Гудбай, Эпика!

    “GM Uzbekistan” Ўзбекистон — Америка қўшма корхонаси 2012 йилнинг тўртинчи чорагидан Chevrolet Epica бизнес-класс седанларини ишлаб чиқаришни тўхтатади. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.
    “Ўзавтосаноат” вакилининг сўзларига қараганда, бу қарор ушбу классда янги Chevrolet Malibu автомобилининг ишлаб чиқарилаётгани муносабати билан қабул қилинган. Унинг айтишича, Ўзбекистон ички бозорида фақат битта бизнес класс русумидаги автомобилни йиғишнинг ўзи етарли.
    “Chevrolet Epica” Ўзбекистонда 2007 йилдан бошлаб йиғилади. 2011 йилда уни йиғиш Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасига ўтказилган. Шу кунга қадар мамлакатда ушбу русумда 9,5 минг дона “Chevrolet Epica” ишлаб чиқарилган бўлиб, уларнинг қарийб барчаси ички бозорда сотилган.
    Шу йилнинг февралида эса Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида “Chevrolet Malibu” русумидаги автомобилларни йиғиш йўлга қўйилди. Йил охиригача 5 минг атрофида Chevrolet Malibu тайёрланиши кўзда тутилаётир.
    Шуни алоҳида қайд этиш керакки, «GM Uzbekistan» Ўзбекистон — Америка қўшма корхонаси йилига 250 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, ўтган йили 221 445 дона машина муомалага чиқарилган.

    45 мингдан ортиқ киши амнистияга тушди

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Светлана Ортиқованинг “Озодлик” радиосига берган интервьюсига кўра¸ Сенатнинг 2011 йил декабрдаги амнистия тўғрисидаги қарори асосида 45 минг 383 киши амнистияга тушган.
    Амнистияга тушганларнинг 1958 нафарини озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташ жойларида ва тергов ҳибсхоналарида сақланаëтганларни ташкил қилади. Амнистия тўғрисидаги қарорга биноан, аëлларга, жиноят содир этган вақтда 18 ëшга тўлмаган шахсларга, 60 ëшдан ошган эркакларга ҳам амнистия қўлланилди. Жиноят содир қилгунга қадар доимий яшаш жойи республика ҳудудидан ташқарида бўлган чет давлат фуқароларига ҳам амнистия тўғрисидаги қарор қўлланилган. Эҳтиëтсизлик орқасидан жиноят содир этган, шунингдек ижтимоий хавфи катта бўлмаган ëки унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахсларга нисбатан қарорнинг иккинчи банди татбиқ этилган.
    Жазодан озод қилинган ëки жиноий жавобгарликдан озод қилинган ëки жазосини ўташ жойларидан қайтган шахсларни тиббий, моддий, ҳуқуқий жиҳатдан ëрдам бериш, уларни ишга жойлаштириш, касал бўлса, касалхонага ëтқизиш, тиббий кўрикдан ўтказиш, қўлида паспорти бўлмаса паспорт бериш, иши бўлмаса, иш билан таъминлашга алоҳида эътибор берилган.

    Ўзбекистон пахтасининг бозори чаққон

    Март ойининг бошида Ҳиндистон кутилмаганда жорий йилда пахта экспортини тўхтатишини маълум қилган эди. “Оқ олтин” экспорти бўйича дунёда иккинчи ўринда турувчи ушбу мамлакат ҳукуматининг мазкур қарори жаҳон бозорида пахта нархларининг ошиб кетишига сабаб бўлди.
    “Бу драматик ўзгариш. Дунё пахта бозоридаги вазиятни тубдан ўзгартириб юборади. Чунки ҳинд толаси бошқа мамлакатларда етиштириладиган пахтага нисбатан бирмунча арзон эди”, дейишмоқда таҳлилчилар. Ҳиндистон ҳукуматига кўра, пахта экспортига қўйилаётган тақиқ, аввало, мамлакат текстиль саноати эҳтиёжларидан келиб чиқиб, жорий этилган.
    Пахта бозоридаги ушбу вазият импортер мамлакатларни бошқа пахта етиштирувчилар билан имкон қадар тезроқ мулоқот қилишга ундамоқда. Хусусан, дунёдаги яна бир йирик пахта импорт қилувчи мамлакатлардан бири Бангладеш бизнес доираларидан иборат делегация апрель ойида Ўзбекистонга музокара ўтказиш учун ташриф буюриши кўзда тутилмоқда.
    “The DailyStar” интернет нашрининг ёзишича, Бангладеш савдо вазири бошчилигидаги делегация Ўзбекистон ҳукумати билан пахтани тўғридан-тўғри харид қилиш бўйича келишувга эришмоқчи. Манбанинг ёзишича, Бангладеш ҳозирда Ўзбекистон пахтасини европалик воситачилар орқали харид қилади.
    Маълумотларга қараганда, Бангладеш ўзининг пахтага бўлган эҳтиёжининг 40 фоизини айнан МДҲ мамлакатларидан, хусусан, Ўзбекистондан харид қилар экан. Бангладеш бизнесменлари Ўзбекистон ҳукумати билан пахтани тўғридан-тўғри харид қилишга келишиш харажатларни қисқартириш ҳамда вақтни тежашда қўл келишини қайд этишмоқда.

