АҚШда ишлаш учун визани қандай олса бўлади?

Бугун кўпчилик Америкага бориб меҳнат қилишни хоҳлаши бор гап. Лекин бу унчалик ҳам осон иш эмас. Чунки ишлаш учун виза олиш масаласи анча мураккаб бўлиб, жуда кўплаб бюрократик тўсиқлардан ўтиш керак бўлади.

Ноқулай шароитларга тушиб қолмаслик учун, албатта, ишлаш ва яшаш шароити ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиш керак. Бунда сиз бормоқчи бўлган ҳудудда яшаётган танишларингиз ёки бевосита иш берувчи орқали маълумот олишингиз мумкин. Одатда биринчи марта АҚШга ишлаш учун бормоқчи бўлганларнинг кўпчилигида мана шу камчилик кўзга ташланади. Айниқса, меҳнат шартномаси талабларини яхши ўрганиб чиқиш керак бўлади. Статистик маълумотларига кўра, АҚШда ҳар йили ўртача 65 минг мутахассисга ишлаш учун керак бўладиган H1B визаси берилади. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, бундай визаларни одатда менежмент, бизнес, барча техника мутахассислари, бухгалтерия ҳисоби, молия ва банк иши, ахборот технологиялари, тиббиёт соҳаси мутахассислари олишади. Айни чоғда юриспруденция, реклама, жамоатчилик билан алоқалар (пиар), коммуникация, савдо, ўқитиш ва тренинг фаолиятлари бўйича ҳам мутахассисларга эҳтиёж бор.

Хўш, ишлаш учун виза қандай олинади?

1. Иш визасини олиш учун лаёқатлимисиз? Шуни, аввало, аниқлаштириш керак бўлади:
а) Инглиз тилини билиш талаб қилинади.
б) H-1B типидаги визаларни олиш учун мурожаат қилган шахснинг маълумоти олий (бакалавр ёки унга тенглаштирилган) ҳамда ўз мутахассислиги бўйича иш стажига эга бўлиши талаб қилинади.
2. Сизга катта эҳтиёж сезаётган, шу билан бирга, чет эл меҳнат кучини жалб қилишга барча бюрократик тўсиқларни босиб ўтишга тайёр бўлган АҚШлик иш берувчини топишингиз керак бўлади. Одатда бунга хорижликларни ёллаш бўйича катта тажрибага компанияларгина розилик билдириши мумкин. Бугунги кунда, асосан, Ҳиндистон ва Россиядан программистларни ёллаш авж олган.

Хориж фуқаросини H1B визаси бўйича АҚШга чақираётган иш берувчи қуйидагиларни қилиши керак бўлади:

а) Иш берувчи белгиланган тартибда тўлдирилган шаклни, яъни Form ETA 9035 (Labor Condition Application (LCA)ни тақдим қилиши керак. Унда иш жойи ва шароити ҳақида маълумот ўз ифодасини топади. Ҳужжатни иловада кўрсатилганидек тартибда тўлдириш зарур. Ушбу ҳужжатни тўлдириш ва имзолаш орқали иш берувчи иш ҳақи, шароити ва чет эллик ходимнинг имтиёзлари бўйича ўтказиладиган бир қанча текширишларга розилик билдиради.
б) Иш берувчи тўлдирилган шаклдаги ҳужжатни ва бошқа маълумотларни ушбу ҳужжатлар топширилган биринчи куннинг ўзидаёқ ҳамма кўрадиган жойга осиб қўйиши керак бўлади.
в) Иш берувчи, шунингдек, тасдиқланган LCA шакли нусхасини ҳамда I-129 формасини тўлдириб, АҚШ фуқаролик ва иммиграция хизматига тақдим қилиши керак. Буни ариза ҳам дейиш мумкин. Ариза чет эллик ходимни ёллаш заруратини исботловчи далиллардан, шунингдек, иш ҳақи бўйича тўлов кафолатларини қамраб олиши керак.
г) Иш берувчи чет эллик ходимга АҚШ фуқаролик ва иммиграция хизмати розилигисиз ишлашга рухсат бермаслиги керак.
д) Иш берувчи чет эл фуқаросини ишга ёллаш бўйича барча ҳужжатларни ўз офисида сақлаши керак бўлади. Чунки истаган вақтда уни текширишлари мумкин.
е) Иш берувчи ёлланувчи чет эл фуқаросига барча ҳужжатлар пакетини жўнатади.

3. Чет эл фуқароси ушбу ҳужжатлар пакети(очмасдан)ни, паспорт, фото ва бошқа ҳужжатларни элчихонага топшириши керак. Ва қуйидаги ҳужжатларнинг нусхасини топшириш лозим: диплом, меҳнат дафтарчаси, тегишли соҳадаги меҳнат тажрибаси ҳақида маълумотнома.

4. АҚШ элчихонасида суҳбатдан ўтиш. Визалар ушбу суҳбат натижасига қараб берилади. Ишлаш бўйича виза олган фуқаро айнан виза олишга ариза берган иш берувчида ишлашга ҳақлидир. Ишлаш учун АҚШга виза олишнинг энг узоқ муддати 6 йил бўлиб, бунда иммиграция мақомини ўзгартириш ҳам мумкин. “Грин карта”га топшириш мумкин.

Ишлаш учун бораётган чет эл фуқаросининг 21 ёшга тўлмаган фарзанди, шунингдек, турмуш ўртоғига тегишли тартибда виза берилади. Бироқ бу виза уларга ишлаш ҳуқуқини бермайди.