Пенсия олиш “сирлари”

Кейинги пайтларда ижтимоий таъминот (Social Security) билан шуғулланадиган америкалик экспертларнинг тизимдаги имтиёз ва қулайликлар ҳақида мўжмал ва ноаниқ гапириши одат тусига кириб қолган. Шунинг учун мутахассислар бўлажак пенсионерларга ижтимоий таъминот агентлиги ходимларига кўп ҳам суяниб қолмасликни тавсия қилишмоқда. Ўз вақтини, қолаверса, идораси маблағини тежаш мақсадида ижтимоий таъминот агентлиги (Social Security Administration (SSA) ходимлари мижозлар билан мулоқотда имкон қадар умумий, яъни масаланинг икир-чикиригача чуқурлашмасдан жавоб беришга ҳаракат қилишади. Бу эса, табиийки, одамларнинг ўз қарилик пенсиялари бўйича батафсил ахборот олиш учун эшикма-эшик саргардон бўлишига, янада тўлиқроқ жавоб олиш умидида елиб-югуришига тўғри келмоқда. Шунинг учун ҳам сўнгги пайтларда ижтимоий таъминот бўйича маслаҳат бериш энг муваффақиятли бизнес турларидан бирига айланиб улгурди.

Шунинг учуш АҚШда ижтимоий таъминот олмоқчи бўлганлар ушбу масала шуғулланувчи махсус ташкилот – Social Security Administration (SSA)нинг айрим “сирлари”ни билишлари фойдадан холи бўлмайди.

Шундай қилиб, биринчи “сир” шундаки, айнан қачон пенсияга чиқиш масаласини ҳал қилиб олиш керак. Маълумки, АҚШ қонунчилигига биноан 62 ёшдан эрта пенсияга чиқиш мумкин. Хўш, шу ёшда пенсияга чиқишга шошилишнинг кераги борми? Яхшиси, агар ушбу ёшда пенсияга чиқилса, қанча маблағ йўқотилишини ҳисоблаб кўрайлик.

Экспертларнинг фикрича, агар 70 ёшда пенсияга чиқадиган бўлсангиз, унда 62 ёшда оладиган пенсиянгиздан 76 фоиз кўп нафақа оласиз. Агар буни 66 ёшда амалга оширсангиз, сизга 32 фоиз кўп пенсия тўланади. Кўриб турганингиздек, пенсиялар ўртасида каттагина фарқ бор. Хўш, бундай ҳолатда эрта пенсияга чиқиш керакми? Экспертларнинг бу саволга жавоби ҳар хил: баъзилари шошилишнинг кераги йўқ, деса, қолгани ўз вақтида бўлгани маъқул, деб ҳисоблашади. Мисол учун, 35 йиллик стажга эга кишининг йиллик даромади йилига 70 минг долларни ташкил қилган бўлса ҳамда у 70 ёшда пенсияга чиқиб, 90 ёшга қадар нафақа оладиган бўлса, у ҳолда 62 ёшдан бошлаб оладиган пенсиядан 162 минг доллар кўп нафақа олади. Аммо бундай хулосага қарши бўлганларнинг фикрича, эртага нима бўлишини билиб бўлмайди. Шунинг учун вақт борида жамғарилган пенсияни олиш айни муддаодир.

Иккинчи  “сир” Social Security ва ажрашишдир.

Агар сиз турмуш ўртоғингиз билан 10 йилдан кам яшаган бўлсангиз, ажрашиш учун ташаббус сиздан чиқмагани маъқул. Гап шундаки, агар сиз ўн йил биргаликда турмуш кечирган ва кейинчалик ажрашган бўлсангиз, пенсияни расмийлаштириш ўз меҳнат даромадингиз билан эмас, балки турмуш ўртоғингизнинг даромадига қараб ҳисобланиши мумкин.

Шундай ҳолатлар ҳам бўладики, иккала ажрашганлар ҳам 66 ёшда пенсияга чиқишади. Кейинчалик турмуш қурмаган собиқ хотин эри пенсиясининг 50 фоизи миқдорида нафақа олиши мумкин. Аммо 70 ёшга етганда собиқ хотин ўз меҳнат стажи бўйича пенсияни расмийлаштириши ва янада кўпроқ нафақа таъминотига эга бўлиши мумкин. Чунки у ўз пенсия таъминотини кечиктириш орқали  нафақасини кўпайтириш имконига эга бўлади.

