21 февралнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Яна қамаб қўйишди

Халқаро валюта жамғармасининг собиқ раҳбари Доминик Стросс-Кан яна ҳибсга олинди. Бу гал уни француз полицияси қўлга олди. “Agence France-Presse” ахборот агентлигининг ёзишича, у Лилль шаҳрида терговчиларга кўрсатма бериш учун келган эди. Бироқ полиция участкасида уни қўлга олишган. Француз матбуотининг таъкидлашича, Стросс-Кан фоҳишабозликни ташкил қилиш, шунингдек, жамоат мулкини талон-тарож қилганликда айбланмоқда. Эслатиб ўтамиз, Доминик Стросс-Кан ўтган йили жинсий зўрлаш айби билан Нью-Йоркда ҳам ҳибсга олинган эди. Шу жанжал туфайли Халқаро валюта жамғармаси раҳбари лавозимидан воз кечганди.


 

 

Учувчисиз самолёт Қозоғистонга ўтиб кетибди

Қозоғистон расмийлари ўз ҳаво кенглигига Ўзбекистоннинг учувчисиз самолёти кириб келганини расман тасдиқлади. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг сўзларига қараганда, буни Қозоғистон чегара қўшинлари штаби ҳам тасдиқлаган. Қозоқ матбуотининг ёзишича, ушбу ҳаво кемаси 15 минут давомида Қозоғистон ҳудудида бўлиб турган.


 

 

НАТО расман кечирим сўради

НАТОнинг Афғонистондаги ҳарбий кучлари раҳбарияти ўз аскарлари томонидан мусулмонларнинг муқаддас китоби — Қуръони карим ва бошқа бир қатор диний китобларни таҳқирлагани учун расман кечирим сўради. Бу ҳақда Афғонистонда хавфсизликни таъминлашга кўмаклашиш халқаро кучлари (ISAF) қўмондонлиги номидан генерал Жон Аллен маълум қилди. У, шу жумладан, Афғонистон президенти Ҳамид Карзай, мамлакат ҳукумати ва афғон халқига ўз узрини билдирган.


 

 

Стипендиядан нетбук олиш мумкин

“Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси талабалар учун нетбукларни пулини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотишни режалаштирмоқда. UzDaily сайтининг ёзишича, талабалар нетбукнинг пулини олий ўқув юртида ўқиш якунида, шунингдек, стипендиядан ҳам тўлашлари мумкин бўлади. Нетбуклар интернетга Uzmobile (CDMA 450 стандарти) модемлари ёрдамида уланади.


 

 

Авиакассирлар ҳушёрликка чақирилди

ЎзА агентлиги хабарига кўра, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авикомпаниясининг ҳаво йўллари бош агентлиги ва “Тошкент” аэропортининг сотувлар бўлими авиакассирларига авиачипталарни расмийлаштиришда ҳушёрроқ бўлиш кераклиги уқтирилди. Авиакассирлар кўпинча чипталарни расмийлаштиришда, биринчи навбатда, касса ходимлари йўловчилар паспортларини батафсил ўрганмаслиги сабабли хатога йўл қўяди. Негаки, айрим ҳолларда шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг муддати ўтган ёки Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасида расмийлаштириладиган хорижга чиқиш учун рухсат берилмаган бўлади.