17 апрелнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Ўзбекистон ўз ҳавотирини билдирди

 

Ўзбекистон Шимолий Корея томонидан фазога учирилган ракета борасида ташвишда эканини билдирди. “Жаҳон” ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистонда КХДР томонидан сунъий йўлдош учиришга бўлган уриниш тўғрисидаги хабарни ташвиш билан қабул қилди. Бу БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2009 йил 1874 сонли резолюциясининг бузилиши ҳисобланади.
Ўзбекистон Пхеньянни ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларга амал қилишга, Корея ярим оролида кескин муҳитга олиб келувчи бир томонлама хатти-ҳаракатлардан ўзини тийишга чақиради.
Эслатиб ўтамиз, 13 апрель пайшанбадан жумага ўтар кечаси Шимолий Кореянинг сунъий йўлдошига эга “Инха-3” ракетаси учирилди. Синов муваффақиятсизлик билан тугади – бир дақиқалик парвоздан кейин ракета бир нечта қисмга парчаланиб, денгизга қулади.


 

 

Чиқинди чиқариш камаймоқда

Ўзбекистонда атмосфера ҳавосига ташланаётган зарарли моддалар миқдори 2,1 баравар, оқова сувлар ташланиши 2 баравар камайди. Айни пайтда атроф муҳитга ва аҳоли саломатлигига салбий таъсир этаётган, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкига хавф туғдираётган экологик муаммолардан бири – чиқинди масаласи долзарблигича қолмоқда.
Маълумотларга қараганда, республикада йилига 100 млн. тоннадан ортиқ саноат чиқиндилари (унинг 14 фоизи токсик чиқиндилар тоифасига мансуб), 35 млн. тоннага яқин маиший чиқиндилар ҳосил бўлади. Бундан ташқари, чиқиндихоналар ва чиқинди сақлаш омборхоналарида 2 млрд. тоннага яқин саноат, қурилиш ва маиший чиқиндилар сақланаётганлигини ҳамда бу чиқиндилар бугунги кунда 12 минг гектар майдонни эгаллаб турибди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг ёзишича, мазкур муаммонинг ечимини топишда чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ҳисобига замонавий чиқитсиз ва камчиқитли технологияларни жорий этиш, ушбу йўналишда фаолият кўрсатаётган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга шарт-шароит яратиб бериш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Шу боис парламент аъзолари “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши лозимлигини айтишмоқда.


 

 

Йўллар таъмирланадиган бўлди

Ўзбекистон ҳукумати умумий фойдаланишдаги ва хўжаликлараро қишлоқ йўлларини таъмирлаш дастурини тасдиқлади. Унга кўра, 2012 йилда 222,794 миллиард сўмлик (тахминан 119 миллион АҚШ доллари) маблағ ушбу вазифани бажариш учун йўналтирилади. Янги дастурга кўра, Тошкент — Қўқон — Андижон, Ғузор — Нукус — Қўнғирот — Бейнов, Тошкент — Чиноз — Гулистон, Тошкент — Термез ҳамда Тошкент ҳалқа йўли таъмирланади. Эслатиь ўтамиз, бу йилнинг қишнинг кутилганидан қаттиқ келгани туфайли жиддий зарар кўрганди.


 

 

Юлдуз Усмонова Питерда концерт беради
/strong>

Ўзбекистон примаданноси,халқ артисти Юлдуз Усмонова Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида концерт беради. Бу ҳақда хонанданинг расмий веб-сайти маълум қилди. Концер шу йилнинг 2 июнь куни Россия собиқ пойтахтидаги «Гигант-холл» концерт залида бўлиб ўтади.


 

 

Чагаев яна рингга кўтарилади

Оғир вазндаги собиқ жаҳон чемпиони Руслан Чагаев ўзининг кейинги жангини 21 апрелида Германиянинг Шверин шаҳрида ўтказади. Бу ҳақда олам.ўз сайти хабар берди.
Боксчининг сўзларига кўра, америкалик 39 ёшли Билли Зумбрун унинг рақибига айланади. Айтиш жоизки, ушбу боксчи ўзининг 12 йиллик профессионал фаолиятида фақат бир марта АҚШдан ташқарида рингга чиққан. Бу 2006 йили Дюссельдорфда Александр Дмитренкога қарши жангда юз берган эди, ўшанда у очколари бўйича мағлуб бўлган.