АҚШ элчиси лазгига ўйнади

    Дунёда Наврўз, Ўзбекистонда Наврўз…

    Наврўз — Ўзбекистон халқи учун азал-азалдан ўзгача интиқлик билан кутиладиган, соғинадиган байрам. Халқимиз қир-адирларда, боғ-роғларда, қишлоғу кентларда шоду хуррамлик билан Наврўзга муносиб пешвоз чиқишга интилган.
    Кун ва туннинг тенг келиши биланоқ бободеҳ¬қонларимиз экин-тикин ишларини бошлаб юборишган. Хайру саховат, бағрикенглик, бири-бирига яхшилик қилиш каби халқимизга хос хислатлар бу айём чоғида янада яққолроқ намоён бўлган.
    Бу йил узоқ қилган Қиш ва Аёз — Наврўз арафасидагина чекинди, қалблар баҳорни соғинишди, иссиқликни, уйғонишни интиқиб кутишди. Ўзбекистон халқ шоири Жуманиёз Жабборов ёзганидек:

    “Наврўз келибон жумлаи
    жаҳон нозланажакдир,
    Офтоб қизитиб,
    аста-секин ёзланажакдир”

    Бу галги байрам шукуҳга жуда мос тушди.

    Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий боғида мамлакатда Наврўзга бағишланган бош байрам тадбири ўтказилди.

    Бу ерга ҳукумат аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, отахону онахонлар, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари ташриф буюришди.

    Миллий боғ йўлаклари бўйлаб турли қандолат, ноз-неъматлар, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиш этилди. Сумалак, ҳалим, кўксомса сингари турфа тансиқ таомлар улашилди.

    Байрамни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов табрик сўзи билан очиб, барчани Наврўзи айём билан қутлади, нурафшон кунлар тилади.

    Ҳар бир ҳудуд ўз санъатини, маданиятини намойиш этди. Сурхондарё, Қашқадарёдан чиққан хонандалар ўз услубида байрамни қиздирган бўлса, хоразмликлар бутун байрам қатнашчиларини рақсга чорлади. Президент, вазирлар — барча юракдан рақсга тушишди.

    Ҳатто халқаро дипломатик корпус вакиллари, хусусан, АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Жорж Крол ҳам бутун танасини “қимирлатиб”, америкача-ўзбекча руҳда ўз рақси билан кўпчиликни лол қолдирди.

    Асосий байрам тадбирида ёш хонандалар, эл назарига тушган артистлар ижросида ўзбек мумтоз қўшиқларидан парчалар куйланди. Таваккал Қодиров қўшиғи ёдга олинди.

    Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков эса байрамни ўз қўшиғи билан якунлаб берди.