Куннинг 5 хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боришга қарор қилди.

 


Европа қаҳратон қиш қаҳрига йўлиқди

“Кўҳна қитъа” сўнгги йигирма йил ичидаги энг совуқ ҳаво гирдобида қолди. Айрим Европа мамлакатларида ҳарорат Цельций бўйича -30 даражагача тушиб кетмоқда. BBC телерадиокомпанияси хабарига қараганда, бундай кескин совиш оқибатида қитъада 110 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлган.


 

27 ёшда 28 миллиард доллар топадими?

Агар facebook.com акцияларининг биржага бирламчи жойлаштирилиши (IPO) муваффақиятли амалга ошса, компаниянинг капитализация қиймати 100 миллиард доллардан ошиб кетади. Euronewsнинг қайд этишича, бунда компаниянинг 27 яшар асосчиси Марк Цукерберг маблағи 28 миллиард АҚШ долларига етади.


 

Сайёҳлар учун “Маккажўхори лабиринти”

“Ўзбектуризм” миллий компанияси Тошкент вилоятида агро-сайёҳлик объектларини яратиш бўйича лойиҳа-таклиф ишлаб чиққан. Унга кўра, сайёҳлар оқимини жалб этиш учун кўнгилочар марказдан иборат “маккажўхори лабиринтлари”ни яратиш кўзда тутилмоқда.


 

Ходимларини сийлади

Австралиядаги автобусда йўловчи ташиш хизматини кўрсатадиган Grenda Corp компанияси раҳбари компанияни 400 миллион Австралия долларига сотгач, ўз ходимларига раҳмат айтишнинг яхши йўлини танлади. У узоқ йиллар давомида у билан бирга ишлаган 1800 ходимига 16 миллион долларни улашиб, ўз ташаккурини билдирди.


 

Зиёдадан янги тарона

Таниқли ёш хонанда, мумтоз ва замонавий қўшиқларни маромига етказиб ижро этадиган Зиёда ўз мухлисларига янги “Не бўлди?” қўшиғини тақдим қилди. Sayyod.uz сайтининг ёзишича, қўшиқ ғояси муаллифи хонанданинг ўз бўлиб, матн Баҳодир Низомовга тегишли.