18 апрелнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Жаҳон банкини кореялик-америкалик бошқаради

Жаҳон банки (Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки)нинг директорлар кенгаши асли корейс бўлган америкалик Жим Ён Кимни ташкилот президенти лавозимига сайлади.

Жим Ён Ким лавозимга расман 2012 йилнинг 1 июлидан, банкнинг амалдаги раҳбари Роберт Зелликнинг ваколатлари муддати тугаганидан кейин киришади. Жим Ён Кимдан ташқари, Нигерия молия вазири Нгози Оконджо-Ивеала ҳам ушбу лавозим учун номзодлардан бири эди.
Ким 1959 йили Жанубий Кореяда туғилган бўлиб, кейинчалик унинг ота-онаси АҚШга кўчиб ўтади. 1987 йили Ким ночорларга тиббий ёрдам тақдим этиш масалалари билан шуғулланувчи “Саломатлик бўйича ҳамкорлар” хайрия ташкилотининг ҳаммуассисларидан бирига айланади. Кейинчалик у Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директорининг маслаҳатчиси бўлади, шунингдек у ЖССТнинг ОИВга қарши кураш бўйича департаментини бошқаради. Шу пайтга қадар Жим Ён Ким Дортмут коллежининг президенти лавозимида ишлаб келаётган эди.


 

 

«Нексия» кам ишлаб чиқарилди

«GM Uzbekistan» Ўзбекистон — АҚШ қўшма корхонаси 2012 йилнинг биринчи чорагида автомобиль ишлаб чиқаришни ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 10,3 фоизга қисқартирган. Натижада 40,699 та енгил автомобиль ишлаб чиқарилган.
Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси маълумотларига қараганда, ҳисобот даврида 15,789 та «Нексия», 8662 та «Матиз», 4363 дона «Дамас», 3597 та «Ласетти», 1700 та «Каптива», 572 та «Эпика», 6012 дона «Спарк» ва тўрт дона «Шевроле Малибу» ишлаб чиқарилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили «GM Uzbekistan” 221 445та енгил автомобиль ишлаб чиқарилиб, бу борада кўрсаткич 2,1 фоизни ташкил қилган эди.


 

 

«Бойларга тегманг»

АҚШ парламенти юқори палатаси, яъни Сенат мамлакатдаги супербойлар учун даромад солиқларини оширишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини маъқуллашдан бош тортди. CNN хабарига қараганда, “Баффет қоидалари” деб номланган мазкур қонун лойиҳаси йиллик даромади бир миллион доллардан ошадиган фуқароларга даромад солиғи 30 фоизгача кўпайтирилишини кўзда тутади.
Шу пайтга қадар ушбу миқдор 25 фоизни ташкил қиларди. Йилига 50-57 минг доллар топадиганлар учун ўртача 12 фоизлик солиқ ставкаси қўлланилади.
Маълумки, ўтган йили америкалик миллиардер Уоррен Баффет бойлар учун солиқ юкини оширишни таклиф қилган эди. Унинг айтишича, у 2010 йилда барча даромадларидан 17,4 фоиз миқдорида солиқ тўлаган, ваҳоланки, унинг компаниясида ишлайдиган ходими йиллик даромадидан 36 фоиз миқдорида давлат бюджетига ҳисса қўшган. Миллиардернинг ушбу таклифини Барак Обама маъмурияти қўллаб-қувватлаб, мазкур қонун лойиҳасини илгари сурган эди. Аммо АҚШ Сенатининг Молия масалалари қўмитаси ушбу солиқдан келиб тушадиган маблағни ҳисоблаб чиқди. Унга кўра, “Баффет қоидаси” бўйича солиқ давлат бюджетига сўнгги 10 йилда “бор-йўғи” 47 миллиард доллар келтирар экан. Шунинг учун мазкур қонун мамлакат бюджетидаги тақчилликни ҳал қилишда муҳим роль ўйнайди, деб қайд этилади қўмита тушунтириш хатида.


 

 

Президент автопойгада ютиб чиқди

 

Туркманистон Республикаси Президенти Қурбангули Бердимуҳамедов ўзининг 1,6 миллион долларлик “Bugatti Veyron” машинасида мамлакатда ўтказилган миллий автопойгада қатнашиб, биринчи ўрнинни қўлга киритди. Интернет манбаларида қайд этилишича, президент кутилмаганда турнирда пойга кийимида пайдо бўлиб, ташкилотчилардан мусобақада қатнашишга изн сўраган ва энг яхши натижа кўрсатиб, гран-прини қўлга киритган.


 

 

Тожикистон ва Ўзбекистон чегарачилари учрашишган

Тошкент вилоятида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ва Тожикистон чегара қўшинлари раҳбарияти ўртасида амалий учрашув бўлиб ўтган. «Регнум» ахборот агентлиги тарқатган хабарда келтирилишича, томонлар Ўзбекистон ва Тожикистон давлат чегараларида юзага келган вазият ва икки томон манфаатларига тааллуқли бошқа масалаларни муҳокама қилинган. Томонлар чегараларни муҳофаза қилишда ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлигини қайд этишган.

SHARE