Абадий соғинч

    Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али романидан бир лавҳа

    Дарвоқе, ватандошимиз Жўрақори Бўтакўз ҳақида бир-икки оғиз сўз айтиш истаги туғилди. 2004 йилнинг охирлари эди. Ушбу китобни битириб, босмага беришдан олдин уни ҳозир Тошкентда истиқомат қилаётган зукко ва донишманд ватандошимизга ўқиб, лозим топган жойларга таҳрир назари билан қарашларини сўраб мурожаат этдим. У киши қўлёзмани синчиклаб ўқиб чиқдилар, айрим керакли мулоҳазаларини билдирдилар ва ушбу мактубни каминага йўлладилар. Китобда тасирланган воқеалар шоҳиди бўлган, айниқса, қаҳрамонимиз Саид Маҳмудхон Тўрани яқиндан билган кишининг фикрлари ўқувчиларимиз учун қизиқарли бўлишини назарда тутиб, мактубни келтириб ўтишга қарор қилдим.

    Мактуб

    Хоки-ю аз нуриён показатар
    Аз мақоми фақру шоҳи бохабар

    ИҚБОЛ

    Ҳурматли Муҳаммад Алижон!

    Ҳорманг, эсонмисиз? Соғлиғингиз орзуимдир. “Абадий соғинчлар” деган рўмонингизни ўқидим, тўғрисини айтсам, сиз қўлга олган мавзу ҳали етарли даражада очилмаган, ўрганилмаган соҳа эди. Бу мавзу бир пайтда гўзал, айни пайтда малул ҳайратангиз эди.

    Жумладан, Саид Маҳмудхон Тўра ҳазратларининг ибратли ҳаёт йўлларини кучли қаламингиз билан равон тилда ўқиган киши баҳрлана оладиган услубда баён қилиб беришингиз барча қатори мени ҳам мафтун этди. Бу ҳаракат билан сиз, Тўрам ҳазратларининг тимсолларида, чет элларда, фироқ водийсида гоҳо адашиб, гоҳ унинг учқунини кўриб, Она Ватанлари сори талпиниб, интилиб машъал бўлғудек миллий маданиятга муҳтож жигаргўшаларингизга: “Жигарларим! Сизларни унутмадик, бормисизлар, соғмисизлар авлодларим, биздан айрилиқда авҳолингиз нечук кечди” деб Она Ватанлари — азиз Ўзбекистоннинг муборак қўлини улар томон узатиб, хайрли иш қилибсиз.

    Саид Маҳмудхон Тўра ҳазратларининг саргузаштларини беками кўст ёзиб олинишида, тарихимизнинг бир парчасини ўрганишимизда ёрдамчи бўлган катта оғамиз Саид Аҳмадхон Тўра билан укалари Насруллоҳ Тўра жаноблариға раҳматлар айтмоғимиз ўринлидир.

    Энди ўрни келганда, тўрам ҳазратларини яқиндан таниш шарафига қандай ноил бўлганимни, файз олганимни ҳамиша эслаб юрганимдек, шу гўзал фурсатдан фойдаланиб, яна ул ҳазратни эслаб руҳларини шод этиш орзусида қуйидаги қисқа ҳикояни келтираман.

    Афғонистон пойтахти Кобул. 1939 йил. Сайиджон тоғам мени қори қилиш истагида ҳукумат қарамоғида “Дорул-Ҳаффоз” номли диний мактабга олиб борди. У ерда қорихонанинг мудири Расул қорига мурожаат қилиб тилагини арз қилди. Қори дедики: “ Акамулло(улар бизга шундай хитоб қилишарди) бола ҳали ёш, қуръонни ёд қила олмайди. Узун чопон кийгизиб қўйибсан, узун чопон кийган чопон катта бўлиб қолмайди-ку!”, деди. Тоғам билан мен маъюс бўлиб уйга қайтиб келдик. Эртаси тоғам, юр, Тўра Соҳибга борамиз, деб мени Муродхоний маҳалласига етаклаб борди. Тўра Соҳиб меҳмонхоналарида бизни меҳрибонлик билан кутиб олдилар. Дастурхон ёздилар. Иссиқ нон, ҳалво қўйдилар. Жийдагули пиёлада чой узатдилар. Сўнг аҳвол сўраб, қандай сабаб келганимизни билмоқчи бўлдилар. Тоғам кечаги воқеани айтиб берди. Тўра Соҳиб камзул шим киймас эдилар. Обо аждодимиз қиёфасида юрар эдилар. Қозиқдаги ҳазоралар қўлда тўқиган пиёзий чакмонларини кийдиларда-да, “Қани, юринглар!” дедилар. Дорул-ҳаффозга бордик.

