«Бунёдкор» ўз майдонида Япониянинг «Гамба Осака» жамоасини мағлубиятга учратди

Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби ОЧЛ 4-тури доирасида ўз уйида “Гамба Осака”ни қабул қилди. Учрашувнинг 14-дақиқасида Виктор Карпенко ўнг қанотдан тўпни чап оёғи билан жарима майдони ичига ошириб берди, Камолиддин Мурзоев ҳимоячилардан илдамроқ ҳаракат қилиб боши билан рақиблар дарвозасини ишғол этди – 1:0. Таъкидлаш лозимки, бу Мурзоевнинг ушбу мавсум ОЧЛдаги 3-голи бўлди. Аммо кўп ўтмай ҳисоб тенгланшди. 20-дақиқада шеригидан тўпни қабул қилиб олган меҳмонлар вакили Шу Курата жарима майдони чизиғидан туриб берган зарбаси билан Нестеровни ожиз қолдирди – 1:1. 24-дақиқада чап қанотдан жарима майдонига ошириб берилган тўпни Такахиро Футугава дарвоза томон зарба берди, тўп дарвоза тўсинига тегиб қайтди. 29-дақиқада Сасакнинг жарима майдони ташқарисидан берган зарбаси дарвоза тўсинига тегиб майдонни тарк этди.

36-дақиқада бурчакдан ошириб берилган тўпни Мурзоев боши билан дарвозага ноаниқ тарзда йўллади. 42-дақиқада Эмиль Кенжисариевнинг чап қанотдан жарима майдонига узатган тўпини Лутфулла Тўраев боши билан олдинга чиқиб кетган дарвозабоннинг устидан ташлаб қўйди – 2:1. Жамоалар танаффусга мана шу ҳисоб билан чиқиб кетишди.

Иккинчи бўлим бошида Ян Козак тўпни дарвозага йўллади тўп ҳимоячига тегиб қайтди, қайтган тўпни Саломов дарвоза томон йўллади, зарба озгина ноаниқ кетди. 56-дақиқада чап қанотдан ошириб берилан тўпни Акихиро Сато 6 метрлардан дарвозага йўллади, Нестеров бу вазиятда ўзини кўрсатди, қайтган тўпни Такахиро Футугава яна дарвозага йўллади, яна Игнатий тўпни қайтарди. 85-дақиқада Карпенкодан тўпни қабул қилиб олган Анвар Солиев катта тезликда олдинга интилди. Дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб борган тажрибали ҳужумчи ҳисобни 3:1 кўринишига келтирди. 90+3-дақиқада бурчак тўпидан сўнг Такуя ўйиндаги якуний ҳисобни ўрнатди – 3:2.

Нодирхўжа Йўлдошев.