Россия нажот маконими ёки муаммолар уясими?

Яқинда интернет манбаларида тарқатилган хабарларга қараганда, Россиядан чет элга чиқарилаётган маблағ бўйича Ўзбекистон биринчи ўринда турар экан. Хусусан, халқаро пул жўнатмалари билан шуғулланадиган молия муассасаларининг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонга Россия Федерациясидан жўнатилган маблағлар миқдори 4,3 миллиард АҚШ долларини ташкил қилар экан. Ундан кейинги ўринларни Швейцария, Тожикистон эгаллайди.

Албатта, 4,3 миллиард АҚШ доллари Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотига нисбатан ҳисоблаганда анчагина катта маблағ бўлиб, у минглаб рўзғорларда қора қозоннинг қайнашига, одамлар ҳаётини енгиллаштиришда, айни пайтда давлатга валюта оқимини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон меҳнат кучи экспортидан ўзига яраша фойда кўрмоқда.

Бироқ масаланинг иккинчи томони ҳам борки, ҳар бир юрт тақдири учун қайғурадиган, унга бефарқ бўлмаган кишини чуқур мушоҳада чорлайди…

Гап шундаки, Россия Федерациясида меҳнат қилаётган ҳамюртларимизнинг бугунги аҳволи, улар дуч келаётган муаммо ва масалалар бир қатор муаммоларнинг юзага келишига, оқибатда, келажак учун жиддийроқ чоралар кўриш ундайди.

Аввало, ҳамюртларимиз Россияда ишлаши учун ҳуқуқий асосларнинг етарли даражада ёки умуман йўқлиги боис уларнинг ижтимоий муҳофазаси савол остида қолмоқда. Айниқса, турли қурилиш объектларида ишлаётган ўзбекистонликлар бахтсиз ҳодисаларга жуда кўп дуч келаётгани, айримлари нобуд бўлаётгани ёки бир умрга ногирон бўлиб қолаётгани ўта жиддий масаладир. Биргина мисол, яқинда Москванинг «Качалова» бозорида юз берган ёнғин туфайли ўндан ортиқ киши ҳалок бўлгани, афсусланарлиси, уларнинг қарийб барчаси ҳамюртларимиз экани фикримизга яққол далилдир. Энг ёмони, бундай ҳолатлар боис ҳалок бўлаётган ҳар бир юртдошимизнинг орқасида қанчалаб қора қўзлар борлигини унутмаслик керак.

Иккинчидан,  Россияга ишлаш учун кетаётган ҳамюртларимизнинг катта қисми ёшлар бўлиб, уларнинг ҳаётий тажрибалар жуда нўноқ экани ҳам бугунги кундаги муаммолардан ҳисобланади. Негаки, ўша ёшлар ўртасида тиббий маданиятнинг етишмаслиги, ўз соғлиғига бефарқ муносабатда бўлиши натижасида совуқ ўлкадаги укаларимиз турли касалликлар билан хасталанишаётир.

Учинчидан, ҳарчанд хоҳламайлик, барибир гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, Россияда ишлаётган ҳамюртларимиз орасида қинғир йўлдан юраётган, турли майда ўғрилик, талончилик ва ҳатто одам ўлдириш ҳолатлари учраб тургани, энг ёмони, бу масала рус оммавий ахборот воситаларида қизғин муҳокама қилинаётгани ҳам рус жамиятида иммигрантларга, айниқса, ўзбекларга нисбатан қарашларнинг, фикрларнинг бузилишига олиб келаётир. Бу, албатта, маъанавий зарардир. Чунки ўзбеклар ҳатто ўрисларга ҳам мулойимлик, меҳмондўстлик, очиқлик, меҳнатсеварлик тимсоли бўлиб келган. Айрим ёшларнинг жиноий хатти-ҳаракатлари эса мана шу қарашлар ўрнида мутлақо салбий фикрларнинг шаклланишига туртки беряпти.

Юқорида санаб ўтилган муаммоларнинг барчаси нафақат бугунги куннинг, балки келажакнинг ҳам муаммоларидир. Шу боис ёшларни имкон қадар иш билан таъминлаш, Россияга кетаётган ҳар бир Ўзбекистон фуқаросига ўша давлат қонунчилиги ҳақида батафсил тушунтириш бериш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини ҳал қилиш айни заруратдир.

Умуман, бу муаммолар Россияда олиб келинаётган ўша миллиард доллардан ҳам кўра муҳимроқдир, аслида.

SHARE