28 февралнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Аскар Қозоғистондан қайтади

Буюк Британия ўзининг Афғонистондаги ҳарбий контингентини олиб чиқишда Қозоғистон ҳудудидан фойдаланади. Бундай келишувга Буюк Британия мудофаа вазирининг Остонага қилган ташрифи чоғида эришилган. Ҳозирги кунда Афғонистонда Буюк Британиянинг 4 миллиард фунт-стерлинг миқдорида ҳарбий техника ва бошқа жиҳозлари мавжуд. Ушбу ҳарбий юклар Шимолий таъминот тармоғи орқали Болтиқбўйига олиб борилади ва у ердан денгиз йўли орқали туманли ўлкага етказилади. Эслатиб ўтамиз, ушбу масалада Буюк Британия мудофаа вазири Филипп Хаммонд Ўзбекистондаги ҳамкасблари билан ҳам мулоқотлар олиб борган.


 

 

ФИФА апелляцияни кўриб чиқмади

Маълумки, яқинда ФИФА Ўзбекистон футбол федерацияси ва миллий терма жамоанинг беш нафар ўйинчисига жарима қўллаган эди. Ўзбекистон футбол федерацияси унга ўз эътирозини билдириб, апелляция жўнатган эди. ФИФА аппелляция юзасидан ўз муносабатини тақдим этди. Унда ФИФА тартиб-интизом қўмитасининг 118-кодекси илова қилинган. Кодексга кўра, ФИФА икки ой муддат ичидаги 3 тадан кам бўлган ўйинга дисквалификация қилингани учун юборилган апелляцияни кўриб чиқмаслиги маълум қилинган.
Ўзбекистон футбол федерацияси расмий сайтининг ёзишича, ЎФФ томонидан берилган аппелляция ФИФА тартиб-интизом қўмитасининг 118-кодексига мувофиқ қабул қилинмайди. Сабаби, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари Сервер Жепаров, Вагиз Галиулин, Санжар Турсунов, Шавкат Муллажонов ва Ислом Тўхтахўжаев 2 та ўйинга дисквалификация қилинган. 29 февраль куни Японияга қарши бўлиб ўтадиган ўйиндан кейин бу сон биттага камаяди. ЎФФ эса айнан футболчиларнинг дисквалификацияси юзасидан аппелляция берганди.


 

 

Бизнес-класс машина

“GM Uzbekistan” қўшма корхонаси янги турдаги бизнес-класс седан “Chevrolet Malibu” автомобилларини йиғишни бошлаган. У Чкалов номидаги Тошкент авиация заводи ҳудудида ишлаб чиқарилмоқда.
Маълумотларга кўра, ушбу моделнинг тақдимоти жорий йилнинг апрель ойида бўлиб ўтади. Шу йилнинг ўзида “Chevrolet Malibu”дан 5000 дона ишлаб чиқарилиши кўзда тутилмоқда.


 

 

Юлдуз Ўзбекистонда концерт беради

Орадан беш йил ўтиб Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ўз юртида концерт бериши мумкин. Хабарларга қараганда, 6 март куни Усмонова Самарқанд шаҳрида яккахон концертини беради. Ҳозирча концерт мўъжазгина ресторанда бўлиб ўтади. Кўпчилик Ўзбекистон халқ артисти концертларини яна “Истиқлол” санъат саройида ўтказиши эҳтимоли туғилаётганини айтишмоқда.
Шов-шув.ўз сайтининг ёзишича, Усмонованинг бир неча йиллардан бери ўн кундан ошиқ бериб келган концертлари мухлислар ишончини қозонган, иккинчидан, юз фоиз жонли концерт тушунчасини айнан шу хонандагина шоу оламимизга олиб кирди. Мухлислар ҳар йили “Апрел концертлари” таърифини олган Юлдузнинг яккахон дастурини интиқ бўлиб кутишарди. 2007 йилдан бери эса “Истиқлол” саҳнаси ҳам примадоннани соғинган десак, бўрттириш бўлмаса керак, деб ёзади сайт.


 

 

Актёр Майкл Дуглас одамларни “қулоқ” бўлишга чақирди

Машҳур актёр Майкл Дуглас АҚШ федерал тергов бюроси учун қатнашган реклама ролигида одамларни иқтисодий ва молиявий жиноятлар ҳақида ахборот беришга чақирди. “Associated Press” хабарида келтирилишича, АҚШнинг йирик-йирик компаниялари томонидан молиявий фирибгарлик ҳолатлари жуда кўп тарқалган бўлиб, бир қанча компаниялар ўтган йилнинг ўзида суд қарори билан 12 миллиард долларлик жаримага тортилган. Ҳозирги кунда ФТБ ушбу жиноятга қарши курашиш бўйича кескин чоралар кўриб, компанияларнинг молиявий ҳисоботларини таҳлил қилиш учун кучли бухгалтерларни ёлламоқда.