроил элчихоналари, шунингдек, прокуратура биносида ҳудҳушлик портлашларини амалга оширганлиги қайд этилади.

АҚШ адлия вазирлиги вакили Дин Бойднинг айтишича, Мухторов Туркияга учаётган чоғида ҳибсга олинган.

Жамшид кеча Чикаго судида қисқа муддатга олиб келинган ва судья Мортон Денлоу унинг иши Денвер судида кўриб чиқилишига ҳукм чиқарган.

Айни пайтда терговчилар унинг лэптоп компьютери ва Blackberry телефонини текшириб кўриш учун уйини тинтув қилишга санкция ҳамда Мухторов ишлатиб келган иккита электрон почтани текширишга рухсат олишди.

Федерал тергов бюроси(FBI)га кўра, террорчилик ташкилотлари вакиллари билан электрон почта орқали “код сўзлар” билан алоқа қилиб борган. Унинг ёзишмаларида “тўйга” чақирилгани, “ҳар қандай топшириқни, агар ўлимга олиб келса ҳам, бажаришга тайёр эканлиги”ни кўриш мумкин.

Мухторовнинг қўшниларига кўра, у юк машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган, уч нафар фарзанди бор.

Агар Мухторовнинг айбдорлиги исботланадиган бўлса, 15 йилгача қамоқ жазосига ҳамда 250 минг доллар миқдорида жарима тўлашига ҳукм қилиниши мумкин.

Жамшид Мухторовга тегишли деб қаралаётган Facebookдаги профилдаги маълумотларга кўра, у Жиззахдан. Мазкур ижтимоий тармоқдаги фаолияти ҳам асосан дин билан боғлиқдир.

SHARE