Қирқ йиллик опа-сингиллар

Келаси йил Тошкент ва Сиэтл шаҳарлари ўртасида опа-сингиллик ришталари ўрнатилганига 40 йил тўлади.

1973 йилда, яъни совуқ уруш руҳи кезиб юрган, Ўзбекистон ташқи сиёсат олиб боришда қарийб мустақил бўлмаган йилларда бундай муҳим воқеага қўл урилиши, табиийки, тарихий ҳодисадир.

Маълумки, Сиэтл АҚШнинг Вашингтон округида жойлашган бўлиб, 2010 йил маълумотларига кўра,  600 минг нафардан ортиқ аҳолиси бор. Икки асрдан зиёд тарихга эга. Ўз навбатида, 2200 йиллик тарихга эга Тошкент Сиэтлга опа бўлиши турган гап.

Тарихчилар Тошкент ва Сиэтл ўртасидаги алоқалар тарихини 1971 йил билан боғлашади. Ўшанда Аляска авиакомпанияси раҳбарияти таклифига биноан, Тошкент шаҳар ижроқўми раиси (ҳокими) Воҳид Қозимов ўзининг Иркутск ва Сочи шаҳарларидаги ҳамкасблари билан Сиэтлга ташриф буюради. Сиэтлнинг ўша вақтдаги мэри ва Қозимов жуда қалин бўлиб кетишади ҳамда икки шаҳар ўртасидаги биродорлик алоқаларини ўрнатиш ташаббуси туғилади.

Бу ғояни амалга оширишда АҚШ президенти Ричард Никсоннинг 1972 йили Москвага қилган ташрифи муҳим роль ўйнади. Гарчи Никсоннинг мазкур расмий ташрифдан мақсади Шимолий Вьетнамга босим ўтказиш бўлса-да, ушбу учрашув доирасида ядровий қуролни қисқартиришга ҳам келишилади.

Сиэтл жамоатчилиги бу воқеадан руҳланиб, СССР билан маданий алоқаларни ҳам ўрнатиш зарурлигини қайд этишади. Сиэтл мэри Вес Ульман Никсонга Тошкент билан “опа-сингил” тутиниш ҳақидаги таклифини киритади. 1973 йилда Сиэтл собиқ иттифоқ ҳудудидаги шаҳарлар билан қардошлик алоқаларини ўрнатган биринчи шаҳар бўлади.

1974 йилда Сиэтлда  “Тошкент” парки барпо этилади, кейинчалик машҳур ҳайкалтарош Шарипо Яковнинг “Бахт қуши Семурғ” композицияси ушбу паркнинг кўркига айланади. Тошкент – Cиэтл муносабатлари СССР ва АҚШнинг ўзаро алоқалари ёмонлашган даврларда, хусусан, Афғонистон инқирози йилларида фаолият олиб борди.

Айни пайтда Тошкентда ҳам “Тинчлик боғи” ва “Сиэтл” кафеси очилади. Эътиборли жиҳати, “Тинчлик боғи”ни барпо этишда юзлаб сиэтллик кўнгиллилар қатнашади. Ҳамкорликда турли маданий тадбирлар, байрамлар, анжуманлар ўтказиш йўлга қўйилди. Уларда, айниқса, дунёда тинчликни ўрнатиш ғояси устувор эди. Хусусан, 1983 йилда сиэтлликлар ядро урушининг олдини олиш истаги битилган хатга 42 мингта имзо йиғишиб, Тошкентга етказишади. Айни чоғда Тошкентда ҳам худди шу ният билан 120 минг имзо йиғилади.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач ҳам Тошкент – Сиэтл ҳамкорлиги жуда фаол бўлмаса-да, давом этмоқда. Сиэтлда ўзбек диаспораси томонидан турли миллий байрамларни ўтказиш анъанага айланган. 2008 йилда ўзаро ҳамкорликнинг 35 йиллиги кенг нишонланди.

Албатта, “опа-сингил” тутинишнинг 40 йиллигини байрам шукуҳи билан нишонлаш айни муддаодир. Зеро, Тошкент – Сиэтл ҳамкорлиги шунчаки ижтимоий-маданий воқелик эмас, балки тарихий ҳамда маданий ёдгорлик ҳамдир.