Ўзбекистон туризм салоҳияти Нью-Йорк сайёҳлик кўргазмасида намойиш этилди

Яқинда Нью-Йоркда The New York Times Travel Show халқаро сайёҳлик кўргазмаси бўлиб ўтди. Ўша кунлари нью-йоркликлар ва меҳмонлар шаҳардан чиқмасдан, бутун дунёни сайр қилди, десак, муболаға бўлмайди. Зеро, унда дунёнинг 150 мамлакатидан турли сайёҳлик компаниялари иштирок этди.

Кўргазма павильонларида, шунингдек, Ўзбекистон консуллиги, “Келажак тур” “Silk Road Treasure Tour” сайёҳлик компанияларининг стендлари ҳам жой олиб, уларга кўргазма давомида минглаб кишилар ташриф буюрди. Ташриф буюрувчиларга гўзал ватанимиз — мингйиллик тарихга эга Ўзбекистон ҳақида ахборотлар берилди. Уларни, айниқса, халқимиз тарихи, ЮНЕСКО томонидан муҳофаза олинган тарихий ёдгорликлар, мусиқамиз, ипакчилигимиз, миллий байрамларимиз, меҳмондўстлигимиз, ўзига хос бозорларимиз, пурвиқор тоғларимиз, бепоён чўлларимиз жуда ҳам мафтун этди.

Шу билан бир қаторда, тадбирда Ўзбекистоннинг туризм саноати, чунончи, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз сингари кўҳна шаҳарларимиз, тарихий ёдгорликлар ва бошқа сайёҳлар учун қизиқарли маълумотлар тақдим этилди.

Шу билан бирга, сайёҳлик кўргазмасида миллий руҳдаги саҳна чиқишлари ҳамда ошпазлик санъати намойиш этилди. Айниқса, Туркистон — Америка жамияти рақс дастасининг ажойиб чиқишлари тадбир қатнашчиларида катта таассурот қолдирганини айтиб ўтиш лозим. Негаки, жуда кўпчилик ушбу чиқишлардан сўнг, албатта, Ўзбекистонга ташриф буюришини қайд этишди.

Умуман, ушбу кўргазма Ўзбекистонни тарғиб қилишда жуда фойдали тадбирлардан бири бўлди. Зотан, бундай тадбирлар боис бугун кўпчилик америкаликлар Ўзбекистон, унинг кўҳна ва навқирон Бухоро, Самарқанд, Хива, Тошкент каби шаҳарларига катта қизиқиш билдиришмоқда, уларни ўрганишмоқда. Ўйлаймизки, бундай тадбирлар ҳали кўп давом этади.

Зуля РАЖАБОВА.

SHARE