Шеърият мулкининг султони

Бугун ўзбек адабиёти дарғаси, сўз санъаткори Алишер Навоий таваллуд топган кун. Бугун нафақат Ўзбекистонда, балки мутафаккир ашъорлари кириб борган ҳар бир мамлакатда навоийхонлик, ғазалхонлик тадбирлари ўтказилмоқда.
Дарҳақиқат, ўзбек мумтоз адабиётини янада юқори поғонага кўтарган улуғ истеъдод соҳиби, мутафаккир Алишер Навоий ўз ижодий фаолияти билан жаҳон адабиётининг йирик намояндаларидан. Асарларида ҳамма даврлар учун беистисно улкан аҳамиятга молик юксак инсонпарварлик ғояларни катта санъаткорлик билан тараннум этган шоир ўз даври ижтимоий тафаккури даражасидан юқори кўтарилиб, она тилидаги адабиётни жаҳон миқёсига олиб чиққан сўз санъаткоридир.
Алишер Навоий дастлаб адабиётга шоир сифатида кириб келган ва адабиётда шеърият қасрини қурди, ғазал мулкининг султонига айланди, кейинчалик қатор достонлар яратди, адабиётшунос, тилшунос, давлат ва жамоат арбоби сифатида дунёга танилди.
Алишер Навоий ўз халқини саводли, билимли, маданиятли кўриш руҳи билан қалам тебратди. У меҳнаткаш, пок, ҳалол, ўз ақл-фаросати, яхши одамлар қалбидаги заковат ва саховат, самимият, севги-садоқат, фидойилик, инсон бахти, халқларни, мамлакатларни дўстликка, ҳамкор- ликка, эзгуликка чақириш, инсонпарварлик, ватанпарварлик туйғуларини улуғлади, мансабпарастлик, дунёпарастлик, шуҳратпарстлик, муттаҳамлик, адолатсизликлар, бузуқликларни ўткир қалами тиғига олиб умр бўйи кураш олиб борди.
Алишер Навоий вафот этгандан кейин ўтган давр мобайнида унинг асарлари форсий ва туркий халқлар орасида кенг ёйилди. Атоқли тожик шоирларининг кўпчилиги, Фузулий, Кишварий, Мирзо Фатали Охундов, Собир каби озарбайжон ёзувчилари, Озодий, Махтумқули ва Зелили каби туркман шоирлари, қозоқ ёзувчиси Абай Қўнонбоев, қорақалпоқ соҳибқаламлари Бердақ, Ажиниёз, татар шоирлари Абдулла Тўқай, Қаюм Носирий ва бошқалар Алишер Навоийга юксак баҳо бериб, асарларидан таълим олдилар, айрим асарларига назира битдилар.
Қуйида ҳазрат Навоийнинг бадиятидан парчалар ҳавола этамиз:

ҒАЗАЛ

Кеча келгумдир дебон ул сарви гулрў келмади,
Кўзларимға кеча тонг отқунча уйқу келмади.

Лаҳза-лаҳза чиқтиму чектим йўлида интизор,
Келди жон оғзимғаву ул шўхи бадхў келмади.

Оразидек ойдин эрканда гар этти эҳтиёт,
Рўзғоримдек ҳам ўлғонда қоронғу келмади.

Ул париваш ҳажридинким йиғладим девонавор,
Кимса бормуким анга кўрганда кулгу келмади.

Кўзлариндин неча сув келгай деб ўлтурманг мени,
Ким бори қон эрди келган бу кеча сув келмади.

Толиби содиқ топилмас, йўқсаким қўйди қадам,
Йўлғаким аввал қадам маъшуқа ўтрў келмади.

Эй Навоий, бода бирла хуррам эт кўнглинг уйин,
Не учунким бода келган уйга қайғу келмади.

    РУБОИЙ

Гар ошиқ эсанг, меҳру вафо қилма ҳавас,
Дард иставу дафъиға даво қилма ҳавас,
Ҳижрону висол мутлақо қилма ҳавас,
Дилдорингдин ғайри ризо қилма ҳавас.

Ким истаса салтанат, саходур анга шарт,
Ҳар ваъдаки айласа вафодур анга шарт.
Ким фақр талаб қилса, фанодур анга шарт,
Оллиға неким келса, ризодур анга шарт.

ҚИТЪА

Нақш тушмиш кўзда ул ёшим менинг,
Уйлаким, бормас буён ёшим менинг.

Комим ўлмоқдур ҳабибимдин йироқ,
Гар худ ўлсун Хизрча ёшим менинг.

ЧИСТОН (Луғз-топишмоқ)

ТАНГА

Не шўх эрурки, улус кўнгли ичра савдоси
Анинг юзидаги хатлар кеби муҳаррардур.

Кумушдурур танию қиммати анинг лекин
Ун икки ўз танидек важҳ ила муқаррардур.

Ишида ул ўн икки ҳар бирисидур динор
Ки, адл сиккасидин юзларида зевардур.

Магарки англади хумсул муборак асрорин
Ки, сони бу адад ўлмиш, агарчи юз мардур.

Гадоға хумсидин ар салтанатдурур, не ажаб,
Қачонки беклик анинг рубъидин муяссардур.