14 февралнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Ўлганлар ҳам овоз берадими?

АҚШда 24 миллион нафар сайловчини рўйхатга олишда амалдаги қонунчилик талаблари бузилган. Бу Pew тадқиқотлар маркази томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида аниқланган. Эътиборли жиҳати, рўйхатга олинган сайловчилардан 1,8 миллион нафари аллақачон ҳаётдан кўз юмган бўлса, 2,75 миллиони бир штатда бир неча марта рўйхатдан ўтказилган. Айни пайтда 51 миллион сайловчи ҳали рўйхатга олинмаган. Тадқиқотчилар фикрича, бу вазият амалдаги сайловчиларни рўйхатга олиш тизими бирмунча эскиргани туфайли юзага келган.


 

 

Порнографияга қарши чоралар янада кучайтирилади

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари порнографик маҳсулотларни тарқатиш ва реклама қилишга нисбатан жавобгарликни янада кучайтиришни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда. Жиноят кодексининг 130-моддасини янги таҳрирда қабул қилиш кўзда тутилмоқда. Унга кўра, порнографик маҳсулотларни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ёки тайёрлаш энг кам иш ҳақининг 400 бараваридан 600 бараваригача жарима, 3 йилгача аҳлоқ тузатиш ёки 6 ойгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Шу мақсадда яна бир қатор жазо чоралари кўзда тутилаётир.


 

 

Apple — энг бой компания

“The Wall Street Journal” нашрининг хабар беришича, “Apple” компаниясининг бир дона акцияси қиймати 500 АҚШ долларига етган. Бу, айниқса, оммавий ахборот воситаларида ўтган йили компания кўрган даромад 46,33 миллиард АҚШ долларига тенг бўлгани ҳақидаги хабарлар сабаб бўлди. Натижада “Apple”нинг умумий капатали 465 миллиард АҚШ долларига етган ва дунёдаги энг қиммат оммавий компаниялар руйхатида етакчиликка чиқиб олган.


 

 

Afrosiyob ҳар куни қатнайди

“Ўзтемирйўлйўловчи” ОАЖ юқори тезликда ҳаракатланувчи Afrosiyob поездининг рейслари сонини оширди. Эндиликда Тошкент — Самарқанд —Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланувчи ушбу поезд ҳар куни юрадиган бўлди. Эслатиб ўтамиз, шу пайтга қадар поезд фақат беш кун қатнар эди. Поезд эрталаб соат 8:00 да Самарқандга йўл олса, у ерда соат 17:00 да Тошкентга қараб қайтади.


 

 

Европада футбол оқшоми

Бугун Европа Чемпионлар лигасининг иккита плей-офф ўйини бўлиб ўтади.
Франциянинг “Лион” жамоаси ўз майдонида Кипрнинг АПОЭЛ клубини қабул қилса, Германиянинг “Байер” жамоаси Каталониянинг “Барселона” клубига қарши майдонга чиқади. Ўйинлар Тошкент вақти билан соат 00.45 да, Нью-Йорк вақти билан кундузи 10.45 да бошланади. Шунингдек, бугун Европа лигасида ҳам учрашувлар бўлиб ўтади. Қозоннинг “Рубин” жамоаси Москвада Грециянинг “Олимпиакос” клубини, Португалиянинг “Брага” жамоаси эса, Туркиянинг “Бешиктош” клубини қабул қилади.

 

SHARE