Амир Темур бугунги куннинг ҳам қаҳрамони. Нега айнан у миллат тимсолига айланди?

Амир Темур – нафақат буюк шахс, моҳир саркарда, йирик давлат арбоби, балки ўзбек давлатчилигини юксак нуқтага олиб чиққан, номи улуғ тимсол ҳамдир.

Мустақиллик йилларида миллий тикланиш, ўзликни англаш, тарихий таянч вазифасини бажариб берган Темур нафақат ўз даврида, балки бугун ҳам мустақил Ўзбекистоннинг ривожланиш ва  миллий ғоясини шакллантиришда жуда катта аҳамиятга эгадир.

Бироқ, тан олиш керакки, кенг жамоатчилик, зиёлилар, айниқса, чет эллик тарихчилар ва бир гуруҳ “катта оға” олимлари Амир Темур тимсоли, унинг фаолиятига, бугунги кунда унга берилаётган баҳога шубҳа билан қарашади, ўз асарларида ҳамда мақолаларида буни очиқчасига баён этишади.

Шу ўринда Амир Темурнинг Ўзбекистон учун тимсол, маънавий куч сифатида тан олинишидан катта мақсад бор эди. Аввало, шўроларнинг етмиш йилдан ортиқ тузуми давомида одамларнинг қон-қонига сингиб кетган, тасаввурининг бир қисмига айланган Ленин, Сталин сингари коммунистик етакчилар ҳаёти ва ахлоқи билан сингдирилган ғояга қарши тура оладиган муносиб шахс керак эди. Чунки ёш Ўзбекистон шўролар даврининг барчи оқибатларидан имкон қадар тезроқ, қолаверса, уларнинг ўрнини миллий ғурур ва тикланишни ўзида ифода этган ғоя — Амир Темур шахсини тиклаш орқали қутилиши мумкин эди. Мустақил давлат барпо этишнинг биринчи шарти ҳам емирилган, ўзини оқламаган, ёлғон ғояни янгилаш билан бевосита боғлиқдир.

Амир Темур коммунистик ғоя қаҳрамонларини тўлақонли янгилаш учун етарли даражада муносиб номзод эди. Биринчидан, Темур, ҳақиқатда, босқинчиларга қарши курашган, неча асрки Мовороуннаҳр халқини эзиб, асрлар давомида шаклланган цивилизацияни барбод қилган мўғуллар зулмига барҳам берган. У мустақиллик учун кураш, янги давлат барпо этишда ўрнак кўрсатган.

Иккинчидан, Амир Темур Мағрибдан Машриққача —  ўз даврида тараққиёт ва ривожланиш ҳудудларини қамраб олган буюк империяга асос солди. Бу салтанатнинг бир учини Ҳинд уммони суви ювса, бир томони Европа сарҳадларига етган эди. Бундай кенгликдаги империяни тузган шахс, табиийки, бугунги кунда тарихий ҳақиқатга айланиши лозим эди.

Учинчидан, Тўхтамишхонни енгиш орқали Киев Русини (Россияни), Боязид Елдирим аскарларини тиз чўктириб, Европани Усмонийлар тажовузидан сақлаб қолган Амир Темурнинг тарихий аҳамиятини ушбу давлатлар учун бемалол кўрсата олиш мумкин эди. Амир Темурнинг буюклигини французлардан тортиб, испанларгача инкор эта олмасди. Йўқса, Боязид қўшини Европанинг кулини кўкка совириши турган гап эди.

Тўртинчидан, Амир Темурнинг ибратли ҳаёт йўли, адолатни ҳамма нарсадан устун қўйиши, салтанатда ҳалоллик ва қонунга итоаткорликни ўрнатгани, ўз мамлакатида мислсиз бунёдкорлик, қурилиш ишларини олиб боргани, илм ва фан, адабиёт ва дин аҳлига ҳомийлик кўрсатгани ҳам уни миллат учун, ёш мамлакат учун тимсол сифатида кўрсатишга муносиб эди.

Бугун турли тарихшунослар, айниқса, Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар олимлари Амир Темур тўғрисида турли куракда турмайдиган илмий мақолалар билан чиқишаётгани, айниқса, унинг тарихий аҳамияти ва Ўзбек халқига алоқасини шубҳа остига олишаётганини кўриш мумкин. Гап Амир Темур ўзбек давлатчилиги тарихидаги ўрни ҳақида кетар экан, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Темур Ўзбекистон тарихининг ажралмас қисми, мустақиллик учун том маънодаги кураш тимсолидир.

Албатта, орадан йигирма йил ўтиб, Амир Темур тимсоли ўз олдига қўйилган вазифани уддаладими, йўқми, бу борада атрофлича фикр юритиш мумкин. Шуниси аниқки, бугун Ўзбекистон (мустақиллик) ёшлари Темур ҳақида тўлиқ ва кенг тасаввурга, ундан ғурурланиш туйғусига эга бўлишди. Бу аслида Темур ҳақиқатини тиклашнинг бош мақсади ҳам эди.

Лекин шундай бўлса-да, ўзбек зиёлилари, айниқса, тарихчилари олдида Амир Темурнинг портретини янада аниқлаштириш, унга ҳаққоний ва айни пайтда психологик баҳо бериш, уни кўр-кўрона шарафлаш, қуруқ мақташ ўрнига нафақат саркарда, балки ота, ака, эр, суюкли ёр, аскар сифатидаги ҳаётга яқин образларини яратишни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Тўғри, Амир Темур аёвсиз жанглар олиб борган, исён кўтарганларни, буйсунмаганларни аяб ўтирмаган. Бу ўрта асрлардаги саркардалар, шоҳлар учун табиий ҳолдир. Лекин Темурнинг Боязид ва унинг оиласига нисбатан бўлган муносабати юксак эътирофга лойиқдир. Айтмоқчимизки, Темур саркарда бўлган: ўлдирган, қирган. Бу тарих ҳақиқати. Қайси буюк саркарда шу ишни қилмаган?

Энг муҳими, ўзбек давлатчилиги тарихида Темур буюк мактаб, катта институт яратган. У шунинг учун ҳам Ўзбекистонда миллатнинг тимсоли бўлишга, миллий ғоянинг негизида туришга ҳақли.

SHARE