Ўзбек ошпазлари рекорд ўрнатишмоқчи

Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси катта дошқозонларда гуруч дамлаб, Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олишмоқчи. Моҳир ошпазлар мамлакатнинг барча ҳудудларидан йиғилиб, миллий ош дамлашни мўлжаллашмоқда.

Ҳозирча ушбу тадбирни амалга ошириш учун ошпазларга 1,5 тонна гуруч, 1200 килограмм гўшт, шунча миқдорда сабзи, 300 килограмм пиёз ҳамда 300 литр ёғ керак бўлади. Бунча миқдордаги ошни 12 катта дошқозонда пишириш кўзда тутилаётир.

Маълумки, ҳар бир вилоят ўзига хос ош дамлаш услубига эга. Гарчи ош масаллиқлари ўзгармаса-да, тайёрланиши ва сузилишига қараб, улар бир-биридан тубдан фарқланади.

— Биз барчамиз Карим Маҳмудовнинг “Паловнинг 100 тури” деган китобини яхши биламиз, — дейди Ўзбекистон ошпазлар ассоциацияси матбуот котиби Флора Фахрутдинова “Мир” телерадиокомпаниясига берган интервьюсида. — Албатта, бизда 100 та дошқозонда ош дамлаш иложи йўқ. Лекин вилоятлардан келган ошпазларимиз тахминан 12 дошқозонда ош дамлашини ўйлаб турибмиз.

Жаҳон рекордини ошпазларимиз шу йил баҳорда, яъни Наврўз байрами арафасида уюштиришлари эҳтимолдан йироқ эмас.

Бу хабар, айниқса, сайёҳлик компанияларида катта қизиқиш уйғотди. Чунки ўзбекистонлик ошпазлар нафақат жаҳон рекордини ўрнатишни ният қилишган, балки уни ҳақиқий “ош шоу”сига, ўзбек палови фестивалига айлантиришни ваъда қилишмоқда. Бу, табиийки, хорижлик сайёҳлар учун айни муддао бўлиши мумкин.