СИЗДА ҲАМ ЧИРОҚ ЎЧАДИМИ? (Ҳангома)

Ҳамма ёқ тинч, обод. Ҳаммага имконият бериляпти. Ким нимани хоҳласа, шуни қила олиши мумкин. Энди ҳар ҳолда мумкин-да. Масалан, мен фермерман. Бир пайтлар фалон қишлоқда оддий деҳқон эдим. Энди ана шу имконият туфайли фермер бўлдим. Шу фурсатдан фойдаланиб (қишлоқда тўйларда бу жумлани кўп ишлатамиз, хафа бўлмайсиз), қишлоғимизда ўзим олиб борган кичик бир тадқиқотни сизга айтиб бермоқчиман (қишлоқча гапирмаётганимга ҳайрон бўлманг, чунки саводлиларнинг аксарияти қишлоқдан чиқади ва шунинг учун бундай ҳангомаларда ҳадеб қишлоқча шевада ёзавериш ҳам ярамайди).

Биламан, қишлоқда муаммо кўп. Буни сиз ҳам биласиз. Ҳа энди, ривожланиш бор жойда камчилик, албатта, бўлади. Ана шу муаммони дарров бартараф этиш керак. Иссиғида, дермиди… Лекин бизнинг қишлоқдаги бу муаммо бартараф бўлиш ўрнига тобора чуқурлашиб, илдиз отиб бормоқда. Ваҳима қилиш ниятим йўқ, келинг, яхшиси, кичик тадқиқотимни “шейр” қилсам…

Чироқ ўчиришнинг ўнта ҚОИДАСИ

1. Давлатимиз ток жамғармасини асраш ва пойтахтимиз ҳамда шаҳарларимизни (қисман бўлса-да) чироқ нури билан таъминлаш. Бундай тажриба доимгидек ҳеч қайси мамлакатда йўқ.

2. Электр токи қарзини тўламаганлар касрига тўлаганларникини ҳам ўчириш. Бундай қилишдан асосий умид шуки, зора пул тўлаганлар қарзи борларни инсофга чақириб қолишса, деган хомхаёл бор бу ерда.

3. Чироқни ҳар куни эрталаб соат 6:00дан 9:00гача ўчирмаслик (бу вақтда ҳамма ишга, мактабга боради ҳар ҳолда, шунисига ҳам шукр), соат 9:00дан 15:00гача ёқмаслик, қисқа қилиб айтганда, бир суткада 15 соат ўчириб, 9 соат ёқиш (бу кўп эмасми).

4. Чироқни бир кунда энг камида 6 соатдан кам ёқмаслик (бу ҳолат 2011 йилдан эътиборан “жорий этилибди”).

5. Байрам кунлари чироқни ўчирмаслик, шунда ҳам катта ва асосий байрамларда. Кичикроқ байрамларда 12 соат ўчириб, 12 соат ёқиш, бу ҳам вазиятга қараб (бу билан мақтаниш керакмикан, билмадим).

6. Электр токини иқтисод қилиш асносида Гидро электр станцияларига ёрдам бериш, уларнинг ишини осон қилиш ва режасини тўлдиришига кўмаклашиш (бунисига мен ҳам тушунмадим, “Причём тут ГЭС?”, дермиди).

7. Электр токини исроф қилмаслик (!) ва кучли бўрон ёки қор пайтида жойларда ҳалокатларнинг олдини олиш, талафотларни камайтириш.

8. Кечаси билан ёниқ ҳолатда қолиб кетадиган (бу ҳолат асосан шаҳарларда-ёв) буюмлар — телевизор, магнитофон, плита ва бошқа иситкич қурилмаларидан бемақсад фойдаланиш оқибатида келиб чиқадиган кўнгилсизликларнинг олдини олиш.

9. Баъзи пайтларда чироқ нури турли ёнғинларга олиб келишининг олдини олиш (ёпирай).

10. Ўзимизда ишлаб чиқилаётган шамларни иложи борича кўп фойдага сотиш (бунисини тушунса бўлади).

