Бахтиёр Жумаев айбларини тан олмади

АҚШ федераль судида ўзбекистонлик Бахтиёр Жумаев терроризмга алоқадорлик бўйича унга қўйилаётган айбларни тан олмади. Филадельфияда муддати ўтиб кетган виза билан истиқомат қилаётган Бахтиёр Жумаев Чикаго аэропортида ҳибсга олинган Жамшид Мухторов билан ҳамкорлик қилганлиги бўйича далиллар асосида қўлга олинган эди.

Эслатиб ўтамиз, Жамшид Мухторов тегишли хорижий террорчиларга моддий ёрдам кўрсатиш ва бундай кўмакни кўрсатишга ҳаракат қилганликда айбланмоқда.

Кеча бўлиб ўтган суд эшитувида Жумаев ўз адвокати орқали расмий баёнот берган. Адвокат, ўз навбатида, айбланувчининг эҳтиёт чораси сифатида ҳисбга олинганлиги бўйича даъво киритмаган. Суд эшитуви давомида Жумаев ҳеч қандай фикр билдирмаган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Бахтиёр Жумаев қароргоҳи Покистонда жойлашган Исломий Жиҳод Иттифоқи экстремистик ташкилотига моддий ёрдам берганликда айбланаяпти. Яъни у мазкур террорчи гуруҳ сафида жангари бўлишга ҳозирланган ҳамда “у террорчилар билан бирга курашиш ҳамда зарур бўлса, ўз ҳаётини қурбон қилиш” мақсадида йўлга отланган Жамшид Мухторов билан яқиндан таниш бўлган ва у билан ҳамфикр бўлган. У Жамшид Мухторовга берган 300 доллари АҚШ ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларида шубҳа уйғотган ва шу асосда у ҳисбга олинган эди. Айни пайтда Жумаев дўстига шунчаки қарзини қайтарганини маълум қилган эди.

Жумаев ва Мухторов ишларининг мураккаблиги боис суд жараёни ойлаб давом этиши мумкинлигини айтишмоқда. Ҳозирда АҚШ федерал терговчилари уларнинг ўртасида олиб борилган суҳабтларни чуқур ўрганиб бормоқда, дейилади “Денверпост” газетаси сайтида.

Шуни алоҳида қайд этиш керак, Исломий Жиҳод Иттифоқи Ўзбекистондаги бир қатор террористик актлар учун айбланган, шунингдек, Афғонистондаги коалиция кучларига қарши уюштирилган кўплаб ҳужумлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олган. Хусусан, ушбу ташкилот аъзолари Тошкентдаги АҚШ ва Исроил элчихоналари, шунингдек, прокуратура биносида ҳудҳушлик портлашларини амалга оширганлиги қайд этилади.