Россияда “Нексия”нинг бозори чаққон

“GM Uzbekistan” Ўзбекистон — АҚШ қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган автомобиллар Россия бозорида анча харидоргир бўлиб бормоқда. Хусусан, ўтган йили бу ерда 92 мингдан ортиқ Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар сотилган, деб хабар тарқатди “ИТАР-ТАСС” ахборот агентлиги . Бу 2010 йилдагига нисбатан 25 фоиз кўп демакдир.
Европа бизнеси ассоциациясининг Автомобиль ишлаб чиқарувчилар қўмитаси тарқатган маълумотларга кўра, 2011 йил давомида россияликлар 54567 мингта Nexia ва 38211 дона Matiz русусмидаги автомашиналар харид қилишган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, “GM Uzbekistan” ёпиқ акциядорлик жамияти Россияда автомобиль сотиш кўрсаткичлари бўйича 9 ўринни эгаллаган. Бунда энг харидоргир маҳсулотлар рўйхатида “Nexia” тўққизинчи, “Matiz” 17-ўринни эгаллаган.

Эслатиб ўтамиз, “GM Uzbekistan” ёпиқ акциядорлик жамияти шаклидаги қўшма корхонаси йилига 250 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, унинг 25 фоизлик акциясига АҚШнинг “General Motors” компанияси эгалик қилади.