Ўзбекларни уялтирманг!

Охирги пайтларда Россия оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон фуқаролари томонидан кўплаб жиноятлар содир этилаётгани ҳақидаги хабарлар тобора кўпайиб бормоқда. Бирови ёш қизни зўрлаган бўлса, бирови ўқирлик қилган, яна қайсидир бири ичиб олиб, жанжал кўтарган. Энг ёмони, бу қилмишларнинг оммавий ахборот воситаларида ҳаддан ташқари кўп ёритилаётгани ташқарида Ўзбекистон ва ўзбеклар имижининг янада ёмонлашувига олиб келаяпти. Кўпчилик билади: руслар ўзбекларга бошқа қўшни миллат вакилларига қараганчалик паст ёки камситиш билан қарамасди. Буни рус комедиялари мисолида ҳам кўриш мумкин.

Бироқ кейинги пайтларда ўзбекистонлик ёшлар, айниқса, рус тилини яхши тушунмайдиган йигитлар томонидан куракда турмайдиган қилмишлар содир этиляптики, уларни ўқиб, уялиб кетасан киши. Чунончи, шу йилнинг 10 январь куни Москвада портлаган ресторандан икки нафар ҳамюртимиз мусиқа маркази ва банк терминалини ўғирлаб кетаётганда қўлга тушибди. Бу ахборот рестораннинг портлашидан ҳам кўп тарқалди.

Ҳатто, www.google.comга кириб ўзбекистонлик гастарбайтерлар, деб қидирсангиз фақат жиноят, безорилик содир қилган ўзбеклар ҳақида ахборотларга дуч келасиз. Қолаверса,“Пусть говорят” кўрсатувидаги ҳамюртларимизнинг изза бўлганини бошқа нарса билан изоҳлаб бўлмайди. (“Пусть говорят”нинг ўша сонини  бу ерда кўриш мумкин)

Минг афсуски, сўнгги пайтларда бундай ҳодисалар АҚШда учраб тургани, айниқса, Жамшид Мухторов, Улуғбек Қодиров воқеалари ҳам ўзбеклар учун мана шундай ачинарли ҳолатдир. Ахир, яна тўртта ўзбекистонлик АҚШ президентига таҳдид қиладиган бўлса, табиийки, ўзбекистонлик учун “Грин карта”ни ҳам, бошқа визаларни ҳам олиш бирмунча оғирлашади.

Албатта, Ўзбекистон аҳолиси анча ёш мамлакат ҳисобланади, ҳар йили ярим миллион киши меҳнат бозорига чиқади. Уларни иш билан таъминлашга давлатнинг ресурси ҳам, имконияти ҳам етмайди. Демоқчиманки, иммиграция табиий жараён, у фойда келтирса, келтирадики, зарар келтирмайди. Бироқ юртдошларимизнинг одам ҳазм қилиши қийин бўлган жиноятларни содир этиши бир нечта каттароқ муаммоларга олиб келади:

Биринчидан, кўпчиликнинг наздида Ўзбекистон ва ўзбеклар қароқчи, ўғри, “гастарбайтер”, террорчи бўлиб гавдаланаверади.
Иккинчидан, гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, Россияда ишлаётган бошқа фуқароларимиз ҳам мана шунақа майда-чўйда ўғрилар, калтафаҳмлар дастидан азият чекади. Ўша ерларда ксенофобиянинг, яъни ўзбекларга қарши миллатчиликнинг авж олишига олиб келади.
Учинчидан, бундай қилмишлар, пировардида, Ўзбекистон фуқароларининг чет элда, хусусан, Россияда визасиз ишлаш имкониятларини камайтириб, бу борадаги тартиб-қоидаларнинг янада қаттиқлашишига олиб келади.

Албатта, кимдир бундай ахборотлар ўша давлатлар оммавий ахборот воситалари томонидан бир томонлама ёритиш ёки шунга ўхшаган ахборот хуружи сифатида ҳам баҳоланиши мумкин. Лекин нима бўлганда ҳам,  тузини тотган мамлакатда, аввало, унинг қонун-қоидаларига риоя қилиб, қолаверса, ўзбекларнинг юксак маънавият ва буюк аждодлар авлоди эканлигини намойиш этиб яшаши мақсадга мувофиқдир.

Шунинг учун чет элдаги эсли-хушли, маълумотли ҳамюртларимиз ён-атрофидаги йигит-қизлар аҳволидан мунтазам хабардор бўлиб туриши, зарур бўлса, ҳар бир шаҳарда норасмий ўзбеклар уюшмаларини тузиб, бир пиёла чой устида Ватан ҳақида суҳбатлашиш, сал нотўғри қадам ташлаётган йигит-қизларга дўстона танбеҳ бериб қўйиш инсонлик бурчидир.

 

SHARE