Орол чўли: сув қуриган, кемалар қолган — очиқ музей

Шу йилнинг 5-6 май кунлари “Асрлар садоси” анъанавий маданият фестивалининг кўҳна тарихга эга, қадимий қалъаларга бой Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилишига қизғин тайёргарлик кўриляпти. Фестивалнинг асосий тадбирлари И.Савицкий номидаги Санъат музейи ва Элликқалъа туманидаги Тупроққалъа ёдгорликлари ҳудудида ўтказилади. Умуман, Қорақалпғостонликлар бундай тадбирлар мамлакатда туризмни ривожлантиришда айни муддао эканлигини айтишмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Қорақалпоғистонда туризм изчил ривожланиб боряпти. Айниқса, бир пайтлар ҳаёт қайнаган ва бугун чўлга айланиб бораётган Орол денгизи хорижликлар учун қизиқ маконга айланиб бормоқда. 2009 йилда Оролбўйига 2 минг 483 нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлса, улар 2010 йилда икки минг 500 нафарни, 2011 йилда эса тўрт минг 400 нафарни ташкил этди.

Қорақалпоғистон Республикаси сайёҳлар ва экскурсиялар бюроси раҳбари Абдуғофур Смайловнинг сўзларига кўра, бу йил Оролбўйига 6 минг нафарга яқин сайёҳ келиши кутилмоқда.

 

Қорақалпоғистонга ташриф буюрадиган ҳар бир сайёҳга еттита йўналиш бўйича ўз саёҳатини давом эттириш таклиф этилади, деб хабар беради ЎзА ахборот агентлиги. Айниқса, “Саҳролар ичра ўтмиш садолари”, “Оролга саёҳат”, “Тилаклар қудуғи”, “Ипак ипи мўъжизаси”, “Қорақалпоғистоннинг қадимий қалъалари” йўналишлари хорижлик меҳмонларга манзур бўлмоқда.

Республикада Устюрт кенгликларидаги сайғоқлар яйлови, Судочье кўли ҳамда Орол денгизининг сақланиб қолган акваториясига саёҳат уюштирилмоқда.

Сайёҳларни янада кўпроқ жалб этиш мақсадида Оролбўйининг табиий иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда янги лойиҳалар ишлаб чиқиляпти. Мисол учун, мавжуд табиий сув ҳавзаларида балиқ, ўрдак овлаш бўйича янги сайёҳлик маршрутлари йўлга қўйилмоқда. Шунингдек, “Миздакхон қалъа”, “Тупроққалъа”, “Аёзқалъа”, “Чилпиқ” каби қадимий ёдгорликлар, Амударё соҳили бўйлаб экотур ташкил этилмоқда.

Собиқ Иттифоқнинг бир томонлама олиб борилган аграр сиёсати натижасида минглаб одамлар, наботот ва ҳайвонот дунёси учун ҳаёт манбаи бўлган Орол бугун фожеали бир аҳволга келиб қолди. Гарчи Оролни аввалги ҳолига қайтариш имконсиз бўлса-да, у ерда ижтимоий инфратузилма объектларини кўпайтириш ва ривожлантириш орқали одамлар турмуш тарзини яхшилаш мумкин.

Табиатнинг кишини ўзига жалб қилувчи таровати, туялар уюри, ҳақиқий чўл тафти жуда кўпчилик, шу жумладан, хорижлик меҳмонлар учун айни муддаодир.

Оролга уюштириладиган сайёҳлик шунчаки экзотик роҳатланиш эмас, балки табиат ва инсон уйғунлигини англашга хизмат қилади, инсоннинг қанчалар ваҳший эканлигини намойиш этади. Оролбўйига қилинадиган сафарлар ҳар бир кишига сабоқ бўлади.

Ҳудудни туризм учун қулай маконга айлантириш учун қилиниши лозим бўлган ишлар жуда кўп. Социал инфратузилмани барпо этиш, чунончи, йўлларни таъмирлаш, транспорт хизматини йўлга қўйиш, меҳмонхона хизматини такомиллаштириш ва халқаро ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида рекламаларни кучайтириш шулар жумласидандир.

 

Суратларни Кирилл Тихонов олган. Турбина (с).