    Мактаб мудири, ўқитувчилари ўлтиришган экан. Ҳаммалари ўринларидан туриб: “Хўш омадед! Хуш омадед, Тўра Соҳиб!”, деб эҳтиром кўрсатиб тўрга таклиф қилдилар. Ҳол-аҳвол сўрашгандан кейин: “Хайр бўлсин Тўра Соҳиб, бизга қандай хизмат бор”, дейишди. Тўра Соҳиб пойга(к)да ўтирган бизни қўллари билан ишора қилиб мақсадни айтдилар. Мактаб мудири: “Тўра Соҳиб, булар тунов куни келишувди, бола ёш бўлгани учун илтимосларини рад қилишган эди”, деди. Тўра Соҳиб: “Қори бўлиш ишқидаги болани катта бўлгунча мунтазир талаб қилиб олинглар”, дедилар. Мудир ўйланиб туриб: “Хўп бўлади, Тўра Соҳиб! Сиз айтганча мунтазир талаба бўлсин”, деди-ю мени қайд қилиб қўйди. “Эртадан бошлаб Ҳожи Тожмуҳаммадхондан дарс олурсан!”, деди. Дарсларда бошқа талабалар билан тенг масъулиятли, тенг ҳуқуқли талаба бўлиб қолдим…

    Афғонистон подшоҳи Муҳаммад Зоҳиршоҳ йилда беш бор қориларни Арки Шоҳийга даъват этиб, шоҳона зиёфат берарди. Ана ўша зиёфатлар ҳам Тўра Соҳибнинг иштирокисиз ўтмасди. У киши туфайли мактабни яхши баҳолар бтириб чиққач, Кобулда Жўрақори бўлиб танилдим. Ҳукумати Илоҳиянинг вакили Мавлоно Мансурнинг ҳар йил таровийҳ намозида бўлиб ўтадиган хатм қуръонларида забардаст қорилар қаторида иштирок этдим. Айниқса, Ҳиндистон, Покистонда қарилигим соясида кўп обрў кўрдим. Бу обрўлар халқ ичидагина эмас, давлат арбобларидан тортиб, юқори, қуйи ҳар табақаси мени ҳурмат қилар эди. Ватандошларимнинг ҳар қандай мушкулларини осон қилиш учун етгишли идораларга борганимизда, мени танишмаса ҳам, улар мени таниб, ўринларидан туриб, илтифот билан: “Ҳофиз Соҳиб, хуш келдингиз!” деб, ҳатто айримлари чой, бискувват (кулча) келтириб, бизга қандай хизмат бор, дер эдилар. Уларда таъма, ришват деган гап йўқ эди. Иш ҳамон ҳал бўлар эди. “Ҳофиз Соҳиб, эртага келинг, ёки, бу ишнинг иложи йўқ”, деган сўзни эшитганим йўқ, ўйлаб қарасам. Бу воқеаларнинг айримлари Покистоннинг “Жанг”, “Анжом”, Навоий вақт”, “Имрўз” каби катта газеталарида ёзилиб чиққан. Мусофират ўлкасида шундай яшашимда Тўра Соҳибнинг табаррук ҳиссалари бор. Ғурбат диёрида бечора бўла туриб мендек катта-ю кичик таниган, улардан самимий ҳурмат кўрган мусофир дунёда оз бўлса керак. Шунинг учун Тўра Соҳибни ҳамиша эслаб юраман, ётган жойлари жаннатда бўлсин.
    Муҳаммад Алижон, нима учун мактубимнинг бошида Ҳиндистоннинг улуғ шоири Муҳаммад Иқболдан байт келтирганимни англагандирсиз. Байтнинг теран мазмунига қарангиз: тупроқдан яралган бўлса ҳам, нурдан бўлганлардан покизароқ зот, гадоликдан то шоҳлик мақомигача барча нарсадан хабардор, дейилади унда. Саид Маҳмудхон Тўрани эслаганимда беихтиёр мазкур байт ёдимга тушгани бежиз эмас… Чиндан ҳам, Саид Маҳмудхон Тўра гадоликдан то шоҳлиқ мақомигача барча нарсадан хабардор, ўзи тупроқдан бўлса ҳам нурдан бўлганлардан покизароқ зот эди…
    Хулоса шулки, Ўзбек улусидан мутасаввуфлар чиқиб туриши тўхтаб қолгани йўқ. Аҳмад Яссавийдан бошланган тасаввуф Робияхоним Балхий, Жамолиддин Балхий, Сумма Румий, Баҳовуддин Нақшбандий, Хўжа Аҳрор Валий, Шоҳ Машраблар силсиласи Маҳмудхон Тўра ҳазратлари тимсолларида кейинги авлодга боғланадур.
    Демак, ишончим комилки, келгусида ҳам Ўзбек улусидан мутасаввуфлар, авлиёлар чиқиб, атрофга нур сочиб турғувсидур. Машойихлар Ўзбекистонни “Боғи бузурғон”, деб бекорга айтмаганлар.
    Сўнгги сўз шулки, ушбу қийматли, қизиқарли асарнинг вужудга келишида хизматлари кўрилган азизларни такрор-такрор табриклаб, уларга узун-узун умрлар тилаб, севгиларимни билдириб, эсонликлар тилайман.

    Жўрақори БЎТАКЎЗ,
    Февраль 2005 йил,
    Тошкент.