19 апрелнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Жангари оёқлари билан эсдаликка суратга тушишди

“Los Angeles Times” газетаси бир гуруҳ АҚШ аскарлари афғон жангарилари жасадлари билан тушган суратларни чоп этди. Унга кўра, мазкур суратлар 2010 йилда олинган.
Газетанинг ёзишича, ҳарбийлар Забул музофотига террорчининг бармоқ изларини ва кўз гавҳари фотосуратини олиш учун боришади. Чунки бу жасад кимга тегишли эканлигини аниқлаш учун керакдир. Ўшанда аскарлар узиб ташланган оёқлар билан суратга тушишган. Газетанинг қайд этишича, суратларни мазкур аскарлар билан бирга бўлган ҳарбий тақдим этган. Журналистлар, ўз навбатида, мазкур суратларни ҳарбий қўмондонликка кўрсатишди. Ушбу ҳолат юзасидан тергов ишлари олиб борилиб, аскарларнинг шахси аниқланган.
АҚШ мудофаа вазири Леон Панетта америкалик ҳарбийларнинг ушбу хатти-ҳаракатини жиддий танқид қилиб, газетага ушбу суратларни чоп этмасликка даъват қилган. Уларнинг фикрича, бу билан улар Америкага қарши турли иғволарнинг олдини олмоқчи бўлган. Ушбу масала юзасидан АҚШ президенти ҳам ўз фикрини билдириб, ушбу масалага алоқадор аскарлар устидан тергов ўтказилишини талаб қилди.


 

 

ХВЖ: жорий йилда Ўзбекистонда инфляция 12,7 фоизни ташкил қилади

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Ўзбекистоннинг 2012 йилдаги ялпи ички маҳсулоти ўсиш суръати прогнозларини 7 фоиз даражасида сақланиб қолишини маълум қилди.
ХВЖнинг “Дунё иқтисодиётининг ривожланиш истиқболлари” маърузасида 2011 йили Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръати 8,3 фоиз бўлгани қайд этилган.
ХВЖ прогнозларига кўра, келаси йили Ўзбекистон ялпи ички маҳсулот 6,5 фоизга ўсади. Шунингдек, ХВЖ Ўзбекистонда инфляция даражаси 2011 йилда 12,8 фоиз ни, 2012 йилда 12,7 фоизни ва 2013 йилда 10,9 фоизни ташкил этишини прогноз қилган.


 

 

НАТО маълумотлари ишончлими?

Брюсселда НАТОга аъзо давлатлар ташқи ишлар ва мудофаа вазирлиги раҳбарлари мажлиси бўлиб ўтди. Унда шу йилнинг 20-21 май кунлари Чикагода бўлиб ўтадиган саммити учун тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди. Саммитнинг асосий мавзулари Афғонистондан альянс қўшинларини олиб чиқиш, “ЕвроПРО”нинг биринчи босқичини амалга ошириш, “ақлли мудофаа” концепциясини жорий этишдир.
Мажлис қатнашчилари олдида турган жиддий мавзулардан бири халқаро ҳарбий кучларни Афғонистондан олиб чиқиб кетишдир. Гап шундаки, 2014 йилда ушбу мамлакатдан халқаро ҳарбий контингент тўлиқ олиб чиқиб кетилиши керак. Аммо сўнгги вақтда Афғонистонда авж олган террорчилик ҳаракатлари НАТОнинг ушбу мамлакатдаги миссияси ҳали тугамаганлигини кўрсатмоқда. НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен сўнгги террорчилик воқеалари Афғонистондаги хавфсизликни таъминлаш ишларининг яхшиланганига соя ташламайди, деб айтиб ўтди. Унинг фикрича, 2011 йилда террор ҳужумлари 9 фоизга қисқарган.
Аммо Россия бу фикрларга қўшилмаслигини айтиб ўтди. НАТО вакиллари бизга Афғонистонда вазият яхшилангани ҳақида ахборот бераётган бўлса-да, лекин далиллар бунинг аксини кўрсатмоқда, деди Россия Федерацияси ташқи ишлар маҳкамаси вакиллари: “Толиблар Марказий Осиё мамлакатларига, ҳатто бизга ҳам хавф туғдирмоқда”.


 

 

Рус миллиардерлари рўйхатини ўзбек бошқармоқда

«Форбс» журналининг русча нашри ўз сайтида Россиянинг 200 нафар миллионерлари рўйхатини эълон қилди. Ушбу рўйхатга тушиш учун россияликлар камида 450 миллион долларга эга бўлмоғи керак.
Рўйхатга кўра, миллионерлар рўйхатини асли ўзбекистонлик Алишер Усмонов ўзининг 18,1 миллиард долларлик маблағи билан бошқариб турибди. Иккинчи ўринни эса Владимир Лисин 15,9 миллиард доллар билан эгаллаган.


 

 

Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида сел хавфи мавжуд

Сурхондарё вилоятида сел ва жала бўлиши эҳтимоли туфайли Денов ва Узун туманларининг 72 нафар аҳолиси хавфсиз жойларга кўчирилган. “Правда Востока” газетасининг ёзишича, март ва апрель ойининг серёғин келиши, қолаверса, тоғларда қор эриши муносабати билан жала ва селлар эҳтимолини кучайтирмоқда. Шу боис вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ушбу масалада аҳоли орасида кенг тушунтириш олиб бормоқда, сойлар ва ариқлар атрофида ортиқча қурилма ва воситалар олиб ташланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилда қиш ва баҳор ойларининг серёғин келиши оқибатида мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида, хусусан, Жиззах вилоятида кучли сел бўлиб, аҳолининг уй-жойлари, йўллар жиддий зарар кўрганди.

SHARE