Обаманинг иммиграция сиёсати тилда бошқа, амалда бошқами?

Барчага маълумки, жорий йилда АҚШда президентликка сайлов бўлиб ўтади. Шу кунларда амалдаги президент Барак Обама ҳам сайлов кампаниясига қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Президентнинг ўтган даврда амалга оширган ишлари, 2008 йилги сайловолди кампанияси давомида берган ваъдаларини бажарганлиги жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, президент сайловолди кампаниясининг долзарб мавзуларидан бири ноқонуний иммиграцияга қарши курашиш ҳисобланади.

Гарчи Барак Обама ўз сайловолди дастурида депортация сиёсатини енгиллаштиришга қаратилган иммиграция ислоҳотини амалга оширишни ваъда қилаётган бўлса-да, у ўз президентлигининг биринчи 2,5 йиллигида 1 миллион нафардан ортиқ ноқонуний иммигрантларни мамлакатдан чиқариб юборди. Бу Жорж Бушнинг икки муддати давомида чиқариб юборилган иммигрантлар сонидан ҳам кўпдир.

Иммиграция масаласи 2012 йилги сайлов кампаниясининг энг қизғин мавзусига айланаётгани боиси ҳам мана шунда. Чунки Обаманинг тилда бошқа, амалда бошқа иммиграция сиёсати консерваторларнинг ҳам, либералларнинг ҳам жиддий танқидига сабаб бўлаётир. Шуни эслатиб ўтиш керак, 2008 йилги сайловда испан тилида сўзлашувчи сайловчиларнинг 67 фоизи Обамани ёқлаб овоз беришганди. Яна шуни қайд этиш керакки, кейинги йилларда испан тилида сўзлашувчи америкаликларнинг сони изчил кўпайиб бормоқда. Чунончи, уларнинг сони бугунги кунда 50,5 миллиондан ортиқ бўлиб, бу мамлакат аҳолисининг 16,3 фоизи деганидир.

Статистик маълумотларга кўра, АҚШда бугун 11,2 миллион нафардан ортиқ ноқонуний иммигрант яшаб, меҳнат қилади. Обаманинг Сенатда тўхтаб қолган “DREAM” қонун лойиҳасига кўра, 2 миллион нафардан ортиқ ёшлар фуқароликка эга бўлиши мумкин эди. Умуман, бу қонун АҚШга ёшлигида келиб қолган ва йиллар давомида бу заминда яшаётган ўсмирлар учун айни муддаодир. Аммо бу ҳужжат қонун ижодкорлари томонидан қўллаб-қувватланмади.

Шу билан бир қаторда, Обама маъмурияти адлия ва ички ишлар органлари томонидан депортация тартибини қайта кўриб чиқишни илгари суришмоқда. Чунки шу кунгача, яъни Обама президентлиги даврида мамлакатдан чиқариб юборилган миллиондан ортиқ ноқонуний иммигрантларнинг 46 фоизи жиноят содир этганлар бўлса, 54 фоизи ҳеч қандай ҳуқуқбузарликка қўл уришмаган. Шунинг учун Обама маъмурияти унча катта аҳамиятга эга бўлмаган ҳуқуқбузарликлар содир этган иммигрантлардан бармоқ изларини олишдек турли жараёнларни қисқартириш тарафдори. Уларга кўра, бу қоида боис ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қаттиққўл муносабатда бўлиниши иммигрантлар ва полиция ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашувига олиб келиши мумкин.

Умуман, Барак Обама маъмурияти иммиграция масаласида аниқроқ ва тезкорроқ қарорга келмас экан, жорий йил кузда бўладиган сайловларда бирмунча қийналиб қолиши турган гап.