Айб кимда? Китобдами ёки китобхонда?

ТВ. Агар болаларингиз шу иккитагина харф билан завқланишаётган бўлса, йигирма олтита ҳарф билан қанчалик қувонишини тасаввур қилиб кўринг-а? Фарзандларингиз тафаккурини очинг. Китобни очинг.

“Ватандош” газетаси сайтида чоп этилган “Ўқимай қўйдикми ё ўқишга китоб йўқми?” мақоласини ўқиб, шу мавзуда баъзи бир фикрларим билан ўртоқлашишни мақбул деб топдим. Аниқ бир таклиф ё ечим бермоқчи эмасман. Тағин бирон гапим учун айблашингиз хам шарт емас.

Юқоридаги мақолада китобларнинг ўқилмаётганини китобхонлардан кўришса-да, аслида айб тўлиқ китобхонларда ҳам эмас. Айб яна тўлиқ китобда ҳам эмас. Хўш, унда айб кимда? Жамиятдами? Ёки давлатда? Ё замондами айб?

Яна ўша сийқаси чиққан гап, биз энди юксак технологиялар асрида яшаяпмиз. Биз энди ахборотни фақат газета-журнал ёки китобдан олмаймиз, энди осонгина мобиль телефон ёхуд компьютерда интернет орқали оламиз. Телевизор ва радио хам бундан мустасно эмас. Аслида, бизга ахборот, билим, маълумотлардан олдинги даврларга нисбатан тезроқ етиб келади, ҳатто бир зумда. Лекин нега биз унда доим нолиймиз?

Тил билганга-ку, кенг дунё. Чет тилида, айниқса, инглиз ва рус тилларида китоблар халиям талай ва талаш. Пулингиз ва иштиёқингиз борми? Муаммо йўқ. Лекин ўзбек тилида-чи? Қани ўшанча китоб? Хар ой атай “Шарқ зиёкори” китоб дўконига бориб тураман. Аҳвол қувончли емас. Янги асарлар деярли йўқ. Енгил-елпи мавзулардаги китобларни ҳисобга олмаганда, ҳалиям ўша биз қарғишимизга қолган мустақиллигимиздан олдинги даврда ёзилган китоблар бот-бот нашр қилиниб турилибди. Қарғаймиз-у ўша даврларини, лекин ҳамон китобларини ўқиймиз, ёзувидан воз кеча олмаймиз.

Китоб сотиб олиш ва ўқиш, унга кетадиган вақт масаласи ҳозирги иқтисодий қийинчилик ва “буюк тушкунлик асри”да муаммо. Лекин бу замонда кўчадаги, ишдаги, турмушдаги довулдан қочиб, фақатгина китоб ўқибгина, сокинликка эришиш мумкин. Бизки китобга меҳр қўймас эканмиз, ёнимиздагилар, таниганлар, оиламиз ва фарзандимизми китобга муҳаббат қўйсин? Ислоҳни ўзимиздан бошлашимиз керак.

Фарзандларингизга ёшлигидан китоб ўқиб беринг, майли ухлашидан олдин бўлсаям. Афсуски, кўпгина ҳолларда телевизор қаршисида ухлаб қолмоқдалар ёки ўзимиз ухлаб қоламиз. Мактабда адабиёт дарсларида китобхонлик кечаларини қилиб туриш керак. Ўқитувчи ойлиги камлигидан нолишининг ўрнига китоб ўқиб берса, ғоят нега маоши камлигини китоб ўқиб бериб уқса. Асло, ёшларимизни айбламанг, то ўзингиз ўрнак бўлмагунингизча. Айбламоқ осон. Қуруқ сафсата билан эса иш битмайди.

Ё алҳазар, яхши китоб ёзилсин, кейин ўқиймиз деб, ҳам бўлмайди. Қаердан ёзилсин, китоб ўқилмаса?

Ҳақ динимиз Исломда айтилганидек, ҳар бир соҳадаги инқирозга ўша соҳа вакиллари жавобгар бўладилар. Демак, китоб ўқилмай қўйилдими, айб бор ёзувчиларда. Майли, бирдан жаҳоншумул асар ёзишмасин, олдин оми халқнинг саводини оширишга кўмаклашсин. Замонага мос ва замона камчиликларини очиб берадиган, ечимини берадиган, курашга чорлайдиган асарлар ёзишсин. Ҳозирги замона муаммоси мафиқ, бузғунчилик, бузуқ қизлар эмас. Кенгроқ тафаккур қилиш керак.

Биз, китобхонлар ҳам оппоқ эмасмиз. Китоб йўқ экан, деб ўқимай юришлик ҳам бўлмас. Тилни ўрганишимиз керак. Чет эл адабиётларини ўқийлик. Дунёқарашимизни кенгайтирайлик. Ўз она тилимизни яхшилаб ўрганайлик. Ҳалигача, “кароче” деб, ўз она тилимизда фикримизни тўлиқ ифодалай олмаймиз.

Жамият ҳам, давлат ҳам оппоқ эмас. То бирдамлик, ўзаро мақсад бўлмас экан, бирон нарсага эришиб бўлмайди.

Сўнгги сўз ўрнида бир нарсага эътиборингизни жалб этсам. Бизнинг соф ўзбек тилида ёзилган бир асар бор: Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси”. Шу асардаги мавзулар халиям эскирмаган, зотан бу муаммолар уруш даври, собиқ иттифоқ турмуш тарзи билан ифодаланган бўлса-да, ҳамон одамлар ўша-ўша. Бир қарасанг, жуда содда, бир қарасанг, шайтонга-да дарс берган.

Тўлқин ЮСУПОВ блогидан.