Тамара Шокирова оламдан ўтди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли актриса Тамара Шокирова бугун оғир касалликдан сўнг оламдан ўтди. У Ўзбекистон ёшларининг севимли хонандаси, шу кунларда ўзининг анъанавий концертини бераётган Райҳоннинг онаси эди.

Сайёд.ўз сайтининг ёзишича, Райхоннинг бугунги охирги концерт дастури бекор қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Тамара Шокирова 19 февраль куни, яъни Райхоннинг илк концерти куни уни дарди шифохонада оғирлашганди. Бугун эса аҳволи оғирлашиб 56 ёшида оламдан ўтди.

“Ватандош” Райҳоннинг концерти ҳақидаги хабарларида, унинг “ўз концерти илк бор онажонасиз ўтаётганлиги”ни айтганлигини ёзган эди.

Концертда иштирок этган тошкентлик Искандар Суюновнинг айтишича, Райҳон концертида оғир бетоблиги учун онаси қатнашмаётганлигини кўз ёш билан айтиб ўтган.

Ўзбекистонда оммавий бўлган твиттер, фейсбук, одноклассники сингари ижтимоий тармоқлар аъзолари бу воқеага ўз муносабатини билдириб, Райҳонга сабр, куч-қувват тилашмоқда.

Тамара Шокирова фаолияти давомида “Семурғ”, “Абу Райҳон Беруний”, “Оловли йўллар” сингари бадиий фильмларда роль ижро этиб, халқимизнинг севимли актрисаси эди.

Тамара Шокирова машҳур ўзбек режиссёри Наби Ғаниевнинг набираси Отабек Ғаниевга турмушга чиққан бўлиб, Райҳондан ташқари яна бир қизи бор.

SHARE