Алишер Усмонов бир асрлик акцияларни сотиб олди

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов Шотландиянинг “Глазго Рейнжерс” футбол клуби эгаси Крейг Уайтдан “Арсенал” футбол клубининг 16 дона акциясини харид қилди. Эътиборли жиҳати, “Рейнжерс” бу акцияларга ўтган асрнинг бошидан бери эгалик қилиб келади.

“Рейтерс” ахборот агентлигининг ёзишича, Усмонов ушбу акциялар учун бир неча юз минг фунт-стерлинг тўлаган.
Бироқ, бу битим ҳар иккала клуб мухлислари томонидан яхши кутиб олинмади. Негаки, “Глазго Рейнжерс” жамоаси 1913 йилда молиявий қийинчиликка дуч келган “Арсенал” жамоасининг икки дона акциясини харид қилиб, уларнинг банкрот бўлишдан сақлаб қолади. Кейинчалик орадан 20 йил ўтиб “Арсенал” клуби бу яхшиликка ҳурмат рамзи сифатида яна 12 та акциясини беради. Кўпчилик бу икки жамоани бирлаштириб турадиган тарихий ришта сифатида баҳолар эди.
Алишер Усмонов тарихий экспонат харид қилишни, уларни, зарур бўлса, ўз эгаларига қайтаришни яхши кўрадиган бизнесменлардан. Ҳар қалай бу бизнесменнинг имижини анча-мунча яхшилашда ёрдам беради. Хусусан, 2007 йилда у Мстислав Ростропович ва Галина Вишневскаянинг машҳур санъат асарларини кимошди савдосидан 72 миллион АҚШ долларига харид қилиб, Россия ҳукуматига беғараз ёрдам сифатида тақдим қилади. Худди шу йили совет даври мультфильмлари учун муаллифлик ҳуқуқини ҳам сотиб олиб, болалар учун мўлжалланган “Бибигон” телеканалига тақдим қилади.
Алишер Усмонов “Арсенал” жамоаси бўйича акцияларини улушини 30 фоиздан оширишни ният қилган бўлиб, бу мақсадда ҳатто миноритар акцияларни ҳам харид қилишга розилигини билдирган. Бунинг учун у ҳар бир акция учун 14 минг фунт-стерлинг тўлашини айтган.

SHARE