22 февралнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

62,6 минг киши Россияга кўчиб ўтди

Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотларига кўра, ўтган йили 62,6 минг киши қонуний Россияга кўчиб ўтган. Улар орасида 6 минг нафари Россия Федерациясининг махсус дастури бўйича кетган бўлса, қолганлари ўз ташаббуси билан йўл олган. Маълумотларга қараганда, улар орасида ўзбеклар ҳам кўпчиликни ташкил қилади.


 

 

Ҳиндлар чув туширишди

Ўн минг нафардан ортиқ америкаликлар Ҳиндистондан телефон орқали уюштирилган фирибгарлик қурбонига айланишган. “Associated Press” ахборот агентлиги тарқатган хабарга қараганда, товламачилар Ҳиндистондан телефон қилишиб, ўзларини қарз йиғувчилар, деб таништиришган. Агар ўз вақтида қарзлар тўланмаса, қарздорлар ишидан айрилиши ҳамда қамоққа олиниши мумкинлигини айтишиб, қўрқитишган. Ҳар гал фирибгарлар 300 доллардан икки минг долларгача талаб қилишган. Федерал савдо комиссияси маълумотларига қараганда, 2010-2012 йиллар давомида 20 миллиондан ортиқ қўнғироқ бўлиб, 5 миллион доллар атрофида маблағ ўмарилган.


 

 

Шоҳрўх кечирим сўради

Ёш хонанда Шохрўх Санкт-Петербург шаҳрида амалга ошмай қолган концерти учун мухлисларидан кечирим сўради. Унинг сайёд.ўз сайтига берган интервьюсида “Санкт-Петербургдаги амалга ошмаган концерт юзасидан хар икки тараф олишиб, ким хақ, ким нохақлигини ҳал қилиш билан овораю, биронтаси халқдан узр сўрамабди”, дейилади. Хонан шахсан ташкилий ишлар бўйича шуғулланмагани боис, ҳозир ички муаммоларни кенг омма олдида таҳлил қилмаслигини айтиб, ўз узрини билдирди. Кейинги сафар молиявий тарафлар тўлиқ амалга ошмагунча, рекламага рухсат бермаслигини ҳамда халқ алданиб қолишига йўл қўймаслигини айтиб ўтган. Эслатиб ўтамиз, хонанда жорий йил 14 февраль куни Питерда концерт бериши ҳақида реклама эълонлари берилган бўлса-да, ўзи бормаган. Бунга концерт ташкилотчилари билан ўзаро молиявий тортишувлар сабаб бўлган.


 

 

Энди чекаверишади

Германия федерал конституциявий суди Гамбург шаҳридаги ресторан ва кафеларда қўйилган чекиш бўйича тақиқларни бекор қилди. Гамбург ҳукумати чекадиганлар учун алоҳида жойлар ажратилиши мақсадида мана шундай тақиқни жорий этган эди. Бироқ, суд тақиқ ҳамма жой учун бир хил бўлиши ёки умуман бўлмаслиги керак, деган қарорга келган. Бундай қарорга келишда суд, шунингдек, ўтказилган тадқиқот натижаларига суянди. Унга кўра, ресторан ва барлардаги тамаки тутуни инсон соғлиғига бир хил даражада салбий таъсир кўрсатар экан.


 

 

ФИФАга апелляция жўнатилди!

Ўзбекистон Футбол федерацияси ФИФА президенти Зепп Блаттер ва ФИФА тартиб-интизом қўмитасига апелляция жўнатди. Эслатиб ўтамиз, 17 февраль куни ФИФА тартиб-интизом қўмитаси ЖЧ-2014 Осиё саралаш мусобақаси 3-босқич учрашувидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг беш нафар футболчисини дисквалификация қилиб, Ўзбекистон футбол федерациясини жаримага тортган эди. Апелляцияда ҳар бир футболчининг мақсади ва бош орзуси мамлакат миллий терма жамоасида тўп суриш ва Жаҳон Чемпионатида иштирок этиш ҳисобланиши алоҳида қайд этилган. “ЎФФ ФИФА қарорларини тўғри, деб қабул қилади ва уларга ҳурмат билан муносабатда бўлади. Бироқ биз Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва унинг футболчиларига нисбатан жорий этилган жазо чораларини ҳаддан ташқари кескин деб ўйлаймиз “, – дейилади ҳужжатда.

 

SHARE