29 февралнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Япония мағлуб этилди

Япониянинг Нагоя шаҳридаги Тоёта стадионида 2014 йилда Бразилияда ўтадиган футбол бўйича Жаҳон Чемпионатига гуруҳ саралаш ўйинлари доирасида Япония –Ўзбекистон миллий терма жамоалари баҳсида вакилларимизнинг қўли баланд келди. Ўйиндаги ягона голни миллий термамиз аъзоси А.Шадрин 54-дақиқада киритди. Ушбу ғалабанинг аҳамияти шундаки, Ўзбекистон терма жамоаси шу пайтга қадар бирон марта кун чиқар ўлка футболчиларини мағлуб этмаган эди.


 

 

Арманлар геноцид қилинганми?

Франция Конституциявий суди арманлар геноцидига оид қонунни рад этди. Мамлакат Конституциявий суди вакилларига кўра, мазкур қонун фикрлаш ва сўз эркинлиги тамойилларига зид ҳисобланади. Эслатиб ўтамиз, Франция парламенти ўтган ойда қабул қилган қонунга биноан, арманлар геноцидини омма олдида рад қилганларга бир йилгача қамоқ жазоси ёки 45 минг еврогача жаримага тортиш кўзда тутилган эди.


 

 

Ботир Қодиров қўшиқлари “blu-ray” дискларида

Ботир Қодиров икки йил танаффусдан берган яккахон концерти муваффақиятли ўтгач, яна бир яхши қўл урмоқчи, деб хабар беради шов-шув.ўз сайти. Хонанданинг янги альбоми ва видеодастури “Синема Маркет” компаниясида ўзгача дизайн ва диск тизимининг янги авлоди билан сотувга чиқарилади. Видео-альбом ўзбек шоу оламида илк маротаба “blu-ray” дискларида ёзилади! Сайтнинг ёзишича, Стинг, Мадонна, Бритни Спирс каби жаҳон юлдузлари қаторида энди Қодировнинг видео альбомидан ҳам энг юқори тиниқликда баҳраманд бўласиз.


 

 

Тошкентда уй-жой қимматлади

Тошкент шаҳрида уй-жой нархлари февраль ойида яна бир оз қимматлади. “Sion Research” ахборот-таҳлил марказининг маълумотларига кўра, пойтахтдаги кўчмас мулк объектларининг бир метр квадрат учун ўртача нархи 529 долларни ташкил қилиб, 0,4 фоизни ошди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ҳисоблаганда 6 фоизни ўсганидан далолатдир. Бу, содда тил билан айтганда, Тошкент шаҳридаги 41 квадрат метрли квартиралар нархи 21689 АҚШ доллари деганидир.


Айбини топганга — миллион доллар

Ахборот-коммуникация соҳасидаги йирик компания — Google компанияси ўзининг Chrome браузери тизимига бузиб кирган шахсга бир миллион доллар беришини ваъда қилди. Мутасаддилар шу билан Google Chrome / Chromium браузерининг заиф томонини топишмоқчи. Эслатиб ўтамиз, бундай амалиётдан жуда кўплаб интернет учун дастурлар ишлаб чиқарадиган компаниялар фойдаланади.

SHARE