“Medicare”дан қандай фойдаланиш мумкин?

Medicare — 65 ёшдан ошган фуқаролар ҳамда ногиронлар учун асосий соғлиқ суғуртаси билан шуғулланадиган дастур ҳисобланади. Шу ўринда Medicareни Medicaid билан чалғитиб юбормаслик керак. Medicaid кам таъминланганларга қаратилган тиббий дастурдир.

Medicare дастури тўртта таркибий қисмдан иборат. Касалхонага тушиб қолганда кетадиган харажатларни қоплашга қаратилган суғурта (Part A), шифокор консультацияси, амбулатор даволаш ва бошқа тиббий хизматлар йўналтирилган суғурта (Part B), юқоридаги иккала тиббий хизматдан ҳам фойдаланиш ҳуқуқини берадиган Medicare Advantage (Part C) суғуртаси, шифокор ташхиси бўйича ёзиб берилган дори-дармонлар харажатларини қоплайдиган суғурта шулар жумласидандир.

Маълумки, 65 ёшга етгандан сўнг аксарият одамлар касалхонага тушиб қолса, Medicareнинг биринчи қисми бўйича суғурта олади. Агар сиз ижтимоий таъминот нафақасини ёки темирйўлчи пенсиясини оладиган бўлсангиз, ўз-ўзидан касалхонага тушганда харажатларингизни Medicare орқали қоплашингиз мумкин. Шунингдек, сиз турмуш ўртоғингизнинг иш стажи асосида (агар ажрашган бўлсангиз ҳам) ёки Medicareга солиқ тўлаган давлат хизматчиси бўлсангиз, бу суғурта туридан фойдаланишингиз мумкин.

24 ой давомида ногиронлик бўйича ижтимоий таъминот нафақасини олаётганлар ҳам касалхонага жойлаштирилганда харажатларни қоплайдиган суғуртадан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Medicare (Part B) ихтиёрий суғурта тури бўлиб, ҳамма бундай хизмат туридан фойдаланиши мумкин. Битта жиҳати шундаки, у пуллик. 2012 йил учун бу турдаги суғурта тўлови 99,60 долларни ташкил қилади.

Medicare Advantage (Part С) суғурта турига Medicareнинг А ва В қисмларидан фойдаланаётган барча шахслар қўшилиши мумкин.

Унга қуйидаги хизматлар киради:

Марказлашган ҳолда бошқариладиган Medicareнинг тиббий хизматлари;
Шартнома асосида шифокорлар ва муассасалардан фойдаланиш бўйича Medicare хизматлари;

Medicare махсус пуллик хизматлари;

Medicare Advantage сизга қўшимча хизматлар тақдим этганлиги учун унга тўлаш керак бўлади.

Medicareнинг шифокор ташхиси бўйича дори-дармонлар харажатларини қоплашга қаратилган суғурта тури (Part D)дан ҳам барча фойдаланиши мумкин. Бу суғурта туридан фойдаланиш ихтиёрий бўлиб, қўшимча тўловни кўзда тутади.