АҚШ Ўзбекистон билан ҳарбий соҳада ҳамкорликни кучайтиради

Халқаро экспертлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик ҳарбий соҳада ҳам янада кучаяётганини қайд этишмоқда. Буни Ўзбекистоннинг Афғонистондаги ҳарбий таъминот масалаларида яқиндан ёрдам кўрсатаётгани, қолаверса, 30 йилдан ортиқ давр мобайнида ҳарбий можаролар ўчоғи бўлган афғон заминида инфратузилма иншоотлари, темир йўл, электр тармоқларини барпо этишда фаол қатнашаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Шу билан бир қаторда, яқинда хориж ахборот агентликлари тарқатган хабарларга кўра, АҚШ томонидан Ўзбекистонга ҳарбий кўмак берилиши юзасидан қарор қабул қилинган. АҚШ Давлат департаментининг вакили Виктория Ньюланд бу хабарни тасдиқлаб, “бу ёрдам Ўзбекистоннинг трансмиллий терроризмга қарши курашишда имкониятларини кучайтиришга хизмат қилиши”ни айтди.

The Wall Street Journal газетасининг ёзишича, Конгресс томонидан тасдиқланган ҳарбий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги қарор 2013 йилнинг сентябригача амал қилади. Унга мувофиқ, Ўзбекистонга йўналтириладиган ёрдам мамлакатнинг чегара постларини мустаҳкамлаш ва транспорт хавфсизлигини таъминлашга қаратилган жиҳозлардан иборат бўлади. Хусусан, бу кўмак бронжилет ва шунга ўхшаш ҳимоя воситалари, тунги кўриш асбоблари, чегара патруль хизматлари учун кузатиш мосламаларини ўз ичига қамраб олади.

Халқаро кузатувчиларнинг айтишича, бу ҳарбий ҳамкорликка эҳтиёж, айниқса, ўтган йилнинг ноябрь ойида Афғонистондаги ҳарбий кучлар учун Покистондан келадиган таъминот йўлининг ёпиб қўйилганидан сўнг янада кучайди.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк “Ўзбекистонга ҳарбий ёрдам кўрсатиш бизнинг манфаатимизга хизмат қилади”, деб айтди. Чунки Марказий Осиё мамлакатлари ҳудуди орқали ўтадиган Шимолий таъминот тармоғи бугунги кунда Афғонистонда НАТО шафелигидаги халқаро кучларнинг асосий таъминот йўлагига айланган. Шунинг учун АҚШлик ҳарбий амалдорлар Ўзбекистонга йўналтирилаётган ҳарбий ёрдам, биринчи навбатда, мамлакат чегарасини мустаҳкамлашга хизмат қилиб, шу орқали Афғонистонга юборилаётган ҳарбий юклар хавфсизлигини таъминлашда айни муддао бўлишини таъкидлашмоқда.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ маъмурияти Шимолий таъминот тармоғининг харажатлари қоплаш учун йилига 500 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфлайди. Бугунги кунда Афғонистонга юборилаётган юкларнинг 40 фоизи мана шу тармоқ орқали етказиб берилмоқда.

Умуман, сўнгги йилларда АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон хонимнинг Тошкентга қилган сафари, қолаверса, бошқа йирик ҳарбий ва бизнес вакилларининг Ўзбекистонга уюштираётган ташрифлари самарали бўлмоқда. Клинтон хоним томонидан илгари сурилган “Янги Ипак йўли” ғоясини амалга оширишда Ўзбекистоннинг транспорт-коммуникация ва муҳандислик салоҳиятидан унумли фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Айниқса, Навоий эркин иқтисодий-индустриал зонаси ва у ерда жойлашган халқаро интермодаль логистика маркази бу борада муҳим аҳамият касб этиши мумкин.