Куннинг 5 хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” бугундан бошлаб — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боришга қарор қилди.

 


 

Интернет тарихидаги энг йирик IPO

800 миллион нафардан ортиқ аудиторияси эга бўлган ижтимоий тармоқ Facebook биржага акцияларни бирламчи жойлаштириш (IPO)учун ариза топширди. Компания ҳозирча ўз акцияларини IPOга жойлаштириш орқали 5 миллиард долларлик маблағ жалб қилишни мўлжаллаб турибди. Агар шу мақсадлар амалга ошадиган бўлса, бу интернет-компаниялар тарихидаги энг йирик биржа савдо бўлади.


 

Ўйинда ўт чиқди

Мисрнинг маҳаллий “Ал-Аҳли” ва “Ал-Масри” жамоалари ўртасидаги ўйин ҳақиқий жангга айланиб кетди. Ўйин сўнггида мухлислар стадионга ёппасига тушишиб, “Ал-Аҳли” футболчиларига ҳужум қила бошлашган. Оқибатда, сўнгги маълумотларга кўра, 73 киши ҳаётдан кўз юмган.


 

Шартнома бўлмаса – жарима

Ўзбекистонда 1 февралдан бошлаб фуқаролар ўртасида бинони, иншоотни ёки уларнинг бир қисмини, турар жойни ижарага бериш шартномаси бўлмаса ёхуд ижарага бериш шартномасининг мажбурий нотариал тасдиқланишига риоя қилинмаса энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солинади.


 

Испания олтинларини қайтариб олади

Атланта (Жоржия штати) апелляция суди бундан аввалги суд томонидан 17 тонналик тилло ва кумуш тангалардан иборат хазинани Испанияга қайтариш ҳақида қарорни ўз кучида қолдирди. Гап шундаки, 19-асрнинг бошида Атлантика океанида кема чўкиб кетиши оқибатида бу бойлик ҳам сув остига ғарқ бўлади. Салкам 500 миллион АҚШ долларига тенг мазкур хазина “Odyssey Marine Exploration” компанияси томонидан океандан олиб чиқилган.


 

Шаҳзода “топ” учликда

Ўзбек эстрада юлдузларининг ёрқин вакилларидан бири – Шаҳзода машҳур франциялик Sean Bay билан ҳамкорликда куйлаган “Flying Tonight” қўшиғи Россияда “топ” ўринларда кетмоқда. Хусусан, rdsrecords.ru сайтида хонанданинг мазкур дуэти учинчи ўринда қайд этилган.