АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси меҳрибонлик уйида Ер Кунини нишонлади

 

АҚШнинг Ўзбекистондаги Элчиси Жорж А. Крол Тошкент шаҳар Чилонзор туманида жойлашган 23-меҳрибонлик уйида. 23 апрель 2012 йил.

 23 апрель куни элчи Крол Тошкент шаҳар Чилонзор туманида жойлашган 23-меҳрибонлик уйига ташриф буюриб, мевали дарахтлар экиш, болалар чизган расмларни кўриш орқали Ер Куни, яъни замонавий экология ҳаракатининг бошланишини нишонлади. Мазкур тадбир “Эко-мактаб” нодавлат нотижорат гуруҳи ҳамда Тошкентдаги АҚШ Элчихонаси кўмагида ташкил қилинди. Болалар, талабгорлар ҳамда боғдорчилик ва кўкаламзорлаштириш бўйича мутахассислар элликка яқин хилма-хил мевали кўчатлар экишди, гулзор барпо қилишди. Тадбир давомида боғ ва гулзорларни парваришлаш, қушлар учун донхўраклар ва яшил нақшлар тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари ўтилди, шунингдек, очиқ ҳавода санъат асарлари кўргазмаси намойиш этилди, келгусида боғни яхшилаб парваришлаши учун ННТ меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига тегишли асбоб-ускуналар совға қилди.

“Болалар ўзларини жуда бахтиёр сезишди, бир олам қувончга тўлишди. Бугун биз эккан кўчатлар ва гуллар келгусида гўзаллик тимсоли сифатида яхшилик ва муҳаббатга айланади, чунки бизни ўраб турган ушбу замин аслида меҳр-муҳаббат ва гўзаллик демакдир”, деди меҳрибонлик уйи директори Светлана Рўзимуҳамедова.

Элчи Крол Ер Кунига бағишлаб болалар чизган расмларни кўрмоқда. Тошкент, 23 апрел 2012 йил.

 Қўшма Штатларда Ер куни илк марта 1970 йили бўлиб ўтди ва замонавий экология ҳаракатини бошлаб берди. 20 миллионга яқин америкалик тобора ошиб бораётган муҳит ифлосланишини қоралаш ва соғлом, барқарор экология талаб қилиб кўчаларга, хиёбонларга ва аудиторияларга йиғилди. Ўша давр мобайнида экология муаммоларидан бохабарликнинг ўсиб бориши АҚШ ҳукумати 1970 йили Атроф муҳит муҳофазаси агентлигини ташкил қилишига ҳамда 1970 йили “Тоза ҳаво” акти, 1972 йили эса “Тоза сув” акти қабул қилинишига сабаб бўлди.  “Қўшма Штатлар анча йиллардан бери Ўзбекистоннинг атроф муҳит муҳофазасига қаратилган дастур ва ташаббусларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб келди, улар Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишига қаратилгандир”, деди элчи Крол. Шунингдек, у АҚШ кичик грантлар дастури орқали Ўзбекистонда кўплаб атроф муҳитга алоқадор лойиҳаларни қўллаб-қувватлаганлигини таъкидлади. “Ушбу грант туфайли биз бу ерга, тахминан, элликта мевали дарахт ниҳоли экиш учун келдик, улар келгуси йилларда бўй чўзиб, чиройли дарахт бўлади. Биз бошқалар қатори болаларнинг атроф муҳит муҳофазаси борасида қилаётган ишларига гувоҳ бўлиб турибмиз ва бу ҳол келгуси авлодлар учун атроф муҳит муҳофазаси йўлида маънавий мажбуриятимиз борлигини эслатиб турибди”, деди элчи Крол. У Элчихонанинг “Фейсбук”даги саҳифасида ўтказилган Ер Кунига бағишланган иншолар танлови ғолибига китоб ва фахрий ёрлиқ топширди.

Ambassador Krol presents the essay competition winner with his prize. (U.S. Embassy photo)

Мавлон Шукурзода тайёрлади.

SHARE