Миллат келажаги учун барчамиз масъулмиз

(Газетхонга жавоб)

Яқинда таҳририятимизга газетхонларимиздан бири мактуб йўллабди. Унда шундай сўзлар ёзилган: “Капиталист дунёда капиталсиз яшаб бўлмайди. Бу ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатларидан бири. Биз, кўпчилигимиз бу заминга пул топиб, турмуш кечириш учун келганмиз. Тирикчилик дардида юрган одам учун газета нега керак?..”

Агар инсон фақат жисмдан, яъни моддиятдан иборат бўлганида, бу фикрингизни тўла қўллаб-қувватлаган бўлар эдим. Бироқ, одамзод руҳи, моҳияти, иймони, тили ва ватани билан жисмиятдан ажралиб туради. Шу боисдан ҳам дунёнинг қайси нуқтасида яшаманг, ўзлигингиз, ўтмишингиз каби миллий риштага боғланиб турасиз. Қаерда бўлманг, қалбингизнинг бир бурчи киндик қонингиз тўкилган ёки ота-бобонгиз яшаган тупроқ билан бўлади, унга интилади.

Сиз, ишончим комилки, тарихда тил, миллий ва диний маънавиятни қутқариш ёхуд асраб қолиш учун аждодларингиз олиб борган курашлар ҳақида ўқигансиз, эшитгансиз. Бу йўлда ўтмишда мислсиз қонлар тўкилган, минглаб зиёлиларнинг, миллатпарварларнинг, маърифатпарварларнинг умри, ижоди сарф бўлган.

Албатта, замонлар оша дунёқарашлар, фикрлар, мақсадлар, дунё цивилизациядаги курашларнинг шакл ва услублари ҳам ўзгариб боради. Сиз хоҳ Ватан ичида, хоҳ ташқарисида яшаманг, келажак авлодга миллий қадриятларингизни, миллатингиз меросини қолдириш барча учун омонатдир. Уни асл ҳолича ўз эгаларига — келажак ворисларга топшириш бурчингиздир. Бугунги глобаллашувнинг энг катта хавфи шундаки, катта миллатлар ёки халқлар кичик миллатларни, қадриятларни, ўзликни ютиб юборади. Биргина мисол: АҚШнинг муҳожирлар бўйича олиб бораётган сиёсати замирида одамларни ассимиляция қилишга мужассамдир. Ўзини ҳурмат қилган, ўз миллатининг бугуни ва эртаси учун қайғурган халқлар ассимиляция ўрнига интеграцияни танлашган. Яъни улар сизнинг қонун-қоидаларингизни тан оламиз, аммо ўз одатларимиз ва қадриятларимиз суяниб яшаймиз, дея ҳаракат қилишади.

Хуш, нега ўзликни сақлаб қолиш керак? “Биз Ғарб жамиятига сингиб, америкаликлар каби ҳаёт тарзини қурсак бўлмайдими?”, деб савол берувчилар ҳам бор орамизда.

Тасаввур қилинг: бу савол бизнинг ота-бобомизда бўлганида миллатимиздан асар ҳам қолмаган бўлар эди. Негаки, ҳар бир миллат ҳар қандай шароитда ҳам ўзлигини, миллий қадриятларини сақлаб қолиш учун интилган. “Туркистон” жамияти раиси Абдулла Хўжа аканинг айтган бир гаплари ҳеч ёдимдан чиқмайди: “Биз кейинги авлодда тилни йўқотдик. Охирги умидимиз ўзбек руҳиятининг сақлаб қолишдир. Майли, инглиз тилида гапирсин, аммо ўзбек руҳиятини, халқаро термин билан айтганда, “колорити”ни сақласин, кейинги авлодларга ташисин, деб ҳаракат қиляпмиз”.

Дарҳақиқат, ён-атрофга назар ташлаб, АҚШга кўчиб келган ўзбекларнинг иккинчи авлодида ўзбек тили йўқолганини кўриш мумкин. Бу нафақат биз, ўзбекларда, балки Америкада яшаётган бошқа миллатлар авлоди қисмати ҳам шу бўлди.

АҚШда камдан-кам миллатларгина ўз она тилини сақлаб қола олган. Яқинда иш туфайли бир йиғилишда яҳудий ҳамкасбим билан гаплашиб қолдим. Унинг инглиз тилида соф гапирмасди. Шунинг учун беҳосдан сиз асли қаердансиз, деб сўрадим. У АҚШда туғилиб ўсганман, деб жавоб берди. Шунда унинг инглиз тилида бошқача талаффуз билан гапириши сабабини сўрадим. У 6-7 синфгача умуман инглиз тилини ўрганмаганини, ҳозир ҳам ўз маҳалласида фақат яҳудий тилида гаплашишини айтди. Тасодифни қарангки, шу воқеадан бир неча кун ўтиб, ёши йигирмалар атрофидаги водийлик йигит телефон қилиб қолди. У салом-аликдан сўнг: “ака, узр, инглизча гапирсам бўладими”, деди. Уни яхши танимаганим учун суҳбатимизни инглиз тилида давом эттира қолдик. Суҳбат асносида у АҚШда 5-6 йилдан бери яшаётгани, фақат америкаликлар ичида яшагани учун ўзбек тилидан кўра инглиз тилида гапириш қулай бўлиб қолганини гапириб берди. Шу давр ичида қарийб 15 йиллик тил унутилиб кетаверса, ҳар бир Ватан фарзандининг юрагига тиғдай санчилмайдими?!

Бугун тараққиётни иттифоқсиз, ҳамжиҳатликсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Иттифоқчилик учун эса миллий ва диний қадриятлар ўта муҳимдир. Бу қадриятларнинг авлоддан-авлодларга софлигича ўтиб бориши учун эса, аввало, мақсад, кейин иттифоқли ҳаракат бўлмоғи керак.

Хорижда ўзбек тилида газета шунинг учун керак. “Ватандош”ни чиқаришимизнинг боиси шу, аслида.

Фарҳод СУЛТОН,
“Ватандош” газетаси муассиси.

SHARE