Мусофир қалблар туғёни

Ассалому алайкум, азиз ҳамкасблар! Мен Москвадаги бир мухлисингиз, ижод ва меҳнатингиз маҳсули бўлган “Ватандош”ни ҳар куни қизиқиш билан ўқиб, кузатиб бораяпман. Она юрт қадри, яқин-ёрлардан олисда яшаш, Ватан соғинчи нималигини мусофирликни бошидан ўтказганлар яхши билади. Қалбининг бир бурчида Ўзбекистон деган чўғ ловиллаб турган инсонлар дунёнинг қайси бурчагидан бўлмасин, сизлар сабаб ўз тилларидаги муждадан баҳраманд бўлиб кўнгиллари тоғдек кўтарилаяптими, демак, хайрли ишга қўл урганингиз, шубҳасиз.
“Ватандош”ни ўқий бошлаганимдан бери гоҳида кўнглим тўлиб қоғозга қоралаганларимни сизлар билан бўлишиш нияти туғилди менда. Камчиликлари учун олдиндан узр. Агар маъқул келиб саҳифаларингизда ёритсангиз, руҳим янада кўтариларди. Соғ-саломатликда яна дийдорлашиш бахти барчамизга насиб этсин!

Ҳурмат билан,
Соҳиба ХАЙИТБОЕВА

 

МУСОФИРЛИКДА…

Умр йўли узун, манзили олис
Шукрки, сафарда эмасмиз ёлғиз
Қўлимиздан тутиб, ишониб холис,
Овуниб юрибмиз мусофирликда

Ўрганиб ҳам қолдик асли фироққа
Кўнгил тутмай қўйди бизни сўроққа
Топган бахтимизни яқин-йироққа
Илиниб юрибмиз мусофирликда

Дийдоринг қувнатар дилим ҳар сафар,
Яхшиям, йўлимда бўлдинг ҳамсафар
Салга кўринмасак излаб шом-саҳар
Бўлиниб юрибмиз мусофирликда

Асли ҳаёт бошқа, хаёллар бошқа
Муҳаббатга ташна, меҳрга ташна,
Бир юрт илинжида кўз тўлиб ёшга
Соғиниб юрибмиз мусофирликда

Бизларга ёр бўлар илоҳимиз деб
Еру кўкни тутар бу оҳимиз деб
Ишқимиз энг гўзал гуноҳимиз деб
Сиғиниб юрибмиз мусофирликда…

 

ИНТИҚЛИК

Қиш бўйи дилимнинг ғуборин ювдим,
Ҳаққа етолмайди зарра гард бўлса.
Баҳорни шунчалар интиқиб кутдим
Кўзимни юмсаму очсам, март бўлса…

Умрим тушдай ўтар бу туйғулардан
Кечаман, муҳаббат шундай дард бўлса.
Тезроқ халос бўлсам шу уйқулардан
Кўзимни юмсаму очсам, март бўлса…

Рангимни сулдирди кун сайин ҳижрон,
Наҳотки, бахт учун муддат шарт бўлса?!
Баҳоргача менинг етмоғим гумон,
Кўзимни юмсаму очсам, март бўлса…

Энди совуқларга кўниксам керак…
Ёнида бўлардим қатъий – мард бўлса
Қорлар эригунча унутсам керак,
Кўзимни юмсаму очсам, март бўлса…

Буни бир лаҳзага тўхташ, дейдилар,
Нетай, қисматимда шундай хат бўлса?!
Жаннатни баҳорга ўхшаш дейдилар,
Кўзимни юмсаму очсам, март бўлса…

 

SHARE