    Сенат Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонунни рад қилди

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати парламент Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунни рад қилди. Бу ҳақда kun.uz сайти ахборот берган. Бугун Тошкентда бўлиб ўтган парламент юқори палатасининг саккизинчи ялпи мажлисида мана шундай қарорга келинган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бундай ҳолат янги таркибдаги Сенат фаолиятида биринчи марта кузатилмоқда.
    Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг ишчи гуруҳи мазкур қонунни Президент Ислом Каримов томонидан тақдим қилинган Мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси талаблари асосида маромига етказиш кераклигини қайд этган.
    “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 14 январдаги фармойиши асосида ишлаб чиқилган. Қонун чет эл инвесторларига қўшимча имтиёзлар ва кафолатларни беришни, айниқса, юқори технологиялар соҳасига инвестиция киритишни рағбатлантиришни кўзда тутади.
    Ўзбекистон Конституциясининг 84-моддасига кўра, қонун Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзолангач ва расмий нашрларда эълон қилингач, юридик кучга эга бўлади.
    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига қайтарилади.
    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонун юзасидан Қонунчилик палатаси ва Сенат юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан тенглик асосида келишув комиссиясини тузиши мумкин. Олий Мажлис Сенати “Чет эл инвестицияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунни келишув комиссияси тузмасдан қайтаришга қарор қилган.

    Ўзбек қизининг Лондон орзуси
    Ўзбекистонлик Мафтуна Тўхтасинова Лондон Олимпиадасида иштирок этиш учун Америкада тайёргарлик кўради. У сузиш бўйича катта иқтисдорга ёшларимиздан ҳисобланади. Тошкент ихтисослаштирилган хотин-қизлар касб-ҳунар коллежи ўқувчиси бўлган ушбу 17 яшар қизалоқнинг ота-онаси 11 Олимпия медалини қўлга киритган собиқ СССР спорт устаси Игорь Шухардинга мурожаат қилишади. Шухардин, ўз навбатида, Мафтунани америкалик тренер Майк Лоэфлер билан таништириб қўяди.
    “Америкага келиш ҳамда бу ерда кучли тренерлардан сузиш бўйича сабоқ олиш бахтига муаяясар бўлганимдан”, хурсандман, дейди Мафтуна. Майк Лоэфлернинг сўзларига қараганда, у Мафтунани Олимпиада ўйинларига тайёрлаш учун барча саъй-ҳаракатларни ишга солади. “Мафтуна истеъдодли сузувчилардан”, деб эътироф қилади у, жумладан. Мафтунанинг тайёргарлик машқларини кузатиб бораётган Игорь Шухардиннинг айтишича, у ҳали Олимпия даражасидаги топ-сузувчи даражасига ета олгани йўқ, лекин у бугунги кунда жуда қаттиқ машқ қилаяпти. Бу кетишда, албатта, чиниқиб, кучли спортчи бўлиб етишади.
    Майк Тоэфлернинг айтишича, Мафтунанинг ягона мақсади — Олимпиадада қатнашиш. “Биз эса унинг келажаги учун кўпроқ эътибор қаратяпмиз. У кучли ва муваффқиятли коллеж сузувчиси бўлиши билан бир қаторда, АҚШда яхши таълим олиши мумкин”.
    Мафтуна Тўхтасинова эса ота-онасини, уйдагиларини соғинаётганини айтади. Эслатиб ўтамиз, Мафтуна 2011 йилда бўлиб ўтган “Баркамол авлод” спорт ўйинларида ўзини яққол намойиш этган эди.