6 мартнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Дунё бойлари

“Bloomberg” агентлиги дунё бойларининг янги рўйхатини эълон қилди. Унга кўра, асли келиб чиқиши Ўзбекистондан бўлган, ҳозирги кунда Россия фуқароси бўлган Алишер Усмоновни Россия ва Марказий Осиёнинг энг бой одами сифатида эътироф этган. “Метоллоинвест” асосчиси Алишер Усмоновнинг жами бойлиги 20 миллиард АҚШ долларидан ошади.
Агентлик экспертларига кўра, Алишер Усмоновнинг муваффақияти шундаки, у Россиядан ташқари ҳам жадал инвестиция лойиҳаларини амалга ошириб келаётир. Масалан, у бугунги кунда “Фейсбук”нинг 5,5 фоиз акциясига эгалик қилади. Яна бир ёш компаниялардан бири — Твиттерда ҳам унинг улуши 5 фоизни ташкил қилади. Бундан ташқари, Zynga Groupon онлайн компанияларда Алишер Усмоновнинг етарлича инвестицияси бор.
“Bloomberg” агентлигининг маълумотига қараганда, дунёдаги энг бой одам ҳозирча асли келиб чиқиши ливанлик бўлган Мексика фуқароси Карлос Слимдир. Унинг бойлиги 68 миллиард долларни ташкил қилади. Иккинчи ўринда Билл Гейтс 62,4 миллиард, учинчи ўринда эса Уоррен Баффет 43,8 миллиард доллар билан турибди.


 

 

АҚШда “суперсешанба”

Бугун АҚШнинг бир қатор штатларида республикачилар томонидан мамлакат президентлигига номзодни аниқлаш учун дастлабки сайловлар бўлиб ўтади. Чунончи, “суперсешанба” номини олган ушбу оқшомда 10 та штат аҳолиси Барак Обама учун рақобатчи республикачилардан ким бўлиши учун овоз беришади. Ҳозирча сўнгги учта штатда ғалаба қозонган Митт Ромнининг имкониятлари юқори баҳоланмоқда.
Ўзининг ультра, яъни кескин консерватор қарашлари билан америкаликларда катта эътибор қозонган Рик Санторум катта имкониятларга эга. Бугунги “суперсешанба” республикачиларнинг яна бошқа икки номзоди — Ньют Гингрич ва Рон Пол учун ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Агар улар бу 10 штатнинг биронтасида ғалаба қозонмаса-да, номзодлик учун курашдан чиқиб кетиши мумкин.


 

 

Тошкентга радиоактив модда билан

АҚШ фуқароси Қозоғистоннинг Алмати аэропортида ҳибсга олинди. Қоғозистон ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларининг айтишича, у “калибрлайдиган ракдоактив манбаларни” олиб ўтишга ҳаракат қилган.
АҚШ фуқароси ушбу моддани нима мақсадда олиб ўтаётгани ва унинг шахси ҳақида оммавий ахборот воситаларида маълумот келтирилмаган. Ҳозирда қозоқ божхоначилари дастлабки тергов жараёнларини олиб боришмоқда.
Маълум бўлишича, АҚШ фуқароси Тошкентга учаётган пайтда ҳибсга олинган. Унинг ёнида ушбу радиоактив моддаларни олиб ўтишга доир ҳужжатлар бўлмаган.


 

 

“Ал-Иттиҳод” – “Пахтакор” ўйинига мухлислар киритилмайди

Бугундан мамлакатимиз шаънини ҳимоя қилаётган клубларимиз халқаро майдонларда ўзларининг иштирокларини бошлашади. “Бунёдкор”, “Насаф” ҳамда “Пахтакор” жамоалари бугун гуруҳ босқич, 1-тур учрашувларида майдонга тушишади.
Ўфф.ўз сайтининг ёзишича, Осиё футбол конфедерацияси эрта ва индин бўлиб ўтадиган ОЧЛ 1-тур ўйинлари учун интизомий қарорларни эълон қилди. Унга кўра, бугунги “Пахтакор”га қарши ўйинда “Ал-Иттиҳод”нинг Абдулла ал-Файсал стадионига мухлислар киритилмайди. Бунга сабаб “Ал-Иттиҳод”нинг ОЧЛ-2011 чорак финал доирасида “Сеул”га қарши ўйинда мухлислар тартибсизликларни юзага келтиришганди. Тартиб-интизом кодексига мувофиқ, “Ал-Иттиҳод” шунингдек, 16000 доллар миқдорида жаримага ҳам тортилди.


 

 

“Ёт юртларда дўппи кўрсам…”

Сайёд.ўз сайтининг ёзишича, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ўз мухлислари эътиборига янги “Ватан” қўшиғини ҳадя этди. Кўпчилик бу тарона ҳам матн, ҳам мусиқаси жиҳатидан профессионал даражада ишланганини қайд этишмоқда. Қўшиқни бу ерда тинглаш мумкин.

Ватан

Гар йироқда бўлсам ҳамки, дийдорига кўнглим шошар
Ватан деркан менинг ўпкам, азим дарё каби тошар
Ёт юртларда дўппи кўрсам, соғинчимга соғинч қўшар
Ҳам ғурурим, ҳам сурурим, яхшиям борсанки Ватан

Ватан сўзин айтган билан, маъносини уқмоқ керак
Кўкка қараб ватан деманг, ялпиз бўйи чўкмоқ керак
Киприк билан силаб кўксин, тупроғини ўпмоқ керак
Менга ўзга гул керакмас, жаннатий райҳоним Ватан

Одамзоднинг илдизисан, Ватаааааааааааааан
Кимлар учун гулқишлоқсан, Ватаааааааааан
Киндиқ қоним тўкилган жойсан, Ватаааааан
Менинг учун икки дунё, ишонганим иймонимсан

Қайга борсам Ўзбек бўлиб фахр билан наво қилдим
Элим омон бўлсин дея меҳр билан дуо қилдим
Бутун дунё кезиб, фақат қалбим учун шуни билдим
Бешигимда алла айтган онайи-зоримсан Ватан

Одамзоднинг илдизисан, Ватаааааааааааааан
Кимлар учун гулқишлоқсан, Ватаааааааааан
Киндик қоним тўкилган жойсан, Ватаааааан
Менинг учун икки дунё, ишонганим иймонимсан

SHARE