Жамшид Мухторов: “Мен айбдор эмасман”

Маълумки, АҚШ Федерал тергов бюроси Чикагода ўзбекистонлик Жамшид Мухторовни террорчилик гуруҳларига аъзоликда айблаб қўлга олган эди. У тегишли хорижий террорчиларга моддий ёрдам кўрсатиш ва бундай кўмакни кўрсатишга ҳаракат қилганликда айбланмоқда.

Кеча Колорадо судида ушбу масала бўйича илк эшитув бўлиб ўтди. Судья олдида чиқиш қилган Жамшид Мухторов таржимон орқали “Мен айбдор эмасман”, дея баёнот берган. “Мени террорчи сифатида ҳибсга олишди. Лекин Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, ҳеч нарса қилганим йўқ”, деган сўзларини келтиради The Chicago Tribune газетаси.

Газетанинг қайд этишича, судья Катлин Тафоя томонидан биринчи эшитув чоғида унга нисбатан айбловнинг мазмун-моҳиятини етказиш кўзда тутилган бўлса-да, Мухторов бирмунча босиқлик билан ўз шикоятларини етказишга ҳаракат қилди.

Мухторов ўзининг айбсиз эканлигини айтиш билан бир қаторда, ҳибсга олинганидан бери турмуш ўртоғи билан гаплашиш, адвокати билан кўришиш имкони берилмаганидан шикоят қилишга ҳам улгурди. У эҳтиёт чораси сифатида умумий қамоқхонага ўтказишларини сўраган. “Мени террорчи сифатида ушлаб туришларини хоҳламайман”, деди у, жумладан.

Судья Тафоя фақатгина бир марта мулойим оҳангда Мухторовнинг гапини бўлиб, ишда унга қарши ишлатилиши мумкин бўлган сўзларни гапирмасликка чақирган ва Федерал давлат адвокатлар идорасига вақтинча Жамшид Мухторовни ҳимоячи билан таъминлашга кўрсатма берган.

Мухторов масаласи бўйича навбатдаги суд эшитуви кейинги сешанба кунига белгиланган. Ўша куни унга нисбатан эълон қилинган айблов ҳақида батафсил танишиш мумкин бўлади.

SHARE