Чироқ ўчишининг ўнта ФОЙДАСИ

1. Энг аввало, яхши дам — меҳнатга ҳамдам, деганларидек туну кун уйқу. Чироқ йўқ бўлса, бекорчиликдан одам нима қилади? Меҳнатни севганлар эса ўзини билиб, уй ишларини қилади.

2. Ток бўлмаса, телевизор кўриш, радио эшитиш ҳам йўқ. Шунисига хурсанд бўлдим. Айниқса, хотинларнинг кун бўйи (ваҳима қилиш керак-ку) сериал кўриши жа жонимдан тўйдирганди. Майли, кўришсин, лекин ҳар замонда футбол ҳам томоша қилиб туриш керак-да.

3. Яна бир катта фойдаси — телефондан камроқ фойдаланиш. Ток бўлмагандан кейин телефоннинг қуввати тугайди, камроқ гаплашилади (айниқса, қизлар билан). Энг асосийси, Интернет ўлгурдан ҳам озроқ фойдаланилади. Ўғлим “Интернет”чи-да.

4. Хотин сериалини кўролмагандан кейин ғудраниб-ғудраниб, соат 21га етмасдан донг қотади. Куни билан чарчаган-да. Агар шу чироқ ёниқ бўлганида сериали учун соат 23гача бемалол ухламасди. Бизниям ухлатмасди.

5. Кўчалар қоронғу, дўконлар эртакунда ёпилган. Натижада, болалар, йигитлар, қисқаси, бўйдоқлар кечаси кўчада камроқ юришади, ичиш ва чекиш ҳам бир мунча қисқариши мумкин. Эринмасдан кўчада бировнинг ғийбатини қиладиган чоллар ва кампирлар ёки хотинлар (!) ҳам кечки овқатдан кейин уйларидан чиқишмайди.

6. Қўл меҳнатига таяниш техника асрида жуда кулгилидир, лекин анча фойдали ҳам безарар. Масалан, қишда (чироқ асосан қишда ўчади) печка ва сандалда уйларни иситиш, ўчоқ ё печкада овқат қилиш, чой қайнатиш шулар жумласига киради.

7. Ҳар ой бўлмаса ҳам, ҳар ҳафта уйингизга келиб, ток учун пул тўлашни талаб қиладиган устаси фаранглардан (улар ҳар хил-да, ҳақиқийлари ҳам бор, сохталари ҳам, қишлоқ аҳли содда бўлса, истаган суммасини айтиб, жарима солиб, қандини уриб юрганлар ҳам йўқ эмас) ҳар ҳолда бир муддат қутуласиз. Чўнтакка фойда дейман-да.

8. Энг асосийси, давлат бюджетига фойда. Қанча электр токи тежаляпти. Пойтахт ва шаҳардагиларнинг камчилик кўрмасдан яшаши учун биз — қишлоқдагилар катта ёрдам беряпмиз.

9. Қишлоқдаги бу ҳолатни туман марказлари билмайди, чунки уларда ҳам чироқ ўчиб туради. Вилоятдагилар ҳам “билишмайди”. Хуллас, юқоридагилар “билмайди”, халқ эса индамайди. Оч қорним — тинч қулоғим, дегандек тинчгина ўтирибмиз. Буям фойда.

10. Энг катта фойдаси — ижодкорлар учун. Уларга шовқинсиз қоронғу тунда яхшигина илҳом келади. Янги-янги асарлар яратади, шу жумладан, мана шу ҳангома ҳам.

Илова. Камина ушбуни бир фермер тилидан ёздим. Яна бир муаммо — газ қолиб кетди. Аслида қолиб кетмади, газнинг йўқлигига қишлоқдагилар аллақачон кўникиб бўлишган. Шаҳардагилар бир кун газнинг йўқ бўлганига қанчалик ҳайратланишса, биз газ келганида шундай лол қоламиз.

Мен Ватанимни севаман. Суйганимдан куяман. Унинг камчиликларини бартараф этишга уринаман. Президентимиз айтган-ку, “ютуқларимиз ўзимизники, биз камчиликларимизга эътибор қаратайлик”…

 

Заҳириддин

http://twitter.com/_Zahiriddin

SHARE