25 апрелнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Пул жўнатмалари мажбурий конвертация қилинмайди

Бир қатор хорижий электрон оммавий ахборот воситаларида жорий йилнинг биринчи майидан бошлаб пул ўтказмаларини валютада бериш тўхтатилиб, улар олинган пайтдаги Марказий банк курси бўйича миллий валютада конвертация қилинади, деган ахборотлар пайдо бўлган эди. Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Марказий банки расмий баёнот берди. Унга кўра:
“Ўзбекистон Республикаси Марказий банки расман баёнот берадики, қонунчиликка мувофиқ мижоз банк ҳисобрақамидаги пул маблағларини ўз хоҳишига кўра бошқаради.
Жисмоний шахслар ўз мулкида Ўзбекистон Республикасига олиб кирилган, ўтказилган ёки жўнатилган, Ўзбекистон Республикасида олинган ёки сотиб олинган валюта бойликларига эга бўлишга ва валюта бойликларидан мустақил равишда фойдаланишга ҳақлидир.
Ўзбекистон Республикасида ҳозирги пайтда ва бундан кейин ҳам халқаро пул ўтказмалари бўйича операциялар қонунчиликка ва халқаро нормаларга қатъий мувофиқ амалга оширилади, яъни пул ўтказмалари қайси валютада ўтказилган бўлса, худди шу валютада ҳеч қандай чекловларсиз берилади”.


 

 

Сурий киберуруш бошлади

“Сурия электрон армияси” гуруҳи ҳакерлари Башар Ассадга қарши бўлган давлатларга нисбатан киберуруш эълон қилди. “КоммерсантЪ” газетасининг ёзишича, ҳакерлар “араб баҳори”ни илҳомлантириб турган Қатар ва Саудия Арабистонига қарши жиддий ҳаракатларни бошлашган. Чунончи, “Ал-Арабия” телекомпаниясининг сайтида ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Қатар амири мамлакат бош вазири ва ташқи ишлар вазирини истеъфога чиқаргани ҳақида ахборотлар пайдо бўлди. Шундан сал ўтиб, ушбу ахборотлар қаторида Қатарнинг йирик газ конларидан бирида портлаш юз бергани ҳақида янгиликлар чоп этилди. Кўп ўтмасдан ушбу хабарлар сайтдан олиб ташланган.
“Сурия электрон армияси” гуруҳи ҳакерлари ўз ҳаракатларини ушбу давлатлардаги “Ал-Арабия” ва “Ал-Жазира” телекомпаниялари томонидан олиб борилаётган нотўғри ахборот хуружларига нисбатан жавоб сифатида қайд этишган.


 

 

Ўзбек футболчиси ирқчиликда айбланмоқда

Озарбайжоннинг “Боку” клуби ҳимоячиси Иброҳим Каргбо мамлакат футболи тарихидаги энг катта можаронинг муаллифига айланиши мумкин. Uff.uz сайтининг azerisport.com интернет нашрига таяниб хабар қилинишича, Каргбо яқинда берган интервьюларидан бирида “Карабах” ҳужумчиси Рауф Алиев ва “Нефтчи” клуби ҳужумчиси бўлмиш ҳамюртимиз Баходир Насимовларни ирқчилик руҳиятидаги ҳақоратли сўзларни ишлатганликда айблаб чиққан.

Бу ҳолат Озарбайжон Кубоги ярим финали олдидан юзага келган ўта қалтис вазиятни янада чигаллаштириб юборди. Эслатиб ўтамиз, ярим финалнинг илк учрашувида “Боку” клуби “Қорабоғ” жамоасига 0:1 ҳисобида мағлубиятга учраган эди.
Шу муносабат билан Рауф Алиев ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Буларнинг барчаси провокациядан бошқа нарса эмас. Ўйин вақтида ҳамма нарса бўлиши мумкин, қўпол ўйин, норозилик ва ҳатто ўзаро гап талашиб қолиш ҳам. Аммо мен ҳали ҳеч қачон, ҳеч кимга терисининг ранги борасида гап айтмаганман. Каргбо буларнинг барчасини ўзи ўйлаб топган. Умуман, футболда ирқчиликка ўрин йўқ деб ўйлайман. Бундай нарса ҳеч кимга тўғри келмайди. Мен бу футболчига ачинаман, у барчанинг эътиборини ўзига тортишнинг мана шундай йўлини ўйлаб топибди”, дейди Рауф Алиев.
“Боку” клуби бош мураббийи Новруз Азимов эса бу ҳолатнинг юзага келишининг ўзиёқ яхши эмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтган. “Бизни олдинда “Қорабоғ”га қарши кечадиган учрашув кутиб турибди, шу сабабли ҳам бу баҳс мени ташвишга солмоқда”, дейди у.
“Баходир Насимов мана икки йилдирки Озарбайжонда тўп суриб келмоқда. У шу вақтга қадар ҳеч қандай ёмон иш қилганича йўқ. У премьер лиганинг энг яхши легионер футболчиларидан бири.
Шунингдек Насимов мусулмон футболчи, шу сабабли ҳам ирқчилик унга мутлақо бегона бўлиши керак. Умуман, “Нефтчи”да тўп сурадиган бирорта ҳам футболчи бундай нарсани ўзига эп кўрмаган бўларди… Миллий биринчиликда тўп сурадиган ҳар бир футболчи маҳаллий шароитни яхши билади ва бу ҳолат озарбайжонликларга бегона эканини тушунади”.


 

 

Сарез кўлида зилзила қайд этилди

 

Тожикистон Республикасида юз берган зилзила минтақа аҳолиси учун катта таҳдид туғдириши мумкин. Тожик сейсмологлари тоғли ҳудудда жойлашган Сарез кўлида ер силкинишини қайд этишган. “Регнум” ахборот агентлигининг ёзишича, зилзиланинг эпицентри Душанбедан 340 километр узоқликда жойлашган бўлиб, марказда 4, Сарез кўлида 3 баллни ташкил қилган. Гарчи бу Тожикистон ҳудуди учун у даражада ваҳимали бўлмаса-да, Сарез кўли учун ўта ташвишланарлидир. Чунки у нафақат Тожикистонга, балки Марказий Осиёнинг бошқа ҳудудларига ҳам таҳдид туғдиради.
Эслатиб ўтамиз, 1911 йилда юз берган 9 балли ер силкиниши натижасида Сарез кўли ҳосил бўлган. Олимлар агар кучли зилзилалар давом этса, кўлда ёриқлар пайдо бўлиши мумкин. Натижада, Амударё қуйида, яъни Тожикистон, Ўзбекистон, Афғонистон ва Туркманистон аҳоли пунктлари учун жиддий хавф туғдириши мумкин.


 

 

Россия мусулмонлари етакчилари шариат судлари тузилишига қаршилигини билдиришди

 

Россияда таниқли адвокат Дагир Хасавов томонидан Россияда шариат судларини қонунийлаштириш керак, деган таклиф рус жамиятида кескин муҳокама сабаб бўлди. Шу сабабли бир қатор йирик диний уламолар ушбу масалада ўз фикрларини билдиришди. Хусусан, Россия мусулмонлар идораси раҳбари, Россия олий муфтийси Талгат Тажуддин «Интерфакс» ахборот агентлигига берган интервьюсида «Конституцияга кўра, Россияда дин давлатдан ажратилган. Мамлакатимизнинг ўз суд-ҳуқуқ тизими бор, мусулмонлар ҳам Россиянинг тенг ҳуқуқли фуқаролари сифатида анна шу ҳуқуқдан фойдаланишади», деб айтиб ўтган.