Ҳазилнинг таги зил


Буюк Британия фуқароси twitterдаги микроблоги орқали қилган ҳазиллари туфайли АҚШга кириш ҳуқуқидан маҳрум бўлишди. Негаки, уларнинг “Американи вайрон қил (Destroy America)” жумласи АҚШ полициясининг террорчиликка қарши курашиш бўлими ходимларининг эътиборини тортди.

АҚШга таътилга отланган Британиялик Лее ванн Брайаннинг ушбу ҳазили полиция агентлари томонидан бир ҳафта олдин кузатувга олинади. У ўз севгилиси билан Лос-Анжелес халқаро аэропортига қўнгач, қуролланган хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олинади. Беш соатлик сўроқдан сўнг уларнинг қўлларига кишан тақилиб, ноқонуний иммигрантлар ушлаб турилган ҳибсхонага олиб келинади. Эртасига эса Англияга қайтариб юборишади. Сайёҳларнинг айтишича, улар билан худди террорчилардек муомала қилишган.

Брайаннинг қайд этишича, “Destroy America” британияликлар наздида мазза қилиб дам олиш деганидир. Аммо АҚШ хавфсизлик хизмати ходимлари буни тўғри маънода қабул қилишган.

Полиция ходимлари, шунингдек, Брайан томонидан айтилган яна бир жумла, яъни твиттерда ёзилганидек, у АҚШда машҳур актриса Мэрилин Монронинг қабрини ковламоқчи эканлигини суриштиришган. Аммо англиялик сайёҳнинг машҳур “Гриффинлар” комедия мультсериалидан иқтибос келтиргани ҳақида далилларига ҳеч ким ишонмайди. Полиция уларнинг чемоданларини белкурак бормикин, дея обдон текширишади.

Ҳақиқатан ҳам, бугун интернет, айниқса, facebook.com ёки twitter.com сингари ижтимоий тармоқлар заминимиздаги миллионлаб одамлар турмушининг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Шу боис АҚШ хавфсизлик хизматлари интернетдаги айрим сўзлар, жумлаларни мунтазам кузатиб боришади. Агар бу жумлаларда, чиндан ҳам, террор ёки шунга ўхшаш жиноят аломати бўлса, тегишли чоралар кўрилади. Буни яқинда Чикагода ўзбекистонлик Жамшид Мухторовнинг айнан электрон ёзишмалари туфайли қўлга олингани ҳам тасдиқлайди.

Экспертлар, шунингдек, АҚШ шаънига турли бўлмағур гапларни айтишдан ҳам тийилишга чақиришади. Уларнинг фикрича, бу уларнинг океанортига бориш имкониятларини камайтириб юборади. Машҳур рус сатиристи Михаил Задорнов унга бир неча бор АҚШга кириш учун виза берилмаганлигини ўзининг “Америкаликлар аҳмоқ” ибораси билан изоҳлайди. Лекин АҚШ томони визга рад жавобини бераётганда буни далил сифатида келтирмаган.

Шунинг учун ўзбекистонлик твиттериан ва фейсбукчиларни бу борада огоҳликка чақириб қоламиз!