Меҳр-муҳаббат ва одамийлик тимсоллари

Бугун Халқаро хотин-қизлар куни. “Ватандош” газетаси жамоаси барча мунис оналаримизни, опа-сингилларимизни баҳор элчиси бўлган, гўзал ва дилбар айём билан чин юракдан қутлайди, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайди.

Биз меҳр-муҳаббат ва одамийликнинг илк сабоқларини азиз оналаримиздан, уларнинг бешигимиз узра парвона бўлиб айтган алла оҳангларидан оламиз. Қалбимизда неки олижаноб туйғулар бўлса, уларнинг барчаси аввало оналаримиздандир. Дунёда муқаддас деган сўзга энг муносиб зот ҳам – Онадир. Шу боис токи ҳаёт бор экан, инсон мўтабар Она сиймоси олдида доимо бош эгиб, таъзим қилади.

Эркин ВОҲИДОВ:

Она орзуси

“Ўғлон, оқил ҳам мард бўлгин,
Мардлик — элга садоқат.
Дардманларга ҳамдард бўлгин,
Йиқилганга қўл узат.
Тўсиқларни енгиб ўрган.

Енгил бўлмас йўл деган”.
Ота шундай таълим берган,
Она шундай бўл деган.
Мушфиқ она кўз олдида
Ўсиб борар дилбанди.
Минг хил ният хаёлида,
Ким бўларкин фарзанди?
Володя шўх ўйинлардан
Ўзни жуда ёш тийди.
Китоб ўқир, ўқир ҳар дам,
Олим бўлса кошкийди…
Ҳар нарсани билмоқ бўлар,
Кўп қизиқар ўғлони,
Эҳтимол, у сайёҳ бўлар,
Кезиб чиқар дунёни.
Тили бийрон, хати равон,
Адиб бўлса ажабмас,
Бир кун унга даври даврон
Насиб бўлса ажабмас…
Ўғли асов тўлқинларни
Бўронларни севади.
Довулларни, ёлқинларни,
Суронларни севади.
Шамол турса ташқарига —
Отилади у доим…
Ким бўлса ҳам балолардан
Сақла уни худойим.
Она!
Унинг юрагини
Фақат она билади.
Шундай сева билгангина
Шундай ёна билади.
Ўғли билан фахрланар,
Қалби тўла орзу бор.
Севинади, аммо она
Севинчида қўрқув бор.
Меҳри ортар ўглонига,
Тинглаб унинг сўзини,
Бевақт ҳаёт тўфонига
Отмасмикин ўзини?..
Мушфиқ она кўз олдида
Ўсиб борар фарзанди.
Минг хил ният хаёлида,
Ким бўларкин дилбанди?
Она қалбда ёлғиз орзу,
Фақатгина бир ҳавас:
Ўғли тезроқ улғайса-ю,
Элга нафи тегса бас.

ОЛИМЛАРНИНГ РАФИҚАЛАРИГА

Сиз моҳи тобонсиз, малаксиз, пари,
Энг улкан даҳрийлар топинган санам.
Сиз буюк давримнинг фидоийлари,
Аҳли донишларга энг мунис ҳамдам.

Олимнинг уйини чароғон этган
Меҳру шафқатингиз, юрак тафтингиз.
У олам китобин битган чоғида
Елкасида бўлган илиқ кафтингиз.

Севган ёрингизга жон фидо айлаб
Парвона бўлурсиз кечаю кундуз,
Сизнинг номингизни олса не ажаб
Осмон жадвалида бир талай юлдуз.

Кимёгар янги бир зарра кашф этса,
Бу ижод боиси бўлган ҳойнаҳой —
Столнинг четига сиз қўйнб кетган
Бир чақмоқ қанд билан бир пиёла чой.

Юлдузлар қўйнига самовий йўлдан
Парвоз қилар экан буюк тафаккур,
Олимлар зеҳнининг чароғи бўлган
Мунис аяжонлар, Сизга ташаккур.

Абдулла ОРИПОВ:

Она

Каъба қопқасида турган, эй посбон,
Аввал оналарнинг очгин йўлларин.
Оналар пойига тиз чўк ўшал он,
Тавоф қил, кўзга сурт, ўпгин қўлларин

Ҳожарнинг онамизнинг нидоси сабаб
Каъбада кўз очган Оби Зам-зам ҳам.
Бир умр талпинмиш онага қараб,
Не-не пайғамбарлар кўзларида нам.

Қавмимни ранжитиб қўймайин, аммо
Тобут ясаб келган эр зоти доим.
Оналар бағрига фақат бешик жо,
Ҳаётбахш аллалар айтган, мулойим.

Шўрлик одамзоднинг толеи учун
Энг аввал оналар қилсин ибодат.
Зора, гуноҳлардан пок бўлгай очун,
Оналар ўтинчи топиб ижобат.

Каъба қопқасида турган, эй посбон,
Аввал оналарнинг очгин йўлларин.
Оналар пойига тиз чўк ўшал он,
Тавоф қил, кўзга сурт, ўпгин қўлларин

SHARE