Учинчи “сир” шундаки, турмуш ўртоғи қазо қилганда олинадиган нафдир. Кўпчилик ажрашган америкалик оилалар кейинчалик турмуш қуришмайди. Агар собиқ турмуш ўртоқ вафот этадиган бўлса, собиқ эр ёки хотин бева мақомидан фойдаланиши мумкин. Хўш, бева бўлишнинг қандай афзалликлари бор?

Умуман, вафот этган эр ёки хотиннинг топган даромадидан келиб чиқиб, 60 ёшдаёқ пенсияни расмийлаштириш мумкин. Чунки беваларда бошқаларда бўлмаган имтиёзлар мавжуд. Яъни 62 ёшда ўзининг эрта чиққан пенсиясини 66 ёшда бева нафига алмаштириши мумкин. Бунда у кўпроқ маблағ олади. Бошқа йўлдан ҳам бориш мумкин: 66 ёшгача бевалик бўйича пенсия олади, кейин 66 ёшдан ўз даромадига қараб нафақани расмийлаштириш мумкин.

Агар эркак ёки аёл 60 ёшдан кейин турмуш қурган бўлса, қонун уларга вафот этган собиқ турмуш ўртоқлари даромади бўйича пенсия олиш ҳуқуқини кафолатлайди. 62 ёшда эса уни янги турмуш ўртоғининг даромадидан келиб чиқиб, қайта расмийлаштириш мумкин бўлади.

Тўртинчи “сир” ижтимоий таъминотнинг ногиронлик бўйича нафақасидир. Юқорида қайд этилганидек, ижтимоий таъминот органлари ходимлари кўп ҳам мижозларга тўлиқ маълумотларни тақдим этавермайди. Бундай ҳолатларда ҳуқуқшунос ёки мутахассисга мурожаат қилиш айни муддаодир. Шундагина ижтимоий таъминотдан ногиронлик бўйича нафақа олиш борасида рад олиш имконияти камаяди.

Бешинчи “сир” пенсия ҳажмини ошириб боришдир.

Маълумки, ишлашда давом этиш орқали ҳам пенсия миқдорини ошириб бориш мумкин. Бундан ташқари қонуний йўллар ҳам бор. Масалан, турмуш ўртоқлари бир-бирининг энг кўп пенсия миқдоридан фойдаланиши мумкин. Дейлик, унча катта даромадга эга бўлмаган хотин 62 ёшда эрта пенсияга чиқади ва анча юқори даромадга эга бўлган эри 66 ёшда пенсияга чиқиши билан ўз пенсия таъминотини қайта расмийлаштиради. Бунинг тескариси ҳам бўлиш мумкин. Яъни эр 66 ёшга етиб, хотинининг даромадлари бўйича пенсия олади. 70 ёшга етгач эса, ўз меҳнат стажи асосида пенсияни расмийлаштириши мумкин.

Олтинчи “сир” 35 рақамида замирида ётади. Гарчи ижтимоий таъминот агентлиги ўз сайтида пенсия қандай ҳисобланишини алоҳида қайд этган бўлса-да, уни кўпчилик тушунавермайди. Чунки пенсия жуда чалкаш ҳисоб-китоб, яъни 35 йиллик меҳнат стажи асосида белгиланади. Агар сиз 35 йил ва ундан кўп ишлаган бўлсангиз, пенсия учун 35 йиллик иш стажидаги энг юқори ойлик асос бўлиб хизмат қилади. Агар шу муддат ичида ишламаган йилларингиз бўлса, бу бўшлиқни тўлдириш талаб қилинади. Йўқса, ижтимоий таъминот агентлиги меҳнат стажини қисқартиради, натижада, пенсиянинг чўғи ҳам бироз пасаяди.

Уни қуйидаги мисол асосида аниқроқ кўриш мумкин: Тешанинг йиллик даромади 35 йил давомида 50 минг долларни ташкил қилди; Болтаники ҳам 35 йил давомида 50 минг ташкил қилган, аммо ишдан бўшатилгани сабабли Болта уч йил меҳнат қилмаган. Бунда унинг йиллик даромади 45714 долларга айланиб қолади. Бу Тешаникидан қарийб 4300 доллар кам деганидир.

SHARE