Чикагода баҳор фестивали

Туркий халқлар азал-азалдан баҳорни интиқиб кутган. Зеро, баҳор нафақат янгиланиш, яшариш фасли бўлган, балки миришкорлар, зироаткорлар учун экин-тикинни бошлаш, ерга уруғ қадаш даври ҳам ҳисобланган.

Шунинг учун баҳорни қувонч билан, байрам билан кутиб олиш урф бўлган. Энг тансиқ таомлар тайёрланган, кую қўшиқлар янграган, турли ўйинлар ўтказиш одатга айланган.

Бугунги кунда ҳам ўша-ўша анъаналар сақланиб қолган. Одамлар баҳор байрамларини катта шукуҳ билан нишонлашмоқда.
Буни Чикаго яқиндаги Арлингтон-Хайтс шаҳарчасида бўлиб ўтган “Туркий халқларнинг баҳор ва болалар фестивали” мисолида ҳам кўриш мумкин. Унда турк, қозоқ, туркман, қирғиз ва бошқа миллатлар қаторида ўзбекистонликлар ҳам иштирок этишди.

Тадбирда ўзбек миллий санъати буюмлари, миллий таомлари намойиш этилди. Шунингдек, ҳар бир миллат ўз куй-қўшиқлари, миллий рақслари билан даврани қиздиришди. Айниқса, болалар учун турли туман кўнгилочар тадбирлар, ўйинлар ўтказилгани жажжи болакайларни жуда қувонтирди.

Фестивалда Иллинойс штатининг котиби Жесси Уайт иштирок этиб, тадбир иштирокчиларини қутлади.

 

Олим Шарипов,
Чикаго.

SHARE