АҚШ Конгресси аъзоси Эни Фалеомаваега баёноти

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганининг йигирма йиллиги муносабати билан АҚШ Конгресси Вакиллар палатасидаги Марказий Осиё бўйича гуруҳ (Кокус) ҳамраиси, конгрессмен Эни Фалеомаваега расмий баёнот берди.

Баёнотда қайд этилишича, 1992 йил 19 февралда АҚШ ва Ўзбекис¬тон ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилган пайтда мамлакат қайта тикланиб, ўз суверенитетини қўлга киритган республика сифатида кўп асрлик ўтмишга эга бўлгани ҳолда, мустақилликнинг дастлабки йилларида кўпгина қийинчиликларга дуч келган.

“Бугун Ўзбекистон барча соҳаларда — сиёсат, иқтисодиёт ва хал¬қаро муносабатларда салмоқли тараққиётга эришишга муяссар бўлди. Ўзбекистон мавжуд қонунчилик, ижро ва суд ҳокимияти асосида пойдевор яратиш устида иш олиб боргани ҳолда, демократия томон одимламоқда ва шу тариқа ноёб тарихий меросни ҳамда миллий ўзига хосликни тикламоқда”, дейилади баёнотда.

Э. Фалеомаваега ўз баёнотида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида минтақавий хавфсизликни таъминлаш, трансмиллий таҳдидларга қарши кураш соҳасида, шунингдек, сиёсий ва иқтисодий маслаҳатлашувларни чуқурлаштириш борасидаги ҳамкорлик юқори даражада эканлигини қайд этди. АҚШ компаниялари, шу жумладан, Америка бизнесининг энг йирик вакилларидан бири “General Motors” Ўзбекистондаги ўз иштирокини кенгайтирмоқда.

Конгрессмен Америка Қўшма Штатлари Афғонистонга кўрсатилаётган ёрдам, хусусан, темир йўллар ва кўприклар қурилиши, имтиёзли нархларда электр энергияси етказиб берилаётгани учун Ўзбекистондан алоҳида миннатдор эканлигини, бу эса АҚШ учун жуда муҳимлигини таъкидлади.

— Мен Ўзбекистон ҳукумати ва халқини Америка Қўшма Штатларини қўллаб-қувватлаш борасидаги барча саъй-ҳаракатлари учун яна бир бор табриклайман ҳамда президент Б. Обама ва Давлат котиби Х. Клинтоннинг Америка — Ўзбекистон муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини олқишлайман, — дея ўз фикрини якунлади Э. Фалеомаваега.