“Борат” эффекти ёки “қора пиар”лар

 

Март ойининг сўнгида Кувайтда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида юз берган, илмий тил билан айтганда, инцидент дунё жамоатчилигининг нигоҳини ўзига тортди. Гап шундаки, мусобақада Қозоғистон мадҳияси ўрнига мутлақо бошқа бир куй, энг ёмони, Қозоғистон ҳукумати томонидан кескин танқид остига олинган ва кўплаб мамлакатларда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам намойиш этилиши тавсия қилинмайдиган  «Борат» фильмидан саундтрек (ёки пародия) қўйиб юборилади.

Кейинчалик аниқланишича, мусобақа ташкилотчилари давлат мадҳиясига ишланган пародияни интернетдан юклаб олган бўлиб, бу қозоқ жамияти ва ҳукуматини жуда ноқулай аҳволга тушириб қўйди, бу масалада қизғин баҳс олиб борилди. Спорт мусобақаси ташкилотчилари ушбу масала юзасидан расман кечирим сўраган бўлса-да, Қозоғистонда ушбу мавзу муҳокамаси янада кучайди.

Биз бекорга «Борат» фильми ҳақида сўз очмадик. Гарчи фильм ўта қора «юмор» билан ишланган, ҳунук ва куракда турмайдиган сюжетлар билан бойитилган бўлса-да, у экранга чиққанидан сўнг дунёда Қозоғистонга бўлган қизиқиш кескин ошган. Хусусан, ушбу фильм т
аъсирида Қозоғистонга ташриф буюрган сайёҳлар сони 6 баробарга ўсган.

Хўш, бу рақамлар мамлакатни тарғиб қилишда мана шундай усулларни қўллашни оқлайдими?

Кўпчиликка маълумки, дунё харитасида мустақил давлат сифатида пайдо бўлган Ўзбекистонни дунёда, айниқса, океанортида яхши билишамайди. Шу боис турли тадбирларда, учрашувларда Ўзбекистон ҳақида маълумот беришга, уни харитада кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Афсуски, кўпчилик чет элликларга (айниқса, уларнинг география фанидан билими ҳаминқадар бўлса) Ўзбекистонни танитиш учун юртимиз ҳақида тасаввур уйғотадиган жойни ёки иборани қўллашга мажбур бўламиз. Дейлик, «илгари СССРнинг таркибида бўлган» ёки «Афғонистон (чунки уни ҳамма билади) қўшнимиз» дея тақдимотларимизни амалга оширамиз. Бу икала ёрдамчи ўхшатишлар, афсуски, аудиторияда Ўзбекистон ҳақида дастлабки тасаввурларни беради. Яъни биринчи тарғиботимизни нотўғри тақдимотдан бошлаймиз.

Ўтган йили АҚШнинг Афғонистондаги дипломатик миссияси вакиллари Тошкентга ташриф буюришганда ўзларининг ҳайратлари яширмасдан, «Биз Ўзбекистонни бундай тасаввур қилмагандик. Чет давлатлар элчихоналари раҳбарларининг, қолаверса, маҳаллий амалдорлар (вазирлар)нинг қўриқчиларсиз, ортиқча кузатувсиз юришини кўриб, Ўзбекистонни Афғонистоннинг қўшниси, деб бўлмайди», деган эди. Уларнинг мана шундай тасаввур билан юришига, албатта, биз қилаётган турли тақдимотлар таъсир кўрсатган бўлиши турган гап.

Ўзбекистон ҳақида яна бир «қора пиар»лардан бири бугунги кунда дунё оммавий ахборотлари воситаларида, айниқса, инглиз тилида ахборотларнинг камлиги, бори ҳам бир томонлама, яъни турли «қора пиар» учун хизмат қиладиган ахборотлардан иборат эканлигидир. Буюк Британиялик таниқли олима Ширин Акинер ушбу масала ҳақида гапириб, «мен интернетдаги ахборотларни қанча титкиламайин, Ўзбекистон ҳақида ижобий тасаввурга эга бўлолмайман. Ваҳоланки, Ўзбекистонга ташрифларим чоғида интернетдаги турли ахборотларнинг тескарисини кўрганман…», деган эди.

Шу ўринда яна бир гап. Бугунги кунда дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатларида Ўзбекистоннинг дипломатик ва консуллик миссиялари иш олиб бормоқда. Минг афсуски, улар ҳам Ўзбекистон маданияти, тарихи, одамлари, бугунги куни, келажаги ҳақида етарлича ахборот ка

мпаниясини олиб бормаяпти. Ваҳоланки, ҳар бир мамлакатда исталганча тарғибот ва тақдимотларни амалга ошириш учун имкониятлар бор. Аввало, элчихоналаримиз ўша мамлакатларда таҳсил олаётган ёшларимиз, олимлар, умуман, чет элдаги ҳамюртларимизни фаол ҳамкорликка чақиришлари ҳамда улар билан баҳамжиҳат иш олиб бориши айни заруратдир.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонни бугун дунё, аввало, халқимизнинг Афғонистонга қўшни, СССР таркибида бўлгани учун эмас, балки Ўзбекистон мустақил давлат эканлиги, қарийб уч минг йиллик ўтмишга, Беруний, Фаробий, Хоразмий, Ибн Сино, Улуғбекдек буюк олимларимиз, Равшан Эрматовдек ҳакамларимиз,  Муножот Йўлчиева, Севара Назархондек қўшиқчилари, энг муҳими, катта ишонч билан ўз келажагини бунёд этаётган ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚИ билан таниши мақсадга мувофиқдир. Бунинг учун эса ҳар биримиз масъулмиз.

 

SHARE