Озодбек Назарбеков АҚШда концерт берди

Аввал хабар қилинганидек, “Ватандош” ташаббуси билан  Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков ҳамда моҳир кулгу устаси Шукрулло Исроилов  Америкада биринчи марта “Хуш келдингиз” деб номланган концерт дастурини тақдим этди.

 

Эслатиб ўтамиз, “Ватандош” кўплаб ўқувчиларимизнинг таклиф ва мурожаатлари асосида севимли хонандамизнинг АҚШда концертини уюштиришни ният қилди. “Хуш келдингиз”, деб номланган мазкур концерт уч кун давомида Пенсильваниядаги «Самарқанд» ресторанида, Бруклиндаги «Millinuim Theatre»да ҳамда Квинсдаги (Нью-Йорк) «Da Mikielli Palace» концерт залларида бўлиб ўтади.

 

Хусусан, Пенсильваниядаги “Самарқанд” ресторанига 150 нафар ташриф буюрди.

Бруклиндаги 1500 кишилик “Millinuim Theatre”да зал гарчи тўлмамаган бўлса-да, концерт жуда катта шукуҳ, байрам руҳида ўтди, ватандошларимиз миллий руҳдаги куй-қўшиқлардан тинглашди, “чангитиб” рақсга тушишди.

Шукрулло ўз услубида “Ўзбекистондан олиб келган ҳидини” ватандошлар билан улашди, меҳмонларнинг кўнглини кўтарди.

Озодбек эса мухлисларга мурожаат қилиб, аввало, Америкадаги аудиториянинг ҳар хиллигини ҳисобга олиб алоҳида дастур қилинмаганини, балки мухлислар қайси қўшиқни айтишса, улар истаган тароналар янграшини қайд этиб ўтди. Ватан ҳақида куйлаш, Ватанни улуғлаш айнан бундай давраларда ҳақиқатга айланишини, таъсирчан чиқишини эътироф этди.

 

Мухлислар ҳам ўзлари ҳиргойи қиладиган қўшиқлар номларини айта бошлашди: кимдир “Анжанча”, деса, кимдир “Самарқандча” тароналарни айтди. Яна кимдир “Кутаман”ни сўради. Хуллас, концерт фақат йиғилганлар учун, уларнинг кечинмаларига бағишлангани кўпчиликда чуқур таассурот қолдирди. Самарқандча ош эса концерт тадбирига яна ўзгача миллийлик бағишлади.

Бир сўз билан айтганда, АҚШдаги учта жойда ташкил этилган концертда минг нафардан ортиқ ҳамюртларимиз қатнашди, бир-бири билан дийдор кўришди.

Озодбек концерт арафасида ҳар бир ҳамюртимизга Ватандан саломларни етказар экан, Америкада яшаётганларга соғлиқ-сиҳатлик, узоқ умр, Ватан муҳаббати янада мустаҳкам бўлишини тилади.

SHARE